Йил якунлари: жаҳонда рўй берган асосий 10 воқеа
2023 якунланмоқда. Украинадаги уруш бу йилда ҳам асосий диққат марказида турди, аммо дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам можаролар, кескинликлар, табиий ва техноген офатлар етарлича бўлди. Kun.uz якунланаётган йилда дунё трендида турган энг асосий 10 воқеани эслаб ўтади.
Туркия ва Суриядаги даҳшатли зилзила
Жорий йил бошида сўнгги йиллардаги энг даҳшатли фожиалардан бири рўй берганди. 6 феврал куни тонгда ва куннинг биринчи ярмида Туркиянинг жанубий-шарқий қисмида бир неча соат фарқи билан 7,8 ва 7,5 магнитудали иккита зилзила содир бўлганди. Табиий офат мамлакатнинг ўндан ортиқ вилоятларини қамраб олади, хусусан Ҳатай, Қаҳрамонмараш, Ғозиантеп, Адияман ва Малатя каби ҳудудлар энг кўп зарар кўрганди.
Қурбонлар сони соат сайин кўпайган, интернетда ер қимирлаши вақтида олинган ва бинолар қулаётгани акс этган сон-саноқсиз видеотасвирлар пайдо бўлганди.
Зилзила Туркиянинг қўшниларидан бўлган Суриянинг шимолий қисмига ҳам катта талофат келтиради. Ҳалаб ва Латақияда кўп қаватли уйлар тупроққа қоришади ва одамлар харобалар остида қолиб кетади. Ҳалокатдан омон қолган юз минглаб туркияликлар эса совуқ кунларда оғир шароитларда яшашга мажбур бўлади.
Жаҳон ҳамжамияти тезда жабрдийдаларга ёрдам қўлини чўзади, дўст-у душман ҳалокат ҳудудидаги одамларни қутқаришга ошиқади. Хусусан, Ўзбекистондан ҳам қутқарувчилар, ҳарбийлар ва шифокорлар Туркия ҳудудига етиб бориб, палаткалар тикишади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва аҳолиси туркиялик биродарларга инсонпарварлик ёрдамлари етказиб беришга киришади.
8 феврал куни Туркия президенти табиий офат ҳудудига келади бошпанасини йўқотганлар вақтинча меҳмонхоналарга жойлаштирилиши, кейинроқ уларга турар жойлар қуриб берилишини ваъда қилади.
Зилзила қурбонлари сони ҳаддан ташқари кўп бўлгани сабабларидан бири сифатида янги қурилган биноларнинг зилзилага бардошлилик даражаси етарли бўлмагани келтирилди. Кейинги кунларда мамлакат бўйлаб қатор қурилиш фирмалари раҳбарлари ҳибсга олинди.
Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат қурбонлари сони Туркиянинг ўзида 50 мингдан ошган, 10 мингдан ошиқ киши жароҳатланган, Сурияда эса зилзила 8 мингдан ошиқ кишини ҳаётдан олиб кетган, яна ўн минглаб кишилар жабрланган. Туркия расмийларига кўра, 100 мингдан ортиқ бинолар вайрон бўлган ёки зарарланган.
Зилзилалардан мамлакат иқтисодиётига етказилган зарар миқдори 110 миллиард долларга баҳоланган, бу мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 10 фоизи демакдир.
Шундай қилиб, бу қурбонлар сони бўйича ҳам, етказилган иқтисодий зарар бўйича ҳам мамлакат тарихидаги энг вайронкор зилзилага айланди. Мухолифат ҳукуматни зилзила эҳтимолига етарлича тайёр бўлмасликда ва оқибатларга қарши курашишда сусткашлик қилишда айблади, бу табиий офат тез орада бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Эрдўғаннинг ғалабасига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақида гапира бошлашди.
Туркияда тарихий сайлов
Турк халқи зилзила оқибатларига қарши курашиш билан бир вақтда мамлакатнинг кейинги ўн йилликлардаги тақдирини ҳал қилиш учун муҳим президентлик сайловларига тайёргарлик кўра бошлади. Март ойи бошида мухолифатдаги олти партия амалдаги президент Эрдўғанга қарши туриш учун ягона номзодини кўрсатди – Жумҳурият халқ партияси раҳбари Камол Қиличдорўғли Халқ коалицияси номзоди сифатида майдонга чиқди.
Сайловга асосий икки номзоддан ташқари яна икки киши – «Мамлакат» партияси раҳбари Муҳаррам Инже ва «ATA коалицияси» номзоди Синан Ўған ўз номзодини кўрсатди. Улардан биринчиси овоз бериш бошланишидан олдинроқ можароли тарзда пойгадан чиқди, Инже бу қарорини сайловолди ташвиқоти пайтида унга зарба берган компроматлар тўлқини билан изоҳлади.
14 май куни тарихий сайловнинг биринчи тури ўтказилди. Одатдаги каби бу сафар ҳам йирик шаҳарлар - Анқара, Истанбул, Измир ва Бурсада мухолифатчилар устунлик қилишди, чекка ҳудудлар аҳолиси тўлиқ Эрдўғанни қўллади. Якунда номзодларнинг ҳеч бири ғалаба учун талаб этилган 50 фоизлик тўсиқдан ўта олмади – Эрдўған 49,35, Қиличдорўғли 45, миллатчилар номзоди Ўған эса 5,22 фоиз овоз олди ва барчаси иккинчи турда ҳал бўладиган бўлди.
Иккинчи тур арафасида Ўған кутилганидек Эрдўған билан иттифоқ тузди, лекин бу амалда икки ҳафта кейин ўтказилган иккинчи турда кўп нарсани ўзгартирмади, унинг тарафдорлари шунчаки сайлов участкаларига чиқишмади ва Эрдўған биринчи турда ўзини қўллаган тарафдорлари билан устунликни сақлаб қолди - у 52 фоиздан ортиқроқ овоз олиб ғалаба қозонди, Қиличдорўғлига 48 фоизга яқин сайловчи овоз берди.
Мухолифатнинг мағлубияти номзод танлашда адашгани билан изоҳланади, сайловчилар орасида катта машҳурликка эришган Истанбул мэри Акром Имомўғли ҳамда Анқара мэри Мансур Яваш эмас, 75 ёшли Камол Қиличдорўғли танланганди ва у сайловолди кампанияси чоғида бир қанча хатоларга йўл қўйди, сайловдан кейин эса партия раҳбарлигини ва умуман бутунлай сиёсатни тарк этди.
20 йилдан буён бош вазир ва президент лавозимларида Туркияни бошқариб келган Эрдўған эса яна камида етти йил давомида ҳокимиятда қоладиган бўлди.
Кремлга дронлар ҳужуми
Россия-Украина урушининг 2023 йилдаги эътиборли жиҳатларидан бири - украинлар Россиянинг ички ҳудудларига мунтазам равишда ҳужум қилишга оддий ҳолга айлангани бўлди. Бундай амалиётларнинг энг шов-шувлиси 3 майга ўтар кечаси рўй берди, ўшанда иккита дрон Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳигача етиб келганди. Видеоларда дронлардан бири Сенат саройи гумбази яқинида портлаганини кўриш мумкин.
Украина томони одатда Россия ҳудудига уюштирилган ҳужумларнинг ҳеч бирини тан олмайди, аммо бундай амалиётлар Украина махсус хизматлари томонидан амалга оширилишига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
Кремл ҳужумни режалаштирилган террорчилик ҳаракати, Россия президенти ҳаётига суиқасд деб баҳолади. Ҳужум вақтида Путин мазкур ҳудудда бўлган-бўлмагани аниқ эмас, аммо у кейин бир муддат бошқа жойда ишлаб туришига тўғри келди.
