Жаҳон | 21:48 / 04.12.2023
11296
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага ёрдам бериш учун ресурслар тугаётганини маълум қилди – ОАВ 

Ёрдам борасида келиша олмаслик «Киевни жанг майдонида тиз чўктириши» ва Украинанинг мағлуб бўлиш эҳтимолини ошириши таъкидланмоқда. 

Фото: Sergei Spinsky/AFP/Getty Images

Агар Конгресс президент Жозеф Байден маъмуриятининг қўшимча маблағ ажратиш сўровини маъқулламаса, Қўшма Штатларда йил охиригача Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш учун маблағ етишмай қолади. Бу ҳақда Оқ уй бошқарув ва бюджет бўлими директори Шаланда Янг сўзларига таяниб, Bloomberg хабар берди. 

«Бу муаммони ҳал қилишга ёрдам берадиган сеҳрли таёқча йўқ. Пулимиз тугаб қолди ва вақтимиз ҳам деярли йўқ», деди Янг. 

Янг сўзларига кўра, қўллаб-қувватлаш борасида келиша олмаслик «Киевни жанг майдонида тиз чўктиради» ва Украинанинг мағлуб бўлиш эҳтимолини оширади. Президент маъмурияти шу ҳафтада 2023 йил охиригача маблағ ажратишдан бош тортиш оқибатлари ҳақида қўшимча маълумот бериши кутилмоқда, деб таъкидлади нашр. 

Октябр ойи охирида Байден Конгрессга Украинага 61,4 миллиард доллар, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича сўров юборган эди. 

Бироқ, Конгрессда Киевга кўрсатилаётган ёрдам ҳажми борасида келишмовчиликлар юзага келган. Оқ уй ва Пентагон Украинани қўллаб-қувватлаш учун ресурслар деярли тугаб қолгани ҳақида бир неча бор хабар берган. 

Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар Европа Иттифоқида ҳам кузатилмоқда. 4 декабр куни Financial Times нашри юқори мартабали европалик мулозимига таяниб, бир неча ой олдин ваъда қилинган 50 миллиард евролик ёрдам пакети бўйича Европа Иттифоқи давлатлари ҳалигача келишувга эриша олмаганини хабар қилди.

Мавзуга оид