Жаҳон | 20:57 / 10.11.2023
14561
10 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги уруш: содир этилаётган ҳарбий жиноятларга қонун нима дейди?

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк ҲАМАСнинг 7 октябр куни Исроилга ҳужумидан сўнг ҳар икки томон ҳарбий жиноятларга қўл урганини таъкидлади.

Ғазонинг катта қисми Исроил бомбалашлари оқибатида вайронага айланган

Унинг сўзларига кўра, Фаластин қуролланган гуруҳлари томонидан 7 октябр куни содир этилган хунрезликлар ва тинч аҳоли вакилларини гаровда ушлаб туришда давом этиш ҳарбий жиноят саналади.

«Исроил томонидан Фаластин фуқаролари коллектив жазоланиши ҳам, тинч аҳолини мажбурий эвакуация қилиш ҳам ҳарбий жиноят саналади», — дея ўзининг Исроилга бўлган позициясини шарҳлаган Турк.

ҲАМАС томонидан назорат қилинадиган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроил бомбалашлари натижасида ўтган бир ой ичида 10 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган.

Бу рақамлар ишончлилигини мустақил текшириб кўриш айни пайтда имконсиз.

Хўш, халқаро ташкилотлар, трибуналлар томонидан қораладиган ва жазога тортиладиган халқаро жиноятлар нима? BBC бу борада экспертларни саволга тутди.

Халқаро гуманитар ҳуқуқ нима?

БМТдагилар ҳар қандай можарода тинч аҳолини ҳимоя қилиш устувор бўлиши, жанг қилаётган ҳеч бир томон бу принципни бузмаслиги кераклигини эслатади.

Мана шу халқаро гуманитар ҳуқуқ дегани — халқаро ҳуқуқий меъёрлар ҳамда урушни олиб бориш усуллари ва воситаларининг халқаро экспертлар томонидан ишлаб чиқилган мажмуи.

«Ушбу қоидалар томонлардан бири томонидан қўпол равишда бузилиши иккинчи томонннинг шундай ҳаракатларини асло оқламайди», — дейди Тара Ван Ҳо, Буюк Британия инсон ҳуқуқлари бўйича маркази Эссекс юридик мактаби доценти.

Худди шунингдек, Исроил ва ҲАМАС кучлари орасида номутаносиблик томонлардан бирининг мажбуриятини ўзгартирмайди, дея давом этган Ҳо.

Урушни олиб бориш қоидалари можарога жалб этилган барча давлатлар ва томонлар учун бир хил. Фото: Getty Images

Женева конвенциялари нима дейди?

1939-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши даврида Европа бўйлаб олти миллион яҳудий ўлдирилиши, бошқа миллат ва ижтимоий гуруҳларга нисбатан геноцид, шунингдек, ҳарбий асирларнинг ҳуқуқлари урушга жалб этилган барча томонлар тарафидан поймол этилиши урушдан кейинги дунёни аввалги уруш қоидаларини қайта кўриб чиқишга мажбурлайди.

1945 йилда тузилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1929 йилдан буён амалда бўлган иккита халқаро келишувни қайта ишлаб кенгайтирди ва бир қатор янги келишувларни қўшди.

Бу ҳужжатларнинг умумлашмаси Женева конвенциялари деб аталади ва 1949 йилда расман қабул қилинган.

Улар тўртта асосий принципни ўзида бирлаштиради:

  • Жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган зоналарда тиббиёт персонали ва шифохоналар ҳимояланган ва эркин фаолият кўрсатиш имконига эга бўлиши керак;
  • Ярадорлар ва сафдан чиққан ҳарбий хизматчилар тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга;
  • Ҳарбий асирларга инсоний муомалада бўлиш шарт;
  • Жанг қилаётган томонлар фуқаролардан иборат аҳолини ҳимоя қилиши керак (бунда энергия ва ичимлик сув таъминоти каби фуқаролик инфратузилмасига зарба бериш тақиқланади).
Освенцимда бошқа нацист концлагерларига нисбатан, эҳтимол, жаҳон миқёсида энг кўп тутқунлар ўлдирилган. Фото: Getty Images

Геноцид белгилари қанақа?

Термин Ҳолокост даврида ўз оила аъзоларининг катта қисмидан айрилган полшалик яҳудий, юрист Рафаэл Лемкин томонидан ўйлаб топилган.

1948 йилда БМТ Геноцид тўғрисидаги конвенцияни қабул қилди.

«Геноциднинг бош белгиси жиноятчилар ҳарбий ёки тинч аҳоли бўлган алоҳида инсон ёки шахслар гуруҳини уларнинг ўзлигига қараб ўлдиришни ўйлашади», — дейди Тара Ван Ҳо.

Унинг сўзларига кўра, геноцид — исботлаш энг қийин бўлган ҳарбий жиноятдир, чунки ниятни исботлаш жуда қийин.

Геноцид нафақат ўлдиришни, шунингдек фарзанд кўришни чеклаш ва болаларни мажбурий кўчиришни ҳам ўз ичиига олади.

Руандалик Жан-Пол Акайесу геноцид учун маҳкамага тортилган тарихдаги энг биринчи инсон бўлди. Ҳукм геноцид тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан 50 йил ўтиб ўқилди. Фото: Getty Images

Руандалик этник ҳуту Жан-Пол Акайесу 1994 йилда тутсиларнинг оммавий қирғин қилиниши учун геноцид тўғрисидаги қонунга кўра жазоланган илк одам бўлди.

Ўшанда тутси қабиласига мансуб 800 мингдан зиёд инсон қириб юборилган.

1998 йил сентябрида Руанда бўйича махсус тузилган халқаро жиноий трибунал Акайесуни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бундай трибуналлар 1970-йилларда этник озчилик бўлган чам ва виетнамликларга нисбатан қизил қхемерлар геноциди иши ва Босниянинг Сребреницасидаги 1995 йилдаги мусулмонлар қирғини бўйича ҳам бўлиб ўтган.

Ўшанда Серб республикаси армияси генерал Ратко Младич қўмондонлигида 8 мингдан зиёд босниялик мусулмонлар – катта ёшли эркаклар ва ўсмир ёшидаги ўғил болаларни ўлдирган.

Инсониятга қарши жиноят нима?

Геноциддан фарқли ўлароқ, бу жиноятлар этник мансублигидан қатъи назар, фуқаролик шахсларига нисбатан қаратилган бўлади. Унинг таркибига қотиллик, депортация, қул қилиш, жинсий зўравонлик, апартеид, қийноқ ва одам ўғирлашлар киради.

Одатда бундай жиноятлар маълум бир ташкилотчиликни талаб қилади — қоида тариқасида булар кенг қамровли ва кўпинча тизимли акциялар бўлади, дейди британиялик юрист Тара Ван Ҳо.

БМТ алоҳида комиссияси аниқлашича, Мянма армиясининг роҳингя этник озчиликларига нисбатан ҳаракатларини геноцид деб таснифлаш мумкин. Фото: Getty Images

Ҳарбий жиноят нима?

Ҳарбий жиноятларга халқаро ёки ички қуролли тўқнашувлар асносида қўл урилади.

«Ҳарбий жиноятларнинг турли шартномаларда қайд этилган узун рўйхати бор. Умумий характерли жиҳати — уларнинг барчаси ҳимояга муҳтож инсонларга оқлаб бўлмас зиён етказади ва гуманитар ташкилотларнинг нормал ишлашини таҳдид остида қолдиради», — дейди Ван Ҳо.

Бу жиноятлар қандай таъқиб қилинади?

