Спорт | 23:33 / 13.10.2023
20066
4 дақиқада ўқилади

ХОҚ Олимпия дастурига бешта янги спорт турини киритди 

2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги ўйинларда мухлислар крикет, байроқли футбол, сквош, лакросс ва бейсбол/софтболни томоша қилишади. 

Фото: Getty Images

Халқаро Олимпия қўмитаси кенгаши 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги ўйинлар дастурига 5 та янги спорт турини киритди: крикет, байроқли футбол, сквош, лакросс ва бейсбол/софтбол. 

Қайд қилиш жоиз, бейсбол 1992 йилда Барселона олимпиадаси дастурига киритилган, кейинчалик жуда тор географик тарқалиши туфайли дастурдан чиқариб ташланган эди. 2028 йилда ўз ватани Америкада у яна Олимпия дастурига қайтади. 

Лос-Анжелес олимпиадасидаги янги спорт турларининг аксарияти Америка қитъасига хос. Сквош — теннисга ўхшаш, моҳиятан нафақат рақибга, балки деворга қарши ҳам ўйналади. Лакросс — Америка ҳиндулари орасида кенг тарқалган бўлиб, учига тўр жойланган таёқ ёрдамида тўпни рақиб дарвозасига ташлашдир. Байроқ футболи Америкача футболнинг енгилроқ версияси ҳисобланади, лекин унда куч ишлатиш тақиқланган. Ўйинчилар рақибнинг сонига боғланган ленталарни йиртиб ташлаш орқали уларни тўхтатиб қолишади. 

Крикетнинг дастурга киритилиши ХОҚ молиявий имкониятларини сезиларли даражада ошириши мумкин. У 1900 йилги ўйинларда ҳам дастурда бор эди, аммо дунёда етарлича кенг тарқалмагани учун Олимпия мақомини йўқотган. Ҳозир бу умуман бошқа масала: крикет Буюк Британияда ҳамон оммалашган, бироқ бир ярим миллиардга яқин аҳолига эга Ҳиндистонда жуда машҳур. Дунёнинг қолган қисми бу ҳақда кўп нарса билмайди, лекин Ҳиндистонда ҳақиқий крикет мегаюлдузлари бор. Масалан, ҳиндистонлик крикет афсонаси Вират Коҳли ижтимоий тармоқларда деярли 300 миллион обуначига эга. Спортчилар орасида фақат Криштиану Роналду (600 миллиондан ортиқ) ва Лионел Мессида (деярли 500 миллион) кўпроқ. Ҳиндистон крикет бозори шу қадар жозибалики, ХОҚ шунчаки четда қараб тура олмади. 

ХОҚ Кенгаши Олимпия ўйинлари дастурига янги спорт турларини киритиш тўғрисидаги қарордан ташқари, иккита анъанавий спорт тури – замонавий бешкураш ва оғир атлетиканинг тақдирини ҳам ҳал қилди. 

Замонавий бешкурашнинг Олимпия мақоми Токио-2021 ўйинларида юзага келган жанжал ортидан сўроқ остида қолган эди. Шу вақтда германиялик спортчи Анника Шлой мураббийи Ким Райзнер унинг Saint Boy лақабли отини юзига урди. Ҳайвон ўжарлик қилиб, тўсиқлардан ўтишдан бош тортган ва Шлой медални қўлга киритолмай қолган эди. Ким Райзнер бу қилмиши учун дисквалификация қилинди, чунки кўплаб ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотларининг ғазабини келтирди. Оқибатда, Халқаро замонавий бешкураш федерацияси (UIPM) ўз обрўсини сақлаб қолиш учун от спорти компонентидан воз кечишга қарор қилди. Мусобақанинг от спорти қисми тўсиқлардан ўтиш билан алмаштирилди. ХОҚ кенгаши ушбу ислоҳотни тўғри деб топди ва замонавий бешкурашни 2028 йилги ўйинлар дастурига киритишни тавсия қилди. 

Оғир атлетикага келсак, узоқ давом этган допинг можаролари туфайли унинг Олимпия мақоми сўроқ остида қолган эди. Бироқ ХОҚ Кенгаши Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) спортчилар томонидан тақиқланган дори воситаларини кенг қўллаш амалиётини тўхтатиш учун етарлича иш олиб борди, деб ҳисоблади. Натижада, оғир атлетика ҳам ўз Олимпия мақомини сақлаб қолди. 

Мавзуга оид