Тадқиқот: Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга
18-64 ёшдаги аҳоли ўртасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, уларнинг ярми оғир вазнли, 20 фоизи эса семиз экани аниқланди. 46 фоиз аҳолининг қонида холестерин миқдори ошган.
Санитария-эпидемиология қўмитаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда Ўзбекистоннинг 18-64 ёшдаги аҳолиси ўртасида ўтказилган тадқиқот натижаларини эълон қилди. Тадқиқот қандай ҳудудларни қамраб олгани ва унда неча киши иштирок этгани очиқланмаган.
Тадқиқот натижаларига кўра, республика аҳолисининг ярми оғир вазнли, 20 фоизи эса семиз. Ҳар куни аҳолининг учдан икки қисми (67 фоиз) етарли миқдорда (400 граммдан кам) сабзавот ва мевалар истеъмол қилади.
46 фоиз аҳолининг қонида холестерин миқдори ошган. Аҳолининг ўртача туз истеъмоли кунига 14,9 граммни ташкил этади. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган миқдордан 3 баравар кўп (кунига 5 граммдан ошмаслиги лозим) деганидир.
Санэпидқўмитанинг қўшимча қилишича, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишдан ортда қолиш, катталарда эса юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади.