Жаҳон | 16:00 / 08.01.2024
4088
2 дақиқада ўқилади

Россия суди 16 ёшли ўсмирни диверсияга уринишда айблаб, ҳибсга олди

Буйнаксклик ўсмир 5 мартгача тергов изоляторига жўнатилди. Тергов уни Шагол ҳарбий аэродромида Су-34 самолётини ёқиб юборишга уринганликда айбламоқда. «ФСБ» маълумотларига кўра, у Украина махсус хизматлари томонидан ёлланган.

Челябинскнинг Тракторозаводск туман суди 7 январ, якшанба куни ҳарбий объектга диверсия уюштиришга уринишда айбланган доғистонлик 16 ёшли ўсмирни ҳибсга олди. Судя терговчи ва прокурорнинг буйнаксклик фуқарони 5 мартгача тергов изоляторига жойлаштириш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди. 

Челябинск яқинидаги Шагол ҳарбий аэродромида ўсмир Су-34 товушдан тез учувчи қирувчи-бомбардимончи самолётига ўт қўймоқчи бўлган, дея иддао қилган терговчилар. Ҳодиса январ ойида содир бўлди, самолётдаги ёнғин тезда ўчирилди, дея аниқлик киритмоқда Челябинск ОАВ. 

«ФСБ» Украина махсус хизматларини воқеага алоқадор деб ҳисоблаяпти

Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари ўсмирни 5 январ куни қўлга олди. Махсус хизмат маълумотларига кўра, йигит «Украина махсус хизматларининг кўрсатмалари билан» ҳаракат қилган ва ижтимоий тармоқлар орқали ёлланган. Бундан ташқари, у 2023 йилнинг ноябр ва декабр ойларида Доғистондаги алоқа объектлари ва темирйўл инфратузилмасига ўт қўйишда иштирок этган, дея таъкидлайди «ФСБ».

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси 4 январга ўтар кечаси Шагол аэродромида Су-34 самолёти ёниб кетгани ҳақида аввалроқ хабар берган эди. Россия Мудофаа вазирлиги воқеа юзасидан изоҳ тақдим этмади.

Мавзуга оид