Ўзбекистон | 22:38 / 15.01.2024
8184
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ахборот суверенитети таъминланганми?

Миллий ахборот маконидаги устун ташаббус ташқи кучлар қўлида эмас, мамлакатнинг ичкарисида бўлиши – XXI асрда ҳар қандай давлат суверенитетининг муҳим бўғинидир. Бу эса сўз эркинлиги амалда таъминланишини тақозо этади. Шу маънода, президент Шавкат Мирзиёевнинг Хавфсизлик кенгашидаги баёноти Ўзбекистон давлатчилиги учун қандай вазифаларни кўзда тутади?

12 январ куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг катта йиғилиши бўлди. Йил якунларига бағишланган йиғилишни Ўзбекистон президенти, Хавфсизлик кенгаши раиси Шавкат Мирзиёев олиб борди. Унда давлат раҳбари миллий хавфсизлик ва мудофаа масалалари қаторида, давлатимизнинг ахборот суверенитети ҳақида сўз юритиб, қуйидаги фикрларни билдирди:

“Биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берамиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумотлар, реал воқеаларга эҳтиёжни биз тўлдирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

Ҳар қандай танқидга жавоб беришга (тайёр бўлишимиз), журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак. Ноҳақ бўлса, унга тушунтириш орқали ёлғон хабарларнинг олдини олишга ўрганишимиз ва бунинг нопок ва ёлғонлигини бутун жамиятимизга тушунтиришимиз керак”.

Яъни президент, Ўзбекистоннинг ахборот суверенитети ҳақида сўз юритиб, давлатчилик олдига бир қанча вазифалар қўймоқда.

Биринчидан, Ўзбекистонда миллий ахборот контентини яратиш.

Иккинчидан, сўз ва ахборот ташаббуси Ўзбекистоннинг ичида бўлиши, миллий манфаатлар билан боғланганлик даражаси юқори бўлиши кераклиги.

Учинчидан, ижтимоий-сиёсий тафаккурни шакллантириш йўлида, сифатли ва кенг қамровли таҳлилий маълумотлар ва ахборот оқимини шакллантириш вазифаси.

Тўртинчидан, давлатчилик, давлат институтлари ва мулозимлари ОАВ ва журналистларни эшитиши зарурлиги, агар журналистлар хато қилганда, тушунтириш кераклиги урғуланди. Бошқача қилиб айтганда, журналистлар, ОАВнинг ўсиши учун, уларга яширинча ёки ошкора босим қилиш йўлидан эмас, оҳиста тушунтириш усулидан бориш кераклиги айтилган.

Хўш, миллионлик Ўзбекистон давлати, бугун етарли даражада ахборот суверенитетига эгами? Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий тафаккурини етарли даражада қониқтирадиган ахборот контенти ярата оляптими? Ташқи ахборот босимлари пасайиб боряптими? Қолаверса, Ўзбекистон ОАВ, журналистлари етарли даражада ҳимоя қилинганми, деган саволлар пайдо бўлади.

2019–21 йилларда Ўзбекистонда журналистлар фаолиятини ҳимоя қилиш мақсадида бир қанча қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган эди. Жумладан, 2019 йилда журналистик фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши эълон қилинганди.

2020 йилнинг феврал ойида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда ОАВ эркинлигини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш кўзда тутилди.

2021 йилда эса Ўзбекистон Жиноят кодексининг янги таҳрири лойиҳаси муҳокамаларга қўйилди. Унда ҳам журналистик фаолиятга тўсқинлик қилишга жиноий жавобгарлик кўзда тутилди.

Лекин минг афсуски, юқоридаги бирор бир қонун лойиҳаси қабул қилинмади.

Аксинча, 2023 йилда журналистлар, ОАВ учун анча оғир йил келди. Бир қанча блогерлар қамалди. Сўз эркинлигига яширинча ва ошкора босимлар ҳақидаги фикрлар янграй бошлади. Йилнинг охирига келиб эса, кучишлатар тизимлари ходимларининг фаолияти даврида фото ва видеога олишни тақиқловчи, фото ва видеога олишни “обрўсизлантириш” деб талқин қилувчи янги қонун моддалари киритиш устидан қадамлар ташлана бошлади.

2016 йилга қадар сўз ва ахборот ташаббуси Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган эди. Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ичида сўз эркинлиги, ахборот ташаббуси анча кенгайди. Лекин ҳалига қадар Ўзбекистон ташқи ахборот таъсирларидан, ахборот босимларидан холи эмас. Асосий сабаб – Ўзбекистоннинг ичидаги ОАВ тўлиқ эркин эмаслигида. Айниқса, Ўзбекистон жамоатчилик фикрига энг катта таъсир қилиш имкониятига эга бўлган телевидениеда ижтимоий-сиёсий тафаккурни қониқтира оладиган, давлат ва жамиятни боғлай оладиган даражадаги контент ишлаб чиқилмаяпти.

Телеканалларни бошқарадиган мулозимлар учун ҳозирги ҳолат қониқарли, ёки олдингига нисбатан “ижобий ўзгариш томон кетаётгандек” кўриниши табиий. Лекин 36 миллионлик Ўзбекистоннинг ахборот суверенитети нуқтайи назаридан қараганда эса, вазият ҳалига қадар қониқарсиз. Сабаби Ўзбекистон ташқи давлатларнинг ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг бевосита ва билвосита таъсир доирасида қолмоқда.

Ахборот суверенитети учун цензурадан холи бўлган, эркин матбуот керак. Эркин матбуот эса, жамиятдаги яширинча ва ошкора дискомфорт ҳолатларни, ижтимоий сўровларни каналлаштиради. Ўз ўрнида, эркин ОАВ ишлаб турадиган давлат учун сифатли давлат институтлари ва мулозимлари ҳам керак бўладики, жамиятнинг эҳтиёжларини малакали англаши ва ечим бериши зарур ҳисобланади.

Лекин ҳозирги ахборот даврида, ахборот ёки Ўзбекистоннинг ичида етиштирилади, ёки ташқи дунёдан Ўзбекистонга ёмғир каби кириб келаверади. Ахборот суверенитетини барча давлат мулозимлари англаса керак, лекин уни таъминлашга келганда, баъзи давлат органлари ва мулозимлари, корпоратив ва шахсий манфаатларни миллий манфаатлардан устун қўйишлари кузатилади. Ахборот суверенитети – миллий суверенитет ва манфаатларнинг пойдевори. Бунга эришиш учун эса, ОАВ ва журналистлар эркин ва рақобатдош бўлиши керак.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид