Иқтисодиёт | 13:52 / 09.11.2023
20037
2 дақиқада ўқилади

“ИҲТга аъзо давлатларнинг муаммоси – юк ташиш тарифларининг қимматлигида” — эксперт

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар алоҳида юк ташиш тарифларга эгалиги юк ташувчи фирмалар ва логистика компанияларига қийинчилик туғдирмоқда, дейди Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Озод Танбаев.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитига мезбонлик қилмоқда. Ташкилотнинг 16-саммитида 9 та давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Озод Танбаевнинг сўзларига кўра, бу ташкилот доирасида транспорт-коммуникация йўналиши айниқса муҳим аҳамиятга эга.

“Маълумки, Трансафғон темирйўли лойиҳасини амалга оширувчи давлатлар – Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон бу ташкилотга аъзо. Ўзбекистон ушбу ташкилотдан платформа сифатида фойдаланиб лойиҳани муваффақиятли якунлаши мумкин”, – дейди Танбаев.

Унинг сўзларига кўра, ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги асосий муаммо жуда қиммат юк ташиш хизматлари ҳисобланади.

“Ҳар бир давлатнинг алоҳида [юк ташиш] тарифлари бор, бу эса юк ташувчи, логистик фирмаларга қийинчиликлар туғдирмоқда. Аъзо давлатлар келишган ҳолда стандарт бир хил қийматли тарифларни жорий қилса, юк ташишни кенгайтириш учун логистик жиҳатдан қулай шароитлар яратилса, асосий муаммо ечилади”, – дейди эксперт.

Озод Танбаев Ўзбекистон ташкилот доирасидаги давлатлар билан қўшни ёки ён қўшни давлатлар бўлса ҳам, ўзаро савдо алоқалари нисбатан жуда пастлигини таъкидлади.

“Саммитда Ўзбекистон ушбу муаммоларни ечиш имкониятига эга бўлиши мумкин деб умид қиламан”, – дейди у.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Баҳодир Абдуллаев ташкилот доирасида жуда кўп транспорт транзит коридорлари шакллангани ва ташкилот коридорлари сифатида тавсифланиши ҳақида гапирганди. У бунда Термиз-Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темирйўли ҳам долзарб эканини айтган эди.

Маълумот учун, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот бўлиб, унга 1985 йилда асос солинган. Ўзбекистон унга 1992 йилда аъзо бўлган.

Ташкилотга Марказий Осиёнинг бешта давлати, Туркия, Озарбойжон, Афғонистон, Эрон ва Покистон аъзо.

Мавзуга оид