Ўзбекистон | 14:25 / 30.11.2023
8010
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда фуқаронинг банк картасидан 250 млн сўм ўғирлаган шахслар ушланди

Ҳозирда уларнинг фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Getty Images

Тошкент шаҳрида фуқаронинг банк картасидан катта миқдордаги маблағни ўғирлаган уч нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшовчи 38 ёшли Г.О. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 250 млн сўм маблағ номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини билдирган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Яшнобод туманида яшовчи 26 ёшли Н.Г., Андижон вилояти, Жалақудуқ туманида яшовчи 18 ёшли Т.Х. ҳамда Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 26 ёшли И.М. содир этганлиги аниқланган.

Н.Г. жабрланувчининг қўл телефонига қўнғироқ қилган ҳамда ўзини Click оператори сифатида таништириб, СМС хабарнома юбориш орқали банк картасининг бошқарув ҳуқуқини қўлга киритган. Сўнгра картадан жами 250 млн сўм миқдоридаги пулни ўтказиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми банди билан Н.Г., Т.Х. ва И.М.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда уларнинг фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид