Эронда портлашлар. 100 га яқин киши ҳалок бўлган
Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали Қосим Сулаймонийнинг ўлимига уч йил тўлган кунда у дафн этилган қабристон ҳудудида мотам маросими ўтказилаётганида портлашлар рўй берди. Сўнгги маълумотларга кўра, 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Эроннинг Кирмон шаҳрида Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний дафн этилган қабристон яқинида иккита портлаш рўй берди.
IRNA давлат агентлиги хабарига кўра, бу вақтда генерал Сулаймонийнинг ўлимига тўрт йил тўлгани муносабати билан унинг қабри томон мотам марши йўл олганди.
Iran International томонидан келтирилган сўнгги маълумотларга кўра, портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 95 кишини ташкил этмоқда, яна 200 дан ортиқ киши тан жароҳатлари олган.
Биринчи портлаш қабрдан 700 метр масофада, иккинчиси — тахминан бир километр масофада рўй берган.
Tasnim агентлиги ўз манбасига таяниб хабар беришича, бомбалар қабристонга кириш жойига ўрнатилган бўлган. Портловчи қурилмалар иккита сумкага жойлаштирилган ва масофадан туриб ҳаракатга келтирилган. Агентлик маълумотига кўра, портлашлар орасида бир неча дақиқа ўтган.
Маросим вақтида ҳудудда шифокорлар ва тез ёрдам машиналари навбатчиликда турган, улар ярадорларга биринчи тез ёрдам кўрсатишган.
Шаҳар раҳбарининг хавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари портлашларни теракт деб баҳолаган. Эрон Бош прокуратураси теракт бўйича тергов бошлади.
Қосим Сулаймоний ким эди?
Эрон ташқи сиёсатининг бош мафкурачиси бўлган Қосим Сулаймоний 2020 йил 3 январ куни Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридаги халқаро аэропорт ҳудудида ўлдирилганди, ўшанда у ҳам бўлган автомобиллар карвонига америкалик ҳарбийлар томонидан авиазарба йўлланганди. Ўшанда у билан бирга Ироқ Халқ сафарбарлик кучлари қўмондони ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ҳам ҳалок бўлган.
АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Доналд Трамп ўша куниёқ бу америкаликларнинг махсус амалиёти бўлганини тан олганди. Трамп Сулаймоний Эронда кўп сонли намойишчиларнинг ўлдирилишига алоқадорлиги, шунингдек кўп йиллар мобайнида «минглаб америкаликларни ўлдиргани ёки яралагани» ва «яна кўпроқ америкаликларни ўлдиришни режалаштиргани»ни айтганди. У Эронда Сулаймонийдан «нафратланишлари ва қўрқишлари»ни таъкидлаган, шу билан бирга, эронликлар буни ҳеч қачон тан олмасликларини қўшимча қилганди. «Уни анча йиллар олдинроқ йўқ қилиш керак эди», — дея хулоса қилганди Трамп.
Генерал-майор Қосим Сулаймоний Эрондаги энг нуфузли шахслардан саналган ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг мамлакатдан ташқарида амалиётлар ўтказиш билан шуғулланган элита бўлинмаси «Ал-Қудс»га раҳбарлик қилган, Эроннинг Яқин Шарққа таъсирини ёйишда муҳим рол ўйнаган ва Теҳроннинг ушбу минтақадаги асосий рақиблари бўлган, АҚШ, Саудия Арабистони ва Исроил уни тийишга уриниб келган.
Генерални Эрон ҳарбий ҳаракатлари ортида турган стратег деб ҳисоблашган. У Эрондан ташқари Сурия, Ливан, Ироқ ва Яманда ҳам катта обрў қозонган.
Маълумотларга кўра, айнан у Россия президенти Владимир Путинни 2015 йилда Суриядаги можарога аралашишга кўндирганди.
Мавзуга оид
20:58 / 24.12.2024
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
17:38 / 24.12.2024
Туркияда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш содир бўлди
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
16:56 / 22.12.2024