Ўзбекистон | 13:58 / 19.01.2024
21524
2 дақиқада ўқилади

Робахон Маҳмудова Олий суд раиси биринчи ўринбосари лавозимидан кетди

2020 йил июлидан буён Олий суд раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Маҳмудова 2023 йил Ўзбекистон президентлиги сайловида номзод сифатида иштирок этганди.

Фото: Kun.uz

Сенат ялпи мажлисида Олий суд раисининг биринчи ўринбосарини лавозимдан озод қилиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, президент томонидан Сенатга Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудовани бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимнома киритилган.

Масала кўриб чиқилиб, сенаторлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Робахон Маҳмудова 1958 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, 1983 йилда Тошкент давлат университетининг «Ҳуқуқшунослик» факультетини тамомлаган. Муқаддам Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси лавозимида ишлаган, 2017-2020 йилларда Ўзбекистон президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири бўлган.

2020 йил январида Фарғона вилоятидан сенатор этиб сайланган, кейинроқ Сенатнинг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозомига сайланганди.

У 2020 йил июл ойидан буён Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Робахон Маҳмудова 2023 йил июн ойида ўтказилган навбатдан ташқари президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этганди.

Мавзуга оид