Ўзбекистон | 14:19 / 05.12.2023
15782
2 дақиқада ўқилади

“Йил имоми – 2023” кўрик танлови ғолибига Ҳаж сафари йўлланмаси берилди

Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан ўтказилган танловнинг республика босқичида Тошкент шаҳридаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби Исроилжон Исмоилжонов ғолиб бўлди. Кейинги ўрин эгалари пул мукофоти билан тақдирланди.

5-декабрь куни Ўзбекистондаги масжидларда фаолият юритаётган имом-домлалар ўртасида “Йил имоми – 2023» кўрик танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом-домла беллашди.

Мусулмонлар идорасининг хабар беришича, иштирокчилар Қуръони карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволларга жавоб берган. Шунингдек, имомлар меҳнат фаолиятлари давомида амалга оширган ишлари ва ижодларини намойиш этди. Қатнашчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан мезонлар асосида баҳоланди.

Танлов натижаларига кўра, қуйидаги иштирокчилар совринли ўринларга муносиб топилди:

1-ўрин – Тошкент шаҳридаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилжоновга I даражали диплом ва Ҳаж сафари йўлланмаси;

2-ўрин – Андижон вилоятидаги “Мирзахолиқ ота” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадийхон домла Ҳожиевга II даражали диплом ва 15 млн. сўм пул мукофоти;

3-ўрин – Самарқанд вилоятидаги “Шайх Худойдод Вали” жоме масжиди имом-хатиби Анвар домла Аҳмедовга III даражали диплом ва 12 млн. сўм пул мукофоти топширилди.

Мавзуга оид