Жаҳон | 22:04 / 02.01.2024
18439
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодиров ҳукумат амалдори ўлдирилган тақдирда «қонли қасос»ни талаб қилди

Агар жиноятчи топилмаса, хавфсизлик кучлари унинг қариндошларидан қасос олиши кераклигини таъкидлади. 

Россия таркибига кирувчи Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров агар ҳукумат амалдори ўлдирилса, ҳуқуқ-тартибот идоралари қотилнинг оиласига «қонли қасос» эълон қилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у Чеченистон ҳукумати йиғилишида гапирган. 

Шу билан бирга, 30 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда Рамзон Қодиров агар қотиллик айбдори топилмаса, унинг қариндошларидан бирини ўлдириш кераклигини айтган. 

«Қадимдан одат бўлганидек, кимдир жиноят содир қилса, аммо топилмаса, унинг укаси, отасини ўлдиришган», деди Чеченистон раҳбари. 

Қодиров сўнгги пайтларда жиноят содир этган шахсдан унинг қариндошлари воз кечаётгани, натижада жавобгарликдан қутулиб қолаётганидан норози бўлган. Унинг таъкидлашича, «энди бундай ҳаракатлар иш бермайди». 

Қайд қилинишича, йиғилишда Россия Ички ишлар вазирлиги ва Россия гвардияси ходимлари ҳам иштирок этган. 

Россия қонунчилигига кўра, ўлим жазоси 1997 йилдан буён тақиқланган: судлар ўлим жазоси ҳақида қарор чиқара олмайди, шунингдек, ўлим жазоси ижро этилмайди.

Мавзуга оид