Аввалига бу иш россияликларнинг ўзи томонидан уюштирилгани ҳақида версиялар билдирилди, аммо бунинг учун жиддий асослар йўқ эди, аксинча украинлар шу жойгача етиб келганининг ўзи аҳолида пойтахт хавфсизлиги бўйича саволларни туғдириши табиий эди.
Москваликларда бу борада саволлар бисёр бўлди, йил давомида дронлар кўп марта шаҳарга кириб келди ва турар жой биноларига келиб урилди.
Пригожиннинг исёни ва ҳалокати
2022 йил март ойи охирларидан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Россиянинг фронтдаги энг муваффақиятли қисмига айланди. Вагнерчилар аввалига Попаснаяни эгаллашди, кейинроқ Вуҳледар атрофида катта ютуқларга эришди, 2022 йил августида эса Бахмут учун жанг бошлади, октябрдан ҳарбий ҳаракатлар шиддатли тус олди. Донбассдаги мазкур шаҳарча уруш рамзларидан бирига айланди – руслар уни олиш учун ҳеч нарсани аямади, снарядларни ҳам, аскарлар жонини ҳам. Шаҳар учун оғир ва қонли жанглар ярим йилдан ортиқ вақт давом этди ва май ойи бошларига келиб «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин унинг ғарбий чегараларига чиқилгани ҳақида эълон қилди.
Бахмут учун жангларда россияликлар ўн минглаб йўқотишларга учради ва бунинг катта қисми вагнерчилар ҳиссасига тўғри келади. Май ойи охирларида Пригожиннинг ўзи Бахмут учун жангларга қамоқхоналардан жалб этилган 50 минг собиқ маҳбус қатнашгани ва уларнинг 20 фоизи, яъни 10 минг киши ҳалок бўлгани, шунингдек, «Вагнер»нинг штатдаги жангчиларидан яна 10 минг киши ушбу шаҳарни эгаллаш учун жон берганини маълум қилганди.
Бундай йўқотишлар учун Пригожин Россия мудофаа вазирлиги раҳбариятини танқид қилган ва керакли вақтда керакли миқдорда ўқ-дорилар етказиб берилмагани учун вазир Сергей Шойгу ҳамда бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни айблаган, уларни ҳақоратлаб бир неча бор видеомурожаатлар қилганди. Бу эса уни Россия элитасида исталмаган шахсга айлантиради. Россия Федерацияси президент администрацияси эса уни урушдан ўзига хос сайлов кампанияси олиб боришда гумон қилади ва уни қатор имтиёзлардан маҳрум эта бошлашади, хусусан президент Путин билан тўғридан тўғри алоқадан узилади, унинг қабулига кира олмай қолади.
Воқеалар ривожида Пригожиннинг асаблари дош бермайди ва у 23 июн куни россиялик ҳарбийларни «Вагнер»га ортдан ҳужум қилишда айблаб, «Адолат марши»ни бошлайди. У давлат тўнтариши қилмоқчи эмаслигини айтиб, Сергей Шойгу ва Валерий Герасимов топширишни талаб қилади.
Ёлланма жангчилар қаршиликсиз Ростов-Донга танклар билан кириб келиб, Жанубий ҳарбий округ штаби ва бошқа асосий маъмурий биноларни эгаллайди. Бу вақтда вагнерчиларнинг иккинчи гуруҳи Воронеж ва Липецк областлари орқали Москва томон йўлга тушганди. Уларга РФ мудофаа вазирлиги авиацияси қарши чиқади, вагнерчилар эса мунтазам армиянинг бир самолёти ва олти вертолётини уриб туширади, 15 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлади.
24 июн куни кечқурун эса Александр Лукашенко воситачилигидаги музокаралардан кейин Пригожин ўз қўшинини ортга қайтарди, кейинроқ келишувга кўра вагнерчилар Беларус ҳудудидаги ҳарбий базага кўчиб ўтди, қуролли исён бўйича Пригожинга қарши очилган жиноий иш тугатилди.