Ҳар қандай давлат ҳукумат ёки жамоат ташкилотлари даражасида БМТ Халқаро судига даъво аризаси киритиши мумкин. Давлатлар шунингдек, алоҳида шахсларнинг жиноятларини тергов қилиш учун Халқаро жиноят суди (ХЖС)га ҳам мурожаат қилишади.

Айни пайтда БМТ Халқаро суди Гамбия томонидан Мянмага қарши қўзғатилган даъво аризасини кўриб чиқмоқда.

Суд Мянма ҳарбийлари 2017 йилда роҳингя мусулмонларига қарши геноцид актини содир этган-этмаганини аниқлаб бериши керак. БМТ махсус комияссияси аллақачон ўз хулосасини берган ва унда Мянманинг ҳаракатлари геноцид деб таснифланган.

Мянмадаги ҳарбий диктатура чоғида қатағонлар ва таъқиблар натижасида юзлаб роҳингялар ўлдирилган, миллиондан ортиқ киши ўз турар жойларини ташлаб хавфсизроқ ҳудудларга кўчишга мажбур бўлишган.

Халқаро жиноят суди бош прокурори Карим Хон Исроилни Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва Женева конвенциялари шартларига риоя қилишга чақирмоқда. Фото: ICC

Халқаро жиноят суди 2002 йилда тузилган. Бу сўнгги инстанциядаги суд бўлиб, миллий ҳукуматлар суд таъқибини амалга ошира олмаса ёки оширишни истамаса вазиятга аралашади.

ХЖСга мурожаат қилиш ва унинг қарорларини бажариш учун мамлакат унга аъзо бўлиши керак, бунинг учун давлат Рим статутини ратификация қилиши лозим.

АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Исроил ҳужжатни ратификация қилишмаган. Фаластин мухторияти келишувга 2015 йилда қўшилган.

ХЖС бош прокурори Карим Хон яқинда Мисрга борди, лекин Ғазо сектори ҳудудига кира олмади.

Матбуот анжуманида у Исроил ҳарбийларини огоҳлантирган.

«Улар айбсиз тинч аҳолига тааллуқли ва фуқаролик объектларига бераётган ҳар бир зарбаси уруш одатлари ва қонунларига мувофиқ олиб борилаётганини намойиш этишлари лозим бўлади», — деган у.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳар бир турар жой, ҳар бир мактаб ёки шифохона, черков ёки масжидга — халқаро ҳуқуқ ҳимояси остида бўлган ҳар қандай объектга берилган зарбага тааллуқли.

7 октябр куни Исроилда давлат ташкил этилганидан буён энг катта қўпорувчилик ҳаракати амалга оширилди. Фото: Getty Images

ҲАМАСнинг исроиллик қурбонлари гарчи уларнинг давлати суд юрисдикциясига бўйсунмаса ҳам Халқаро жиноят судига тергов бошлаш учун мурожаат қилишган.

Тел-Авив остонасидаги Райҳман университети ўқитувчиси, халқаро жиноят ишлари бўйича юрист Яэл Виас Гвирсман яқинлари ўлдирилган, гаровга олинган ва бедарак йўқолган 40 дан ортиқ оила манфаатини кўзлаб ҳаракат қилмоқда.

Юрист аёл ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» ҳаракатлари инсониятга қарши жиноят дея топилиши лозим, деб талаб қилмоқда.

«ХЖС ўз мандатини бажарсин. Қурбонлар ҳақиқат ва адолат тантана қилишига муносиб», — деган у BBC’га ўз шарҳида.

Камида 240 киши, жумладан, қариялар ва ёш болалар ҲАМАС томонидан олиб кетилган тутқунликда яшашмоқда. Фото: Getty Images

«Тергов-суриштирув бошлашда ХЖС учун жиддий тўсиқ шундан иборатки, керакли ахборотлар давлатнинг ўзида ёки қуролли гуруҳларда жамланган ва улар ўз ихтиёри билан ҳеч қачон уни тақдим этишмайди», — деган Тара Ван Ҳо. 

Мавзуга оид