Ўзбекистон | 14:55 / 13.11.2023
6772
8 дақиқада ўқилади

Uzbekistan GTL: Истиқболли корхона дунёни забт этиш йўлида одимламоқда

2022 йилнинг бошидан ишга туширилган Uzbekistan GTL заводида бугунги келиб табиий газдан энг экологик тоза ёнилғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Завод ишлаб чиқараётган ёнилғидан сайёрамизнинг энг совуқ ўлкаларида ҳам бемалол фойдаланиш мумкин.

Шу сабабли дунёда атига бештадан биттаси бўлган бу завод маҳсулотлари секин-аста Европа ва Шимолий Америка давлатларини забт этмоқда.

Қашқадарёнинг Ғузор туманида жойлашган, президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган муҳташам завод ҳудудига ўтказилган пресс тур давомида бош директор Алишер Баҳодировнинг ўзи заводдаги ишлаб чиқариш жараёни ва келгусидаги режалар ҳақида гапириб берди.

Uzbekistan GTL бош директори Алишер Баҳодировнинг ҳикоя қилишича, айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисмини GTL дизел ёнилғиси ташкил этмоқда. Шунингдек, ҳозирча мамлакатимиз эҳтиёжлари учун GTL авиакеросини, нафта ва бошқа маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Европага Қозоғистон, Россия ва Эстония йўналишида бошламасига темирйўл орқали маҳсулот экспорт қилиб кўрилган. Энди эса Ўрта йўлак — Туркманистон ундан Каспий денгизи орқали Озарбойжон ва Гуржистон орқали Қора денгиз бўйлаб Ғарб давлатларига ойига 30 минг тоннагача маҳсулот экспорт қилиш йўлга қўйилмоқда экан.

Қайд этиб ўтиш керак, Завод Шўртан газ конлари ҳудудида қазиб олинаётган газни чуқур қайта ишлаш мақсадида барпо этилган. Бу ердаги газ захиралари яна бемалол 25 йилга етиши ҳисоблаб чиқилган.

Заводнинг ёнгинасида жойлашган «Шўртан» газ-кимё мажмуасида газ фракцияларга ажратилгач, энг тоза метан Uzbekistan GTLга йўналтирилади. Бу ерда синтез қилиш йўли билан сунъий дизел, сунъий авиакеросин, нафта ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Завод ишлаб чиқарган маҳсулот олтингугурт ва бошқа қўшимчалардан тўлиқ тозалангани боис уларнинг ранги сувдек шаффоф бўлади ва ҳиди ҳам бўлмайди. Шу сабабали, жуда совуқ ҳароратларда ҳам қуйилиб, қотиб қолмайди.

Бизга ҳикоя қилиб беришларича, заводда ёзги, қишки ва арктик дизел ишлаб чиқарилмоқда. Ёзги дизел –5 даража фойдаланиш мумкин бўлса, қишки дизел –32 даражагача қотиб қолмайди, Арктик дизел эса –55 даража ҳароратга ҳам дош беради.

Биз заводнинг лабораториясида ҳам бўлдик. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар пайдар-пай текширилиб, белгиланган сифатга мувофиқлиги синовдан ўтказилиб турилади.

Намуналарни чақнаш нуқтасини аниқлаш ва энг совуқ ҳароратда қотиб қолмаслигини синовдан ўтказиш 45 дақиқа талаб қилар экан. Синовдан ўтаётган намуна –38 даража ҳароратга дош бераётганининг гувоҳи бўлдик. Олдинги синов эса –58 даражада тўхтатилган.

Айни пайтда завод тўхтамасдан икки сменада фаолият кўрсатмоқда. Унда 1000 нафар ходим ишламоқда. Уларга 4 маҳат бепул иссиқ овқат берилади. Заводга ташиш учун транспорт қатнови йўлга қўйилган. Автобуслар ҳам шу заводда ишлаб чиқарилаётган дизелдан фойдаланар экан. Энг қизиғи 130 гектардан ортиқ майдонни қамраб олган завод ҳудудида ишчилар велосипедлар ёрдамида ҳаракатланишар экан, бунинг учун алоҳида велойўлаклар ҳам қуриб қўйилган.

Завод мутлақо чиқитсиз ишлайди. Ҳаттоки ҳосил бўлган қайноқ буғ бекорга кетмайди. Буғ шу ердаги турбиналарга йўналтирилади ва 86 MW электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса завод истеъмол қилаётган қувватдан ошади. Ортиқча энергия қолган истеъмолчиларга йўналтирилар экан.

