Жаҳон | 23:27 / 10.01.2024
6804
2 дақиқада ўқилади

Сомалида исёнчилар БМТ вертолётини қўлга олди 

Унинг экипажи ва йўловчилари тақдири номаълум. 

Фото: Reuters

Сомалида «Аш-Шабоб» гуруҳи аъзолари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг вертолётини экипажи ва йўловчилари билан бирга олиб қочди. Бу ҳақда Reuters агентлигига маҳаллий ҳарбий амалдор маълум қилди. 

БМТ вертолёти Сомалининг марказидаги Беледвейн шаҳридан ҳавога кўтарилиб, ҳукумат кучлари ва «Аш-Шабоб» кучлари ўртасидаги тўқнашув чизиғи яқинида жойлашган Висил шаҳрига йўл олган. Вертолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай, техник муаммо туфайли, гуруҳ назорати остидаги ҳудудга фавқулодда қўнишни амалга оширган. 

Вертолётда тиббий буюмлар бўлган ва у Галмудуг туманидан ярадор аскарларни олиб кетиши керак эди. Reuters нашрига кўра, бортда икки сомалилик ва бир неча хорижлик бўлган. 

Вертолёт Сомалига ёрдам кўрсатувчи БМТ миссиясига тегишли бўлиб, экипажда беш нафар хорижлик бўлган. Уларнинг тақдири номаълум. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вертолётнинг олиб қочилиши ҳақидаги хабарларга ҳозирча изоҳ бермади. 

«Аш-Шабоб» гуруҳи Сомалининг жануби ва марказидаги аксарият ҳудудни назорат қилади, бироқ қўшни давлатларга, жумладан Кенияга қарши ҳам ҳаракат қилади. 

2007 йилдан 2012 йилгача «Аш-Шабоб» жангарилари 500 дан ортиқ терактлар уюштирган. 2012 йилда гуруҳ «Ал-Қоида»га қўшилган. 2015 йил декабрида 200 га яқин жангари «Исломий давлат»га байъат берган эди. 

«Аш-Шабоб» жангарилари кўпинча хорижликлар, жумладан, халқаро ташкилотлар вакиллари жойлашган меҳмонхоналарга ҳужум қилади.

Мавзуга оид