Жаҳон | 20:48 / 15.01.2024
6109
2 дақиқада ўқилади

Исроилда пичоқ билан қуролланган шахс одамларга ҳужум қилди

Ҳужум оқибатида 1 аёл ўлгани, 19 киши яралангани айтилмоқда. 

Фото: Reuters

Исроилнинг Раанана шаҳрида бир киши пичоқ билан ўткинчиларга ҳужум қилди. У бир нечта одамни яралади, кейин машинага ўтириб, уни пиёдалар устига ҳайдади. Унинг ҳаракатлари оқибатида 1 аёл ҳалок бўлди, камида 19 киши жароҳат олди, деб ёзди Исроил матбуотига таяниб The Insider. 

Гувоҳлардан бирининг айтишича, кимдир савдо маркази ташқарисида уч кишини пичоқлаган, сўнгра машинани ўғирлаб, ундан одамларни босиб кетиш учун фойдаланган. 

Марказий округ полиция бўлими бошлиғи Ави Биттон сўзларига кўра, Раананадаги ҳужумни Ҳеврон ҳудудидан икки фаластинлик амалга оширган. Иккаласи ҳам ҳибсга олинган ва сўроқ қилинмоқда. Улар Исроилда ноқонуний бўлгани айтилмоқда.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, террорчилар бир нечта автомобилларни назоратга олган ва шаҳарнинг учта жойида ҳужум уюштирган. Биринчи террорчи жуда тез, иккинчиси эса бир неча дақиқадан сўнг ушланган. Полиция бошқа гумондорлар борлигини ҳам истисно қилмаяпти ва ҳудудда қидирув ишларини давом эттирмоқда.

Мавзуга оид