Жаҳон | 11:44 / 18.12.2023
5317
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: 900 дан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчи касалхоналарни судга берди

«Вестка» маълумотларига кўра, Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан буён 900 дан ортиқ ҳарбий хизматчи жароҳатлар ва хизматга лойиқлик тоифаларини ошириб кўрсатишдан бош тортган шифохоналардаги тиббий комиссиялар қароридан шикоят қилган.

Фото: Sergei Malgavko/Tass/picture alliance

«Верстка» нашри маълумотларига кўра, Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан буён 900 дан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчи шифохоналар устидан даъво аризаси билан мурожаат қилган. Улар тиббий муассасаларнинг ҳарбий хизматни давом эттириш учун жароҳатлар тўғрисидаги маълумотнома беришдан бош тортгани ва яроқлилик тоифаларини ошириб кўрсатаётганидан шикоят қилмоқда, деб ёзади «Верстка» гарнизон судларининг 2022 йил мартидан 2023 йил декабригача бўлган статистик маълумотларига таяниб.

«Баъзи ҳарбий хизматчилар шифокорлар уларнинг жароҳатини енгил деб баҳолагани ва жароҳати тўғрисида маълумотнома бермаганидан норози - бу ҳужжатсиз ҳарбийлар давлатдан пул товонини ололмайди. Бошқалар эса жанговар ҳаракатларни давом эттириш учун ўзини яроқсиз, деб ҳисоблайди», - дея тушунтирилади материалда.

Шу билан бирга, қарорлар қабул қилган шифохоналарга нисбатан 866 та даъвонинг атиги 35 таси қаноатлантирилган, дейилади маълумотда. Унга кўра, оммавий шикоятлар бериш 2022 йил августида бошланган ва умумий сафарбарлик бошланганидан кейин янада ортиб, 2023 йил ўрталарида энг юқори чўққига етган. 

АҚШ: Россиядан 315 минг киши ҳалок бўлди ва яраланди 

Россия Украинага қарши урушда ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ошкор этмаяпти. Охирги марта Россия Мудофаа вазирлиги йўқотишлар ҳақида 2022 йил сентябрида 6 мингга яқин ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани юзасидан хабар эълон қилган эди. Айни пайтда, Америка разведкасининг декабр ойи бошида ошкор қилинган ҳисоботига кўра, уруш пайтида Россиянинг Украинадаги умумий йўқотишлари ҳалок бўлган ва яраланганлар сони бўйича 315 минг ҳарбий хизматчини ташкил этган. 

Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари ушбу маълумотларга асосланиб ҳисоб-китоб қилишича, сўнгги икки ой ичида Украинанинг Донецк вилоятидаги Авдийивкани эгаллашга уринаётган Россия армияси 13 мингга яқин аскар ва зобитини йўқотган, улар ҳалок бўлган ёки яраланган. Шу билан бирга, РФ 11,1 квадрат километр ҳудудни эгаллаб олган. Шу тариқа, Россия Федерациясининг йўқотишлари 1 квадрат километр учун 1000 дан ортиқ кишини ташкил этди.

Мавзуга оид