Жаҳон | 09:04 / 22.12.2023
5910
2 дақиқада ўқилади

Ангола ОПEКдан чиқишини эълон қилди

Ангола ОПEКнинг нефт қазиб олиш квоталарини жорий этиш сиёсатига рози эмаслигини билдирди. Шу муносабат билан Луанда картелни тарк этаётганини эълон қилди.

Фото: AFP/Getty Images

Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПEК)да нефт қазиб олиш квоталари бўйича можаролар фонида Ангола ушбу ташкилотдан чиқишини эълон қилди. Анголанинг минерал ресурслар, нефт ва газ вазири Диамонтино Азеведу 21 декабр, пайшанба куни телевидениеда айтганидек, ОПEКга аъзолик ўз мақсадларига эътибор қаратиш ниятида бўлган мамлакатнинг миллий манфаатларига жавоб бермайди.

Азеведу Ангола ОПEК томонидан мунтазам равишда белгилаб қўйилган квоталарга «ҳозирча ҳеч қандай таъсир кўрсатмагани», лекин уларга амал қилиши ва картел қарорлари оқибатларини ўз зиммасига олиши кераклигини танқид қилди. Агар Ангола аъзо бўлиб қолса, эртами-кечми нефт қазиб олишни камайтиришга мажбур бўлиши мумкин, бу эса мамлакат манфаатларига зид бўлади, деди вазир.

Нефт нархи пасайишда давом этмоқда

Луанда ОПEКдан чиқишини эълон қилганидан кейин нефт нархи пасайишда давом этди, деб хабар беради Reuters. Brent нефти икки фоиздан кўпроқ арзонлашиб, бир баррел учун 78,11 долларни ташкил қилди.

Сўнгги ойларда ОПEК ва унинг ОПEК+ гуруҳига бирлашган ўнта ҳамкор давлати жаҳон бозорида нархларни ошириш мақсадида нефт қазиб олиш ҳажмини бир неча бор камайтирди. Талабнинг заифлиги туфайли бу мақсадга эришилмади. Бироқ, ҳозирги нефт нархи (баррел учун 70-80 доллар) сўнгги беш йилдаги ўртача қийматдан юқори.

Ноябр ойи охирида бўлиб ўтган ОПEКнинг сўнгги йиғилишида Ангола ва картелнинг яна бир аъзоси - Нигерия квоталар жорий қилинганидан норозилигини билдирган эди. Ташкилот ичидаги келишмовчиликлар туфайли қарор бир неча кунга кечиктирилди, Саудия Арабистони ва Россия кейинчалик қазиб олишни янада қисқартиришини эълон қилди, бошқа давлатлар эса кичикроқ қисқартиришлар билан уларга эргашди.

Мавзуга оид