Спорт | 17:26 / 05.10.2023
33178
2 дақиқада ўқилади

Ҳангжоу-2022. Баҳодир Жалолов ва Абдумалик Халоков – Осиё Ўйинлари чемпионлари

Бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё Ўйинлари-2022даги иштирокини сўнгги кундаги 3та олтин медал билан якунлади. Олимпиада ва икки карра жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ютуқлари рўйхатига Осиё Ўйинлари ғолиблигини ҳам қўшиб қўйди. Яна бир боксчи Абдумалик Халоков чемпионликни қўлга киритди.

-57 кг вазн тоифасида иштирок этган Абдумалик Халоков финалда япониялик Шудаи Харадани катта устунлик билан мағлубиятга учратиб, турнир ғолибига айланди. 23 ёшли чармқўлқоп устаси яримфиналда хитойлик Динг Люни мағлубиятга учратиб, финал билан бирга Париж-2024 Олимпиадасига лицензияни ҳам қўлга киритганди.

Энг оғир вазн тоифасида (+92) юртимиз шарафини ҳимоя қилган Баҳодир Жалолов финалда қозоғистонлик принципиал рақиби Қамшибек Қўнқабоевга қарши рингга кўтарилди. Ўзбекистонлик 29 ёшли чармқўлқоп устаси бу жангда ҳам 31 ёшли Қўнқабоев устидан ғалабага эришиб, Ҳангжоу-2022 олтин медалига эга чиқди.

Баҳодир Жалолов чоракфиналда тожикистонлик Муҳаммаджон Аброриддиновни, яримфиналда эса хитойлик Байикевузи Данабиекени 1-раунддаёқ нокаут билан мағлубиятга учратишга эришган ва финал йўлланмаси билан бирга Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига эга чиққанди. 

Шу тариқа, бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Хитойдаги турнирда жами 5та медал – 3та олтин ва 2та бронзани қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Хитойдан кейинги 2-ўринни эгаллади. Спорт делегациямизнинг турнирдаги олтинлари эса 19тага, жами медаллари эса 60тага етиб, вакилларимиз умумжамоа ҳисобида 5-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид