Трамп АҚШни Афғонистонга қайтармоқчи. Бу қанчалик реалликка яқин?
2024 йил ноябрда бўлиб ўтадиган АҚШ президенти сайловидаги асосий номзодлардан бири деб кўрилаётган Доналд Трамп, агар Оқ уйга қайтса, Афғонистондаги Баграм ҳарбий базаси устидан назоратни тиклашини айтган. Хўш, бунинг эҳтимоли қай даражада? “Геосиёсат” бу мавзуни сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов билан муҳокама қилди.
— Трамп ва асосий номзодларнинг сайловолди дастуридаги ташқи сиёсат бўйича муҳим нуқталар қайсилар?
Камолиддин Раббимов: — АҚШда расмий рўйхатдан ўтган партиялар сони 60 га яқин, лекин асосий 2 та партия фаол. Байден АҚШ тарихидаги 46-президент бўлса, унга қадар 40 нафар президент иккинчи муддатга сайлана олган, шу маънода Байденда имконият бор.
Демократлар – сўл партия. Унинг асосий қадриятлари глобализм, тенглик кабилар. Республикачилар эса ўнг партия ҳисобланади. Аммо икки партияни тўла икки қутбга ажратиб қўйиш ҳам нотўғри. Чунки икки партияда ҳам сўнгги вақтларда кесишадиган ғоялар кўпаймоқда. Масалан, ҳар иккала партияда изоляционистлар бор, яъни АҚШ ташқи дунёдаги давлатларни, ташкилотларни қўллаши, ҳомийлик қилиши шарт эмас, дейишади. Бундан ташқари, глобалистлар ҳам бор, улар АҚШ глобал тартибни ушлаб туриши керак, дейди. Биламизки, АҚШнинг глобал майдонда 2 та устуни бор: доллар ва ҳарбий қудрат. Глобалистлар айтадики, агар АҚШ дунё тартиботидан бош тортса, иқтисодий ва ҳарбий қудрат сўнади, дейди.
Демократлар учун энг катта муаммолардан бири – АҚШнинг қарзи. АҚШ қарзи ЯИМдан 1,5 баробар кўп. Республикачилар учун ҳам муаммолар бор, дунё тартиботи каби. Лекин республикачиларнинг асосий номзоди бўлмиш Трамп изоляционист ҳисобланади.
Колорадо штати суди Трампни сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилганини биламиз. Яъни 2020 йилда Трамп тарафдорлари Конгрессга бостириб киргани учун бу ҳукм ўқилди. Суд сайланадиган мулозим давлат рамзларига хуруж қилган бўлса, давлат мулозими бўлишга ҳаққи йўқ, деди. Аммо Трамп Олий судга мурожаат қилди, ҳали қайта кўриш ишлари тугагани йўқ. Агар Трамп Колорадо штати суди ҳукмига кўз юмса, йил давомида сайловгача бошқа штатлар ҳам шундай қилиши мумкин, бундай ҳолатда Трамп ютқазиши аниқ бўлади.
Суҳроб Бўронов: — Жаҳон саҳнасида АҚШнинг мавқейи ва ўрни тобора пасайиб бормоқда. Яқин Шарқдаги вазият мисол бунга, Украинадаги вазият ҳам сўроқ остида. Шунинг учун ҳам Байденга қарши компания ишлаб қолиши мумкин. Трамп ҳам шу масалаларга эътибор қаратяпти ўз чиқишларида. Шу нуқтаи назардан Трамп оқланиб, сайловларда иштирок этса, унинг потенциали ошади деб ўйлайман.
Қолаверса, Байденнинг ёши билан боғлиқ масалалар ҳам бор. Халқаро ҳамжамиятда ҳам Байден бир қатор танқидларга учрамоқда.
— Трамп ноябр ойидаги чиқишида Афғонистондаги Баграм ҳарбий базасини АҚШ ихтиёрига қайтариш ҳақида гапирди, бу “Толибон” ва Қўшма штатлар ўртасида қандай муносабат ҳосил қилади?
Суҳроб Бўронов: — Трамп ўша чиқишида “Толибон” билан келишган ҳолда бўлади, деган гапни ҳам айтганди. Умуман олганда, АҚШнинг Афғонистон бўйича стратегияси ишлаб турибди, фақат тактик жиҳатдан ўзгариш бўлди. Агар Трамп ғалаба қилса, Афғонистон бўйича стратегияси қайта кўрилади. Трамп Баграм базасини тиклашдан мақсад Хитой таъсирини камайтириш эканини ҳам айтди.
Умуман олганда, АҚШнинг “Толибон” билан молиявий, ҳарбий таъсир воситалари катта. Молиявий томонларини айтаман. Афғонистоннинг собиқ вице-президенти Амрулло Солиҳ Россия оммавий ахборот воситаларидан бирига айтишича, “Толибон” ҳокимиятни эгаллагач, 900 ННТ ташкил этилган ва АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси шу ННТлар орқали Афғонистонга 5 млрд долларгача маблағ киритган. Россия ОАВда чиқаётгани учун бўрттирилган дейиш мумкин, аммо Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус бош инспектор Жон Соканинг 2023 йил ноябр ойидаги ҳисоботига қарайдиган бўлса, Амрулло Солиҳ фикрлари маълум бир маънода исботини топади. Жон Соканинг маълумотига кўра, “Толибон” ҳокимиятга келгач ҳам АҚШ Афғонистонга энг катта молиячи давлат мақомини сақлаб қолган. 2 йил давомида 11 млрд доллар ёрдам берилган, шундан 3,5 млрд доллари Афғон фондига ўтказилган.
Ҳарбий қўлловга тўхталсак. Собиқ ҳарбий, конгрессмен Жим Банкснинг тасдиқлашига кўра, АҚШнинг “Толибон”га қолдириб кетган қурол-яроғи баҳоси 85 млрд долларга яқин. 75 мингта ҳарбий автомобил, 200 та самолёт ва вертолётлар, 600 мингта кичик ва енгил қуроллар борлигини айтган. Бундан ташқари, “Толибон” вакилининг Al-Jazeeraʼга берган маълумотига кўра, 300 мингдан ортиқ енгил қуроллар, 26 мингдан ортиқ оғир қуроллар, 61 мингта АҚШ ҳарбий техникалари “Толибон” қўлида қолган.
Камолиддин Раббимов: — “Толибон”нинг қўшнилари, яъни Хитой, Покистон, Эрон ва Россия АҚШнинг Баграмга қайтишига қарши бўлиши табиий. Шундай вазиятда “Толибон” олдида катта дилемма пайдо бўлади. “Толибон”нинг ўнг кучлари ҳам АҚШга Баграмни беришга қарши бўлади. Шахсан мен учун Баграмни қайта беришни тасаввур қилиш жуда ҳам қийин.
Суҳроб Бўронов: — Қатар орқали таъсир қилиш ҳам мумкин. Биламизки, Қатарнинг “Толибон”га таъсири кучли. Агар Трамп президент бўлса, бу масала аниқ кўтарилади.
Камолиддин Раббимов: — Бугунги кунда араб дунёсида тенденция шундайки, АҚШнинг Исроилни қўллаши, Фаластин халқига бўлаётган зулмлар фонида АҚШга нисбатан норозилик кайфияти жуда ҳам кучли. Саудия, Миср, БАА БРИКСга кираётган бир пайтда Қатар бор ресурсларини ишлатиб, АҚШнинг Баграмга қайтишига ҳаракат қилармикан, деган савол ҳам пайдо бўлади.
Қатар Исроилни энг танқид қилган араб давлатлардан бири, Фаластинга, у ердаги сиёсий кучларга ёрдам берувчи муҳим давлат саналади. Яқин Шарқ минтақасида сўнаётган АҚШнинг лойиҳасига ҳисса қўшиш Қатар манфаатларига тўғри келиши қийин, шу масала ҳам бор.
— АҚШнинг Афғонистонга ҳарбий жиҳатдан қайтиши Марказий Осиё давлатлари учун қандай чақириқларни ўртага ташлайди?
