Иқтисодиёт | 20:08 / 08.01.2024
9645
2 дақиқада ўқилади

Эксклюзив ҳуқуқлар берилган компаниялар рўйхати тузилди

Рақобат қўмитаси, Kun.uz саволига жавобан маълум қилишича, 2023 йил 1 октябрдан эътиборан эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестрини юрита бошлаган. Лекин бу реестр ҳозирча ёпиқ. Қўмита уни очиқ эълон қилиш бўйича таклиф киритилганини билдирди.

Фото: iStock by Getty Images

Ўзбекистон президентининг 2023 йил 7 июлдаги қарорига асосан, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри жорий этилиши белгиланган эди.

Kun.uz Рақобат қўмитасига: “Бу реестр жорий этилдими, агар жорий этилган бўлса, жамоатчилик учун очиқ тарзда қўмита сайтига жойланадими?” деган савол билан мурожаат қилди.

Қўмита ахборот хизматининг маълум қилишича, реестр 1 октябрдан ишга туширилган, лекин фармонда уни очиқлаш кўзда тутилмагани сабабли жамоатчиликка эълон қилинмаган. Шу сабабли бу борада алоҳида ҳужжат тайёрланиб, Президент администрациясига киритилган. Ҳужжатда рўйхатни ҳамма учун очиқ тарзда, қўмита сайтига жойлаштириш кўзда тутилган.

Аввалроқ, Рақобат қўмитаси томонидан “Биз сизни эшитамиз” лойиҳаси жорий қилиниши ва унинг доирасида ҳар чоракда тадбиркорлар билан учрашув ўтказилиб, рақобатга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш тизими йўлга қўйилиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид