БМТ Халқаро судида Исроилга қарши даъво бўйича тингловлар бошланди
Исроил давлати Ғазо сектори аҳолисини геноцид қилишда айбланмоқда. Исроил расмийлари бу айбловларни рад этиб, давлат ўзини ҳимоя қилишининг ягона йўли ҲАМАС ҳаракатини бутунлай йўқ қилиш эканини таъкидламоқда.
БМТ Халқаро суди Ғазо секторидаги уруш усуллари туфайли геноцидда айбланган Исроил давлатига қарши даъвони кўриб чиқишни бошлади. Йиғилиш YouTube ижтимоий тармоғида намойиш этилди.
Судялар қасамёд қилгандан сўнг, бош судя Жоан Доноҳю айбловларни ўқиб чиқди. Жанубий Африка томонидан берилган даъвода Исроил 1948 йилги «Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисида»ги БМТ конвенциясини бузишда айбланади. Дастлабки чора сифатида Жанубий Африка Исроилдан Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини зудлик билан тўхтатишни талаб қилмоқда.
Жанубий Африка манфаатини ҳимоя қилаётган британиялик адвокат Воан Лоунинг сўзларига кўра, Ғазо секторида яшовчи фаластинликларни гуруҳ сифатида йўқ қилиш нияти ҳақидаги гумон яҳудий халқи ёки Исроил фуқароларига эмас, фақат Исроил ҳукумати вакилларига тегишли. «Ҳужум ёки провокация қанчалик даҳшатли ёки нафратли бўлмасин, бунга геноцид билан жавоб қайтарилишини қабул қилиб бўлмайди», деди у.
Даъвони кўриб чиқаётган ҳайъат таркибига Халқаро жиноят судининг 15 нафар доимий судяси, шунингдек, даъвогар ва жавобгар мамлакатлардан биттадан вакил кирган: Жанубий Африка бош судясининг собиқ ўринбосари Дикганг Мосенеке ва Исроил Олий судининг собиқ раиси Аарон Барак.
Исроил расмийлари бу айбловларни рад этиб, давлат ўзини ҳимоя қилишининг ягона йўли ҲАМАС ҳаракатини бутунлай йўқ қилиш эканини таъкидламоқда. Исроил вакиллари судда 12 январ куни сўзга чиқади.
Исроил ҳукумати вакили Эйлон Леви даъвони «қонли туҳмат» билан қиёслади – ўтмишда яҳудийлар насроний болаларни ўлдиришда ва уларнинг қонини диний маросимларда ишлатишда айбланган. Леви, шунингдек, Жанубий Африкани ҲАМАС ҳаракатини «қонуний ҳимоя» билан таъминлашга уринишда айблади.
The Times of Israel нашрига кўра, Исроил ва Фаластин тарафдорлари бўлган юзлаб намойишчилар суд биноси олдида йиғилиб, маҳкама бошланишини кутишган.
ҲАМАС назоратидаги Ғазо сектори соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, минтақадаги уч ойлик уруш 23 мингдан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган ва 2,3 миллион аҳолининг деярли барчаси уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. БМТ Ғазо секторининг қамал қилиниши ва озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармоннинг кескин танқислиги у ерда гуманитар фалокатни юзага келтирганини таъкидлайди.
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024