Ўзбекистон | 08:00 / 30.12.2023
6661
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қум бўронлари таъсирини камайтириш учун саксовул экиш бошланди

Тадбир доирасида вилоят ҳар бир ҳудудида минг гектардан жами 15 минг гектар майдонга Қорақалпоғистондан келтирилган 100 минг туп саксовул кўчатлари ва 80 тонна уруғ сепилиши мақсад қилинган.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти жанубий туманлари - Шеробод, Музработ, Ангор ва Термиз, шунингдек, Термиз шаҳри иқлимида барча фаслларда кузатиладиган кучли шамоллар ҳамда чанг ҳодисалари асосан шимол ва ғарб томондан, жумладан, Эрон, Туркманистон ва қўшни Афғонистон ҳудудларидан кириб келади.

Мутахассисларга кўра, вилоятда йил давомида 151 кунгача шамол ва чанг тўзонлари кузатилмоқда. Натижада ҳаво дим ва чанг бўлиб, қишлоқ хўжалиги, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит мусаффолигига жиддий хавф туғдирмоқда.

Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифида ушбу муаммога эътибор қаратилиб, иқлим ўзгариши салбий оқибатлари олдини олиш ва чанг тўзоннинг таъсирини камайтириш мақсадида чўл зоналарида саксовулзорларни кенгайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Ҳозирда бу борада амалий ишлар, «яшил камар»лар ташкил этиш лойиҳаси бошлаб юборилган.

Лойиҳанинг навбатдаги босқичи доирасида Термиз ва Ангор туманлари туташган «Каттақум» массивида саксовул кўчатлари экиш ва уруғларини сепиш ишларига старт берилди. Тадбир доирасида вилоят ҳар бир ҳудудида минг гектардан жами 15 минг гектар майдонга Қорақалпоғистондан келтирилган 100 минг туп саксовул кўчатлари ва 80 тонна уруғ сепилиши мақсад қилинган.

Мавзуга оид