Шуниси эътиборлики, президентимизнинг яна бир узоқни кўзлаган эзгу ташаббуси билан завод кимё-технология соҳасида мутахассис етиштираётган олий таълим муассасалари билан таълим кластерига бирлаштирилган.

Uzbekneftgaz ва Uzbekistan GTL билан иккинчи йилдирки, мана шундай олийгоҳлардаги энг фидойи ўқитувчилар аниқланиб, уларга рағбатлантириш сифатида пул мукофотлари топшириб келинмоқда. Овоз бериш жараёнига ректорлар аралашмайди. Талабаларнинг ўзи ижодкор, ўз касбини севадиган ва билим берадиган ўқитувчиларни аниқлаб беришмоқда.

Завод мажлислар залида ана шундай ўқувчичиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов ва Uzbekistan GTL бош директори Алишер Баҳодиров 13 нафар ўз касбига фидойи ўқитувчига мукофотларни топширишди.

Ушбу ўқитувчилар таълим бераётган ёшлар келгусида нефт ва газ ишлаб чиқариш соҳаси, хусусан заводга ишга қабул қилинади. Чунки нефтгаз-кимё саноати иқтисодиётимиз локомотивлари ҳисобланади. Келгусидаги лойиҳаларга етук кадрларни тайёрлаб бориш, уларни амалиётда тажрибасини ошириш ҳам соҳа стратегиясидан бири қилиб белгиланган.

Журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида бош директор Алишер Баҳодиров яна саволларга жавоблар берди. Хусусан корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот нега Афғонистондан қайтарилгани, маҳсулотни ўтказиш қийинчиликлари, завод нега ҳозирча ярим қуввати билан ишлаётгани, унинг ишлаб чиқаришдаги бир қисми Америка компаниясига сотилгани, келгусида яна қандай лойиҳалар амалга оширилиши ҳақида гапириб берди.

Заводда ишлаб чиқарилаётган дизел нархи ички бозорда бир йил ичида қарийб 2 баробарга арзонлашгани қайд этилди. Дастлабки савдоларда биржада бир тонна GTL дизел нархи 15,5 млн сўмгача чиқиб кетган бўлса, бугунги кунга келиб нархлао 9,5 сўм атрофида барқарорлашган. Баҳодировнинг айтишича, дизел ёнилғиси борасида монополия мутлақо йўқ, хорижий давлатлардан ҳам нефтдан олинувчи дизел ёнилғилари бемалол республикамизга кириб келмоқда, нархларни эркин бозор шакллантирмоқда. Айни пайтда дизелга ички бозорда ҳам талаб ошган. Айниқса, кон-металлургия комбинатлари ва фермер хўжаликларнинг транспорт воситалари учун.

Авиакеросин эса IATA стандартидан ўтган. Лекин тўлиқ сунъий авиакеросиндан фойдаланиб бўлмайди, шу сабабли нефтдан олинувчи авиакеросинга 50/50 нисбатда аралаштирилади. Шу ҳам ёнилғи сифатининг кескин ошишини таъминлайди.

Афғонистондан маҳсулот қайтгани эса, бундай сифатдаги дизел учун стандарт ҳали Афғонистонда амалда эмаслиги билан тушунтирилди. GTL дизелни Афғонистонга заводнинг ўзи эмас, хорижий трейдерлардан бири ўтказган. Афғонистонда мавжуд стандартларда бундай ёнилғи кўрсатилмагани, улар бундай маҳсулотга илк бора дуч келиб туришгани учун, шубҳаланиб маҳсулотни қайтаришган. Кейинроқ Афғонистон тандарт агентлиги вакиллари заводга келишган ва маҳсулот билан яқиндан танишишган. Энди келгусида агар талаб бўлса, монеликсиз бу давлатга ҳам GTL дизелини экспорт қилиш мумкин бўлади.

Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот учун янги истеъмол бозорларини топиш ва кенгайтириш бош вазифа бўлиб турибди. Бунинг учун, юқорида таъкидланганидек, маҳсулотни янги йўналишда жаҳон бозорларига экспорт қилиш йўлга қўйилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Uzbekistan GTL нефтгаз саноати соҳасида энг сўнгги муваффақиятли лойиҳалардан бири саналади. Бу ерда сифатли маҳсулотгина ишлаб чиқариш билан чекланмасдан, сифатли кадрлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилгани унинг давлатимиз тараққиётига қўшаётган энг катта улушларидан бири дейиш мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид