WSJ: Россия экспорт қилинган ҳарбий техникани қайтаришга уринмоқда
Украинада ҳарбий техника бўйича йўқотишлар сабабли Россия жанговар вертолётлар учун аллақачон экспорт қилинган двигателларни қайтариб сотиб олишга уринмоқда, деб ёзади WSJ.
Россия Покистон, Миср, Беларус ва Бразилияга аввал экспорт қилган жанговар вертолётлардан двигателларни қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда - шу йўл билан Москва Украина билан урушдаги катта йўқотишлари сабабли қурол-яроғ тақчиллигини қопламоқчи, деб хабар берди The Wall Street Journal.
«Россия қурол савдосини ривожлантириш учун ўнлаб йиллар сарфлади. Энди руслар яширинча ўз мижозларига қайтиб, сотган нарсаларини қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда», - дейди нашр манбаларидан бири.
Шу тариқа, ўтган баҳорда Россия расмийлари делегацияси Қоҳирага ташриф буюриб, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисидан Россиянинг Ми-8 ва Ми-17 вертолётлари двигателларини қайтаришни сўраган. Уч манбанинг WSJ'га айтишича, Миср бунга рози бўлган ва 150 га яқин вертолёт двигателларини етказиб бериш декабр ойида бошланиши мумкин. Қоҳира расмийлари WSJ'га бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.
Нашрнинг ёзишича, Россия расмийлари, шунингдек, аввалроқ Покистонга сотилган Ми-35М жанговар вертолётларидан камида тўртта двигател сўраган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай сўров олинганини рад этди. Москва Бразилиядан Ми-35М'дан яна 12 та двигател сотиб олишга уринган. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги бу сўровни бажаришдан бош тортганини, чунки уришаётган томонлардан бирига қурол-яроғ юборилишига қарши эканини билдирди. Бундан ташқари, Беларус ҳукумати Москвага Ми-26 оғир вертолётлари учун олтита двигателни сотишга рози бўлди, деб ёзади WSJ манбаларга таяниб.
Арманистон учун мўлжалланган қуроллар Украина билан урушга юборилган
Бошқа ҳолларда, Россия Украинадаги жангларни давом эттириш учун қурол экспорти бизнесини қурбон қилди: масалан, Ҳиндистон ва Арманистон учун мўлжалланган қуроллар фронт чизиғига йўналтирилди, деб ёзади WSJ.
Арманистон, хусусан, «Град» ва «Ураган» каби бир нечта ракета тизимлари учун оз миқдордаги ўқ-дориларни олди, дейилади материалда. Натижада сентябр ойида Озарбойжон Тоғли Қорабоғда махсус операция ўтказганида арман кучларида қурол-яроғ етишмовчилиги кузатилди.
Мавзуга оид
11:08 / 10.12.2024
2015 йилдан бери Сурияда 540 нафардан ортиқ Россия ҳарбийси ҳалок бўлди
21:19 / 09.12.2024
Украина расмийлари Telegram иловасидан фойдаланишни камайтирди – ОАВ
18:06 / 09.12.2024
«Мен ва Путин» - Туркия президенти дунёда фақат икки етакчи қолганини айтди
16:51 / 09.12.2024