Суҳроб Бўронов: — АҚШнинг Марказий Осиё бўйича 2025 йилгача мўлжалланган стратегияси бор, унда ҳарбий мақсадлар йўқ. Агар вазият ўзгарса, АҚШ Марказий Осиё давлатларига ҳарбий ҳамкорликни таклиф этиши мумкин. Яъни Афғонистонда терроризм хавфи кучайса. Бу ерда “Толибон” эмас, бошқа ташкилот, гуруҳларни тушуниш керак. АҚШ бир ҳудудга кириб бориши учун баҳона бўлиши керак, шундагина имконият бўлади.
Камолиддин Раббимов: — Қозоғистон “Толибон”ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарди, қолган Марказий Осиё давлатлари ҳам шу йўлдан кетиши мумкин. Тўқаев дипломат сифатида кўряптики, эртами-кечми барибир “Толибон” тан олинади, Афғонистон ичкарисида “Толибон”га қарши туроладиган куч ҳам йўқ. ИШИД партизанлик уруши олиб боряпти, унда катта имкониятлар ҳам, назоратидаги ҳудуд ҳам йўқ. “Толибон” эса барқарор ҳарбий-сиёсий кучга айланиб бўлди.
Қозоғистон, Ўзбекистон Россиянинг транспорт логистика доирасидан чиқишга уриняпти, Афғонистон эса жуда муҳим бу борада. У ердаги барқарорлик Марказий Осиё давлатлари учун жуда муҳим.
Трамп феномени шундайки, у кучли таҳдидлар қилади, АҚШ манфаатларига зид лойиҳаларни ўртага ташлайди. Ва администрация ичида кураш кетади, амалдаги ҳаракатлар эса доим ҳам гаплари билан бир хил бўлмайди.
Афғонистон масаласида Трампда қандай ёндашув бўлиши тўла аниқ эмас. Лекин биз учун хавфли томони шундаки, у таъсир ҳудудлари деган тушунчага ишонади. Яъни постсовет давлатлари Россия таъсирида деган тафаккурга ишониш эҳтимоли катта.
Суҳроб Бўронов: — Марказий Осиё ҳудуди катта ҳарбий кучга эга давлатлар ўртасида рақобат майдони бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам минтақамиз давлатлари ҳарбий ҳолатлардан чекиниб ҳаракат қилади. АҚШнинг ҳарбий қайтиши вазиятни мураккаблаштириши мумкин, яъни Россия ва Хитойнинг акс таъсирига олиб келиш эҳтимоли бор. Минтақа давлатларининг бу борада қўлламаслигини АҚШ ҳам яхши билади.
— АҚШ билан яқин алоқалар минтақа учун куч марказлари билан баланс ушлаб учун ҳам керакмасми?
Камолиддин Раббимов: — Тарихан Марказий Осиёга империячилик сиёсати билан келган 2 та катта давлат бор: Россия ва Хитой. АҚШга нисбатан, коллектив Ғарбга нисбатан қанчалик ишончсизлик бўлмасин, Россия ва Хитойни тийиб турувчи тизим керак. Тизим сифатида эса АҚШнинг глобал майдонда қудратининг пасайиши айни бизнинг манфаатлар учун тўғри келмайди. АҚШ таъсири шундоқ пасайиб бормоқда дунёда, АҚШ буткул изоляционизмга юз тутмасидан биз туркий давлатлар Россия ва Хитой таъсирига тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак, деган саволга жавоб топиб улгуришимиз лозим. Россиянинг келажакда даҳшатли лойиҳалари бор. Глобал дунёда АҚШ сўняпти, биз қудрат бўламиз деган тафаккур бор.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:05 / 24.12.2024
Ироқ АҚШ қўшинларини ўз ҳудудида қолдиришга тайёр — ОАВ
19:49 / 24.12.2024
American Airlines авиакомпанияси АҚШга барча рейсларни тўхтатди
17:40 / 24.12.2024
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
17:05 / 24.12.2024