Шундан сўнг Россия армиясида тозалаш ишлари олиб борилди, ўндан ортиқ юқори мартабали ҳарбий амалдорлар, жумладан маълум вақт Украинадаги гуруҳ раҳбари бўлган, ҳаво кучлари қўмондони Сергей Суровикин ишдан четлатилди, бунга уларнинг Пригожин билан яқин алоқада бўлгани сабаб эди.
Пригожиннинг ўзи эса кейинги кунларни аввалига Беларусда ўтказди, кейин эса Африкага йўл олди. Исёндан роппа-роса икки ой ўтиб, 23 август куни Пригожин ва унинг ўринбосари Дмитрий Уткин ва яна бир неча вагнерчилар бўлган хусусий самолёт Москвадан Санкт-Петербург томон учаётганида, Твер области ҳудудида қулади, бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлди.
Яқинда Wall Street Journal нашри ёзишича, Пригожиннинг самолёти Россия Хавфсизлик кенгаши бош котиби Николай Патрушев ташкиллаштирган операция доирасида портлатиб юборилган. У исёндан кейин Пригожинни йўқ қилиш режасини Путинга кўрсатган, президент эса эътироз билдирмаган. Нашр талқинига кўра, ўша куни Шереметево аэропортида самолёт қаноти остига кичик бомба ўрнатилганди.
Украинанинг қарши ҳужуми
2022 йил кузида Харкив ва Херсондаги зафарли юришлардан кейин барча украинларнинг ғалабалари давом этишини кутганди. Аммо қиш бошлангач фронтда турғунлик юзага келди, қолаверса Украина қуролли кучлари ресурсларини сарфлаб бўлганди. Ғарб эса ҳарбий ёрдамни, хусусан Leopard танкларини етказиб беришни пайсалга солиб юборди.
Немис танклари ва бошқа зирҳли техникалар етарли миқдорда тўпланганида эса аллақачон ёз бошланиб кетганди ва баҳорда кутилган қарши ҳужум ёзги қарши ҳужумга айланди. Украин бўлинмалари 4 июн куни ҳужумга ўтди, аммо Орихив йўналишида техникалар колоннаси юриши катта муваффақиятсизликка учради. Бошқа йўналишларда ҳам осонлик билан олдинга юришнинг имкони бўлмади.
Чунки ўтган вақт мобайнида Россия мудофаага пухта тайёргарлик кўрган, юзлаб километр узунликдаги фронт чизиғи бўйлаб танкларга қарши тўсиқлар ва ўт очиш нуқталари ўрнатилган, беҳисоб майдонлар миналарга тўлдирилган, қолаверса сафарбарлик доирасида хизматга чақирилган ҳарбийларни ҳам тайёрлашга эришилганди.
Натижада украинларнинг кетма-кет олдинга интилишлари ўнлаб техникалар миналарга тушиб портлаб кетиши ёки Ка-52 вертолётларининг узоқ масофадан туриб йўллаган зарбаларига учраб йўқ қилиниши билан якунланаверди. Шундан кейин Украина қўмондонлиги тактикани ўзгартирди ва кичик пиёдалар гуруҳлари билан олдинга ўта бошлади. Натижада Запорижжя ва Донецк областлари чегарасида бир қанча қишлоқлар озод этилди, Россия бўлинмалари ортга чекинишга мажбур бўлди. Украин қўшини катта йўқотишлар эвазига жами учта йўналишда - Орихив, Велика Новосилка ва Бахмут йўналишларида жами 14 қишлоқни озод этишга эришди, лекин олдинга қўйилган мақсад - Азов денгизи бўйларига чиқиш ёки ушбу йўналишдаги асосий шаҳар Токмакка етиб бориш тугул, Россия мудофааси ичкарисига чуқур киришнинг имкони бўлмади.
Умуман олганда, катта умидлар боғланган қарши ҳужум чиппакка чиқди ва совуқ кунлар бошланиши билан бутунлай тўхтаб қолди. Эндиликда уруш позицион ҳолатга ўтган ва икки томон ҳам кейинги йилдаги ҳарбий ҳаракатлар учун куч ва ресурслар тўплашга киришган.
Бортида миллиардерлар бўлган батискаф ҳалокати
Украинларнинг қарши ҳужуми авж палласига кирган маҳалда миллионлаб одамлар эътиборини дунёнинг бошқа бир нуқтасидаги бошқа воқеа ҳам ўзига тортади.
18 июн куни Атлантика океанида 100 йил муқаддам чўкиб кетган «Титаник»нинг 3800 метр чуқурликда жойлашган қолдиқлари томон саёҳат уюштирган «Титан» батискафи сирли тарзда ғойиб бўлди. Сувости аппарати бортида экипажнинг беш нафар аъзоси бор эди. Улар орасида - британиялик миллиардер, шунингдек Action Aviation компанияси раҳбари Ҳэмиш Ҳардинг ҳамда Покистоннинг энг бадавлат одамларидан бири бўлган бизнесмен Шаҳзод Довуд ўғли билан бирга эди.
Сув остига саёҳат OceanGate Expeditions компанияси томонидан ташкиллаштирилади. Фавқулодда ҳолат рўй берган жойда олиб борилган қутқарув амалиёти наф бермайди. Тўрт кун ўтиб АҚШ соҳил хизмати бўлинмаси батискаф парчаларини топади. Кейинроқ сувга тушганидан икки соатга яқин вақт ўтиб «она кемаси» билан алоқани йўқотган сувости кемаси сув тубида портлаб кетгани ва батискаф ичида бўлганларнинг барчаси бир зумда ҳалок бўлгани ойдинлашади, уларнинг жасади барибир топилмайди.
Портлашнинг сабаби расман аниқ эмас, буни охиригача аниқлаш учун ҳали ойлар талаб этади. Лекин воқеадан кўп ўтмай Washington Post нашрида эълон қилинган маълумотга кўра, OceanGate компанияси бош директори, ҳалокатга учраган батискаф ичида бўлган Стоктон Раш журналист Арни Вайсманн билан суҳбатда «Титан»ни ясашда муддати ўтган маҳсулотдан фойдаланганини тан олганди.
Бундан ташқари, «Титан» видеоўйинлар учун мўлжалланган Logitech F710 пултида бошқарилган, 2010 йилда ишлаб чиқарилган ва блутуз орқали ишлайдиган бундай пултни интернет дўконларда 30 долларга сотиб олиш мумкин. Батискафда оддий қурилиш қувурларидан балласт сифатида фойдаланилган, кема ичи эса оддий компютер дисплейлари билан жиҳозланганди.
Марокашдаги зилзила ва бошқа табиий офатлар
2023 йилги вайронкор табиий офатлар Туркия ва Суриядаги зилзила билан чекланиб қолмади. Марокашнинг марказий қисмидаги Юқори Атлас тоғлари ҳудудида 9 сентябрга ўтар кечаси 7,2 магнитудали зилзила рўй бериб, олти провинцияга зарар етказди.
Ҳодиса оқибатида уч мингга яқин киши ҳалок бўлиб, беш мингдан ортиқ киши яраланган. Зилзила эпимарказига энг яқин жойлашган Марракиш шаҳрида турар жой бинолари ва бошқа бинолар қулаган. Уларнинг бир қисми ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Қизил шаҳар номи билан машҳур бўлган Эски шаҳар ҳудудида жойлашганди.
10 сентябр куни эса Шимолий Африканинг яна бир мамлакати Ливияда даҳшатли сув тошқини рўй берди. Фожиага мамлакатнинг шимолий-шарқий соҳилларига «Даниэл» бўрони ёпирилганида, эскириб қолган тўғонлар сув оқимига дош бера олмагани сабаб бўлди. Дерна дарёсининг юқори оқимидаги иккита тўғон бузилиб кетиши оқибатида сув дарёнинг қуйи қисмидаги Дерна шаҳрини ювиб кетди. Қурбонлар сони турли маълумотларга кўра 5 мингдан 11 минггачани ташкил этади, яна минглаб кишилар бедарак кетган ёки жароҳатланган, 40 мингдан ортиқ киши яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлган. Тўғонлар бузилиши юзасидан очилган жиноят иши доирасида бир неча амалдор ҳибсга олинди.
Жанубий Америкада эса октябр ойида даҳшатли қурғоқчилик кузатилди ва дунёдаги энг серсув бўлган дарёлардан бири Амазонкада сув сатҳи кузатувлар тарихидаги энг қуйи даражага тушиб кетди. Саёзлик ва сув ҳарорати ошиши Тефе кўлида балиқлар ва юзлаб делфинлар ёппасига нобуд бўлишига олиб келди. Сув сатҳи пасайиши дарёда кемалар қатновини ҳам қийинлаштирди, Амазонка ёқасида яшаб келган ва асосий даромад манбайи балиқчилик бўлган одамлар эса оғир аҳволда қолди.
Қорабоғни ташлаб чиққан арманлар
Украинанинг қарши ҳужуми секинлаша бошлаганида эса Кавказ минтақасида вазият кескинлашади.
2020 йил кузида 44 кун давом этган Иккинчи Қорабоғ уруши якунларига кўра Озарбойжон Қорабоғнинг бир қисми ва унга ёндош туманларни қайтариб олган эди. Қорабоғга Озарбойжон, Арманистон ва Россия раҳбарларининг келишувига кўра россиялик тинчликпарвар кучлар киритилганди. Улар арманлар истиқомат қиладиган ҳудудни назорат қилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаши кўзда тутилганди.
2023 йил 19 сентябрида эса Учинчи Қорабоғ уруши бошланди ва у атиги бир кун давом этди. Озарбойжонлик ҳарбийларнинг кучли зарбаларидан кейин, 20 сентябр куниёқ тан олинмаган Қорабоғнинг арман маъмурияти ўт очишни тўхтатиш, тўлиқ қуролсизланиш ва оғир техникаларни Қорабоғ ҳудудидан олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бир сутка давом этган жангларда тан олинмаган Қорабоғ республикасининг 2,5 минг кишилик армиясининг қарийб ярми ҳалок бўлди, Арманистон армияси вазиятга аралашмади ва Хонкандидаги маъмуриятда таслим бўлишдан бошқа йўл қолмади.
Тинчлик музокараларидан кейин Қорабоғ тўлиқ Озарбойжон юрисдикциясига ўтадиган бўлди. 1988 йилда бошланган ва 1992 йилда арманлар ғалабаси билан якунланган урушдан кейин эгалланган ҳудудларга кўчиб келган арманларнинг аксар қисми этник тозалаш хавфидан саросимага тушиб қолди ва зудлик билан ҳудудни тарк этиб, Арманистонга қоча бошлади.
Озарбойжон ҳукумати Қорабоғни тарк этишга уринган собиқ маъмурият расмийларини бирин-кетин қўлга олишга киришди, хусусан «Тоғли Қорабоғ Республикаси»нинг собиқ давлат вазири, миллиардер Рубен Варданян ва Қорабоғ армиясининг собиқ қўмондони, генерал-лейтенант Левон Мнацаканян ҳам чегарада ушланди.
Бу можаро ичида яна бир можаро рўй берди - ҳарбий ҳаракатлар чоғида Россия тинчликпарвар кучлари ҳарбийлари ҳам ҳалок бўлди. Беш нафар ҳарбий бўлган машина кузатув постидан қайтаётганида озарбойжонлик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилган, қурбонлар орасида Шимолий флот сувости кучлари қўмондони ўринбосари - Қорабоғга командировкага юборилган ва тинчликпарвар контингент қўмондони ўринбосарига айланган Иван Ковган ҳам бор эди. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев бу ҳодиса учун Путиндан узр сўради ва шунинг ўзи етарли бўлди.
Кейинги кунларда 100 мингдан ошиқ арман Қорабоғни тарк этди, Хонканди кўчалари ҳувуллаб қолди, ҳудудда қолган арманлар сони минг нафарга ҳам етмасди. Алиев улар таъқибга олинмаслиги ва тинч яшашда давом этишига ваъда берди. Расмий Бокуга кўра, бир кунлик ҳарбий ҳаракатлар вақтида Озарбойжон армиясидан ҳам 200 га яқин ҳарбий ҳалок бўлиб, 500 нафарга яқини ҳалок бўлган.
Исроил-Ҳамас уруши
7 октябр куни ҲАМАС ҳаракати аъзолари кутилмаганда Ғазо секторидан Исроил ҳудудига рейдлар уюштириб, чегарачиларни ҳамда чегара ҳудудларда яшовчи аҳоли вакилларини ўлдирди, шунингдек Исроилнинг ичкари ҳудуддаги шаҳарларига ёппасига ракета зарбалари йўлланди. Бу ҳужумлар оқибатида юздан ошиқ ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари бўлган мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди, 250 нафарга яқин киши асир олиниб, сектор ҳудудига олиб кетилди.
Бу ҳужумлар Исроил ҳукумати учун айни муддао бўлди - бош вазир Бинямин Нетаняҳу уруш эълон қилди ва бу уруш ҲАМАС тугатилгунига қадар давом этишини билдирди. Сектор ҳудуди тўлиқ қамал қилинди, ҳудудга фақат оз миқдорда озиқ-овқат ва дори-дармонлар ўтказилишига имкон берилди, электр ва ёнилғи таъминоти буткул тўхтатилди. «Темир қилич» номи остидаги амалиётнинг дастлабки босқичи авиазарбалардан иборат бўлди ва сектор ҳудуди бемисл даражада ўққа тутилди, исроиллик ҳарбийлар ҳамасчилар яширинганини иддао қилиб аҳоли яшаш ҳудудларига ҳам зарбалар йўллади, шифохоналар ҳудудларида ҳам портлашлар рўй берди.
Можаро бошланганида атрофдаги араб давлатлари ҳам унга аралашиши мумкинлиги ҳақида тахминлар бор эди, аммо фақат Ливанда ҳаракат қилувчи «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати вақти-вақти билан ракета зарбалари йўллаш билан чекланди, бошқалар қуруқ сўзда қўллаб-қувватлашдан нарига ўтмади. Бу вақтда эса Исроилнинг асосий иттифоқчиси АҚШ ҳар томонлама ёрдам кўрсатди.
Исроиллик ҳарбийлар асосий ҳарбий ҳаракатлар сектор шимолида кечишини маълум қилиб, мазкур ҳудудлар аҳолисига сектор жанубига кўчиб ўтишни тавсия этди ва юз минглаб фаластинликлар уйларини ташлаб чиқишди.
Октябр ойи охирларига келиб Исроил қўшини қуруқлик амалиётини ҳам бошлади. Исроил армияси қисқа муддат ичида секторнинг шимолий қисмидаги асосий ҳудудларни назоратига олди ва сектор марказига ҳам шиддатли ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланди.
Ноябр ойининг охирги ҳафтасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга амал қилинди ва бу муддат давомида бир неча бор асирлар алмашинуви ўтказилди - Исроил қамоқхоналардаги юзлаб фаластинлик маҳбусларни қўйиб юбориш эвазига секторда гаровда ушлаб турилган ўнлаб исроилликларни қайтариб олди. Шунингдек, сектор ҳудудига ўтказиладиган инсонпарварлик ёрдамлари ҳажми оширилди. Аммо сулҳни узайтириш бўйича музокаралар барбод бўлди ва 1 декабрда ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланди.
Декабр ойининг иккинчи ярмида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ҳам муваффақиятсизликка учради ва ҳарбий ҳаракатлар ҳамон давом этмоқда.
ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги берган сўнгги маълумотларга кўра, 7 октябрдан буён Исроил авиазарбалари оқибатида қурбон бўлганлар сони 20 мингдан ошган - уларнинг аксар қисми аёллар ва болалар. Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида БМТнинг 100 дан ортиқ ходимлари ва 25 нафар журналист ҳам ҳалок бўлган.
Аргентинадаги сайлов
Якунланаётган йилда яна бир мамлакатдаги президентлик сайловлари жамоатчилик диққат марказида турди - сўнгги йилларда иқтисодий муаммолар гирдобида қолган Аргентинада инқилобчи сиёсатчи катта саҳнага чиқди.
19 ноябр куни ўтказилган иккинчи турда фаол сайловолди кампанияси даврида «Жанубий Америка Трампи», «Бензопила кўтарган сиёсатчи» лақаблари билан танилган иқтисодчи Хавиер Милей ғолиб чиқди мамлакатни иқтисодий инқироздан қутқариш учун ўз режаларини бажаришга киришди.
53 ёшли иқтисодчи-рокер сўнгги йилларда Аргентина телевизон дастурларида баландпарвоз ва можароли чиқишлари билан омма диққатини ўзига жалб қилиб келаётган эди. У Марказий банкни «портлатиб юбориш», песо ўрнига доллар жорий қилиш, «жамоат ишлари»га чек қўйиш, субсидияларни қисқартириш ва ўқотар қурол олиб юришга рухсат бериш каби ваъдалари билан танилганди.
Президентликка сайланганидан кейин эса биринчи навбатдаги иши вазирликларни қисқартириш бўлди. Бундан ташқари унинг ҳукумати иқтисодиёт вазири мамлакатни оёққа турғазиш учун қуйидаги чораларни эълон қилди:
- давлат томондан пиарга кетадиган барча реклама ва тегишли харажатларни бекор қилиш;
- давлат ишчилари, штатни 34 фоизга қисқартириш;
- 1 йилдан кам муддатда ишлаган ҳар бир давлат ходимини ишдан бўшатиш;
- барча инфратузилма харажатларни тўхтатиб туриш (ўтмишда кўп асоссиз харажатлар бўлгани сабабли);
- энергия ва транспорт субсидияларини қисқартириш;
- валютани девалвация қилиш (долларизацияга тайёрланиш учун);
- экспорт ва импорт квоталари ва савдога тўсиқларни бекор қилиш;
- ижтимоий ёрдам: болалар нафақаси ва озиқ-овқат билан аҳолига ёрдам кўламини кенгайтириш.
Президентнинг ўзи эса шахсий самолётдан воз кечди ва оддий аҳоли билан битта самолётда учмоқда. Унинг сўнгги кунлардаги эътиборга молик ишларидан бири РФ президенти Владимир Путин ҳамда Хитой раҳбари Си Жинпингга мактуб йўллаб, мамлакати BRICS ташкилотига аъзо бўлмаслиги ҳақида билдириши бўлди. 2022 йил ёзида Аргентина ҳукумати собиқ президент Алберто Фернандес даврида иттифоққа қўшилиш учун ариза берганди, бироқ Милей маъмурияти ушбу ташкилотга аъзолик мамлакатга иқтисодий фойда келтирмайди деб ҳисоблади.
Мавзуга оид
21:07 / 19.12.2024
Путин билан йил якунлари: асосий саволларга жавоблар ҳақида қисқача
20:20 / 31.12.2023
Ўзбекистон 2023 йилни қандай ўтказди?
13:03 / 31.12.2023
Bitcoin 155 фоизга, олтин 13 фоизга қимматлашди – халқаро молия бозорининг йиллик шарҳи
21:41 / 30.12.2023