Ўзбекистон | 23:32 / 16.01.2024
11342
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда журналист Михаил Довлатовга очилган маъмурий иш тугатилди 

Унинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги аниқланди. 

Фото: Kun.uz

«Новости Узбекистана» интернет-нашри мухбири Михаил Довлатовга нисбатан Тошкент шаҳрида очилган маъмурий иш суд қарорига кўра тугатилди. Бу ҳақда Олий суд Жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Азиз Абидов маълумот берди. 

Қайд қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2024 йил 16 январдаги қарорига мувофиқ Михаил Довлатов (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, «Новости Узбекистана» интернет-нашри мухбири) ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-бандига асосан тугатилган. 

14 январ куни «Новости Узбекистана» (Nuz.uz) нашри мухбири Михаил Довлатов журналистик суриштирув олиб бормоқчи бўлганида Тошкент шаҳри, Учтепа тумани ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари томонидан ушлангани ҳақида хабар берилган эди. 

Маълум қилинишича, журналист Учтепа тумани 11-даҳада яшовчи фуқаролардан келиб тушган сўров бўйича вазиятни ёритишга борган. Мухбирнинг сўзларига кўра, шундан сўнг, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари уни 2-сонли ички ишлар идорасига олиб кетишган ва маъмурий иш қўзғатишган.

Мавзуга оид