Жаҳон | 10:08 / 07.11.2023
8746
3 дақиқада ўқилади

ЖАР Ғазога ҳужумлар туфайли Исроилдан дипломатларини чақириб оляпти

Претория Ғазо секторида тинч аҳоли қурбон бўлаётганидан хавотир билдирди. Исроил жамоавий жазолаш билан шуғулланяпти, дея маълум қилди ЖАР Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. Аввалроқ Туркия ва Лотин Америкаси давлатлари Исроилдан ўз элчиларини чақириб олган эди.

Фото: ЦАХАЛ

Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти фонида ЖАР ҳукумати ўз дипломатларини бу мамлакатдан чақириб олмоқчи. «Биз... Фаластин ҳудудларида болалар ва бегуноҳ тинч аҳолининг ўлдирилиши давом этаётганидан ниҳоятда хавотирдамиз. Исроилнинг жавоби жамоавий жазо бўляпти», деди 6 ноябр, душанба куни Преторияда ЖАР ташқи ишлар вазири Наледи Пандор.

Унинг сўзларига кўра, дипломатларни чақириб олиш қайсидир мамлакатга катта зарар етказилган вазиятда «одатий амалиёт» ва бу катта ташвиш уйғотади. Пандорнинг сўзларига кўра, ЖАР расмийлари Исроил билан узоқ муддатда дипломатик муносабатларни сақлаб қолиш имкониятини муҳокама қилади.

Туркия ва Лотин Америкасининг бир қанча давлатлари Исроилдан элчиларини чақириб олди 

Аввалроқ Туркия расмийлари ҳам худди шундай қадам ҳақида эълон қилган эди. Анқара Туркия Исроилдан элчисини «маслаҳатлашувлар» учун чақириб олади, бироқ Исроил билан дипломатик алоқаларни узиш ниятида эмас, деб хабар берди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған матбуот хизмати 4 ноябр куни. Исроилнинг ҲАМАС гуруҳига қарши давом этаётган ҳарбий амалиёти фонида Эрдўған Анқаранинг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан кейинги алоқани давом эттириш ниятида эмаслигини ҳам маълум қилди. «Нетаняху энди биз гаплашадиган одам эмас. Биз уни ўчириб ташладик», деди у. 

Бундан ташқари, бир неча кун олдин Иордания ва Лотин Америкасининг бир қатор давлатлари - Боливия, Чили, Колумбия ва Ҳондурас Исроилдан ўз элчиларини «маслаҳатлашувлар учун» чақириб олди. Айни пайтда, Боливия ҳукумати Исроил билан дипломатик алоқаларни узди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид