Хон-Юнис: Ғазо секторидаги қочқинлар доимий аҳоли сонидан ортиб кетган шаҳар
Хон-Юнисга одамлар оқиб келмоқда.
BBC’нинг Ғазодаги мухбири Рушдий Абу Алуф Исроил ҳарбий қўмондонлиги буйруғига бўйсунган ҳолда сектор жанубига кўчиб ўтган. Қуйида – унинг Хон-Юнис шаҳрида кўрганлари ҳақидаги ҳикояси келтирилади.
Шимолдан юз минглаб кишилар бу ерга дуч келган восита орқали етиб олмоқда — агар ёнилғи топилса машиналарда, агар топилса от ва эшак араваларда, бошқа йўли бўлмаса, пиёда.
Хон-Юнисда улар аҳоли сони бир кечада икки баробар кўпайишига мутлақо тайёр бўлмаган шаҳарга дуч келишмоқда.
Ҳар бир хона, ҳар бир бурчак, ҳар бир кўча эркаклар, аёллар ва болалар билан тўлган. Ва уларнинг боришга бошқа жойи йўқ.
ҲАМАС маълумотига кўра, сўнгги 48 соатда Ғазонинг шимолий қисмида яшовчи 1,1 миллион кишидан 400 минг нафари Исроил буйруғини бажарган ҳолда Салоҳ-ид-Дин кўчаси бўйлаб жанубга йўл олган.
Улар орасида икки кунлик озиқ-овқат захирасига эга мен, рафиқам ва уч фарзандим бор.
Кўпчилик учун Ғазодаги жангарилар Исроилда 1300 кишини ўлдирганига жавобан исроилликларнинг авиазарбалари ва бошланиши кутилаётган босқини хавфи — ҲАМАСнинг уйларини тарк этмаслик тўғрисидаги буйруғидан устун туради.
Аммо барча томондан блокланган ва ташқи дунёдан узилган ушбу тор ҳудудда ҳеч қачон қаерга бориб қолишингни билмайсан. Ва ҳеч қаерда хавфсизлик кафолатланмаган.
Ва бомбардимонлар туфайли уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган, паришон, жуда қўрқиб кетган Ғазо аҳолисининг катта қисми буёғига нима бўлишини билмаган ҳолда шу ерда, Хон-Юнисда йиғилди.
Одатда 400 минг киши яшайдиган ушбу шаҳардаги одамлар сони бир кечада бир миллионгача кўпайди. Ғазо шимолидаги аҳолидан ташқари 2014 йилги уруш вақтида жиддий жабр кўрган шарқий ҳудудлар аҳолиси ҳам шу ерга келган.
Уларнинг ҳар бири турар жой ва озиқ-овқатга муҳтож, аммо бундай ёрдам уларга қанча вақтгача керак бўлишини ҳеч ким билмайди.
Барчаси қуламоқда
Ўзи танқис ресурслар жуда тез тугайди. Хон-Юнис шусиз ҳам аллақачон ҳолдан тойганди. Қочқинлар оқими жуда катта ва барча тизимлар қулай бошлади.
Шусиз ҳам энг зарур воситалар етишмаётган асосий шифохона нафақат шимолдан келган касаллар ва ярадорларни қабул қилмоқда — энди у бошпанага ҳам айланган.
Қочқинлар йўлакларда саф тортган, шифокорлар эса Исроил бомбаларидан жабрланган янги келганлар билан ишламоқда. Атрофни ғовур-ғувур босиб кетган.
Одамларни бу ерга келаётгани учун айблаб бўлмайди.
Шифохоналар — уруш вақтида халқаро ҳуқуқ билан ҳимояланган энг хавфсиз жойлардан бири бўлади.
Қайсидир маънода, бу одамлар ҳеч бўлмаганда айни вақтда бахтиёр бўлиши мумкин.
Шифокорлар янги ярадорларнинг туганмас оқимига ёрдам бериш учун воситалар жуда оз қолганини айтади — беморларга кунига 300 мл сув берилиши мумкин. Қочқинлар учун ҳеч нарса кўзда тутилмаган.
Бошқа жойларда маҳаллий аҳоли янги келганларни қабул қилмоқда. Хон-Юнисда кўпчилик шусиз ҳам зич яшаган. Энди эса — банкадаги сардиналар каби тиқилиб.
Мен шусиз ҳам кўпчилик яшайдиган ўртача майдонга эга квартиралар 50-60 киши учун бошпанага айланганини кўрдим — лекин ҳеч ким бундай ҳолатда узоқ яшай олмайди.
Ҳозирда менинг оилам бошқа тўрт киши билан икки ётоқхонага эга квартирада яшамоқда. Бир неча метрлик шахсий ҳудуд бор, аммо мен омадимиз келди деб ҳисоблайман.
Шаҳардаги урушдан шартли равишда ҳимояланган мактаблар ҳам сон-саноқсиз оилалар билан тўлган — балки ўн минглаб, буни аниқ айтиш қийин.
Фаластинлик қочқинларга кўмак бериш агентлиги (UNRWA) томонидан бошқариладиган мактаблардан биридаги барча синфхоналар одамлар билан тўлган, ҳар бир балконда кийим иладиган арқонлар тортилган.
Оналар ва бувилар ҳовлилардаги ўриндиқларда таом тайёрлашади, уларнинг атрофида эса оч болалар сабрсизлик билан айланади.
Аммо умуман жой топа олмаган одамлар кўчалар, бурчаклар ва ерости ўтиш йўлларини эгаллаб, ифлос, чанг ва хароба жойларда ҳеч қачон келмаслиги мумкин бўлган омадни кутиб яшаш ва ухлашга мажбур.
Егулик кам, ёнилғи кам. Дўконларда сув йўқ. Омадингиз келса, сув қуйиш шохобчаларида бироз сув олишингиз мумкин. Вазият ҳалокатли даражада.
Шу билан бирга шаҳар хавфсиз деб бўлмайди. Бу ер мунтазам равишда бомбардимон қилинади — у ҳамон ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида. Бинолар вайроналари ва харобалар кўчаларга тўшалади.
Мен шифохонага яқин ҳудуддан ракеталар учирилганини эшитдим, ҲАМАС Исроил ҳудудини ўққа тутишда давом этмоқда. Бу эса очиқчасига жавоб ҳаракатига таклифдир.
Атрофдан мунтазам равишда исроилликларнинг кейинги нишонни қидираётган дронлари шовқини эшитилиб туради.
Бомбалар келиб тушади, бинолар қулайди, ўликхона ва шифохоналар одамлар билан тўлади.
Бугун тонгда менинг оилам жойлашган квартира яқинига бомба келиб тушди. Телефон алоқаси ўчирилгани ёки узилишлар билан ишлаётгани туфайли ўғлим билан боғланишимга 20 дақиқа кетди.
Бундай яшаб бўлмайди. Босқин эса ҳали бошлангани ҳам йўқ.
Мен Ғазодаги, ватанимдаги тўрт урушни ёритганман. Ва ҳеч қачон бунақа ҳолатга гувоҳ бўлмаганман.
Олдинги урушлар қанчалик қўрқинчли бўлмасин, мен одамлар оч қолгани ёки сувсизликдан ўлганини кўрмаганман. Энди эса бу реалликка айланмоқда.
Ғазодан ягона чиқиш йўли — «Рафаҳ» орқали Мисрга ўтиш – ҳали ҳам ёпиқ. Ва Қоҳирадагилар агар уни очишса, бу янги гуманитар фалокатга олиб келишини билиб турибди.
Ҳозирда ғазолик миллион қочқин Рафаҳдан 20 км масофада. Чегара назорат-ўтказиш пункти очилиши билан хаос юзага келади.
Мен бунақасини 2014 йилда ҳам кўрганман, ўшанда минглаб кишилар урушдан қочишга уринганди. Аммо бу сафар барчаси анча ёмонроқ. Мисрни айнан шу хавотирга солмоқда.
Одамлар оқими шунчаки чегарадан ўтади ва яна хаос ҳамда тартибсизлик ҳукмрон бўлади.
Яқин Шарқдаги урушнинг 11-куни. Сўнгги маълумотлар:
- ҲАМАС вакили 200-250 атрофидаги киши гаровда ушлаб турилганини тасдиқлади. Бунгача Исроил армияси гаровдагилар сони 199 киши экани ҳақида хабар берганди.
- ҲАМАС илк бор гаровдагилардан бирининг видеосини намойиш этди. 21 ёшли Миа Шем Nature Party фестивалидан ўғирлаб кетилгани, қўлидан жиддий жароҳат олгани ва Ғазо секторидаги шифохонада операция қилинганини айтган.
- АҚШ ва Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказиш борасида келишувга эришди. Музокаралар тун бўйи давом этган, уни ҳаво тревогаси туфайли тўхтатишга тўғри келган.
- 18 октябр куни Исроилга АҚШ президенти Жо Байден ташриф буюради. Қўшма Штатлар давлат котиби Энтони Блинкеннинг маълум қилишича, Байден Исроил раҳбариятидан у «тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонини минимумга тушириш ва Ғазодаги тинч аҳоли вакилларига инсонпарварлик ёрдами оқимини таъминлаш» учун нималар қилаётгани ҳақида эшитмоқчи.
- Исроил мудофаа армияси Ливан ҳудудидан террорчилар чегарани кесиб ўтишга урингани ҳақида хабар берди. ЦАҲАЛ маълумотига кўра, ҳарбийлар террорчилар портловчи қурилма ўрнатаётган жойга авиазарба йўллаб, тўрт жангарини ўлдирган.
- Ғазо секторида ҲАМАС назоратидаги ССВга кўра, ЦАҲАЛ авиазарбалари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 2750 нафарга етган, 9700 дан ортиқ киши жабрланган. Исроилда ҳалок бўлганлар сони камида 1400 киши, яна 2500 киши яраланган.
Мавзуга оид
16:58 / 19.12.2024
Сурия лагерларидан фуқароларни қайтаришда Марказий Осиё давлатлари етакчилик қилмоқда
23:42 / 08.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари: суриялик қочқинлар энди уйларига қайтиши мумкин
13:36 / 19.08.2024
Миср: Ғазода ўт очишни тўхтатиш - минтақада кескинликни бартараф этиш учун асос
11:45 / 19.08.2024