Жаҳон | 16:21 / 18.11.2023
6520
3 дақиқада ўқилади

ЖССТ: дунёда қизамиқдан ўлим ҳолатлари йил давомида 1,5 баробар ошди

Бутун дунёда эмлаш қамровининг камайиши туфайли қизамиқ билан касалланиш ва ўлим даражаси сезиларли даражада ошиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шу ҳақда огоҳлантириш билан чиқди.

Фото: Fotolia

2022 йил охирида, қизамиққа қарши эмлаш қамрови кўп йиллар давомида пасайганидан сўнг, ушбу вирусли касаллик билан касалланганлар сони 18 фоизга, инфекциядан вафот этганлар сони эса 43 фоизга ошди (2021 йилга нисбатан). Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг 16 ноябр, пайшанба куни чоп этилган янги қўшма ҳисоботида айтилади

Хабарда айтилишича, касалланганлар сони «9 миллион киши, ўлимлар эса 136 минг кишини ташкил этмоқда, уларнинг аксарияти болалар». Ҳисобот муаллифлари ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда касалликнинг кенг миқёсли авж олиши 37 та давлатда содир бўлган, бир йил олдин 22 давлатда кузатилганди.

«Қизамиқ эпидемияси ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши ҳайратланарли, аммо афсуски, сўнгги йилларда эмлаш даражасининг пасайишини ҳисобга олинса, бу кутилмаган ҳодиса эмас», деди Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказларининг Глобал эмлаш идораси директори Жон Вертефей.

ЖССТ барча болаларни қизамиққа қарши эмлашга чақиряпти

Ҳисоботда қайд этилишича, эмлашнинг энг паст кўрсаткичлари, атиги 66 фоиз, қизамиқдан ўлим хавфи юқори бўлган кам даромадли мамлакатларда сақланиб қолган. 2022 йилда бундай вакцинанинг биринчи дозасини ўтказиб юборган 22 миллион боланинг ярмидан кўпи бор-йўғи 10 та давлатда яшайди: Ангола, Бразилия, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Ҳиндистон, Индонезия, Мадагаскар, Нигерия, Покистон ва Филиппин. 

«ЖССТ мамлакатларни эмланмаган болаларни аниқлашга ва барча болаларни қизамиқ ва вакцинация орқали олдини олиш мумкин бўлган бошқа касалликларга қарши эмлашга чақиради», дейилади қўшма ҳисоботда. Ташкилот бутун дунё бўйлаб манфаатдор томонларга аҳолининг энг заиф қатламларини эмлашни тавсия қилди. 

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази ҳамда ЖССТ Қизамиқ ва қизилча билан курашиш бўйича шерикликнинг асосчилари ҳисобланади. У ушбу икки касалликнинг тарқалишини тўхтатиш бўйича глобал ташаббусдир.

Мавзуга оид