32 йилда 16 млнга кўпайиш: аҳоли сони ошиши қайси масалаларни долзарблаштиради?
Ўзбекистонда аҳоли сони 36,8 млн кишидан ошди. Бу Марказий Осиёда яшовчиларнинг ярми дегани. Таҳлилларга кўра, 2030 йилда республика аҳолиси 40 млн кишига етади. Аҳолининг тез суратларда кўпайиши қайси йўналишларда тегишли чоралар кўриш заруратини оширади? Kun.uz мухбири иқтисодчи Муҳаббат Аҳмедова билан шу ҳақда суҳбатлашди.
Ўзбекистон аҳолиси сўнгги 30 йилда 15 млн кишига кўпайган. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб республикада истиқомат қилувчилар сони 40 млн кишига етади. Ушбу ҳолат ортаётган аҳоли учун янги иш ўринлари, сифатли таълим ва тиббиёт муассасалари қуриш каби бир қанча муҳим стратегик вазифаларни ишлаб чиқиб, амалга оширишни назарда тутади. Ўзбекистон ҳукумати яқин келажакдаги бу жараёнга қандай тайёргарлик кўряпти ва қандай ишларни қилиши керак? Мавзу юзасидан саволларга Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ходими Муҳаббат Ахмедова ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 2024 йилда 3209 АҚШ доллари бўлиши кутиляпти. Шунда мамлакатдаги бир кишининг ҳиссасига тўғри келаётган ойлик ўртача сумма 267,4 долларни ташкил этади. Иқтисодий кўрсаткичдаги айни шу сумма демографиянинг асосини ташкил этувчи туғилишни соғлом тарзда яратишга асос бўла оладими?
— Ҳар йили мамлакатимизда ойлик маошлар ўртача 10 фоизга ошади. Бунинг натижасида аҳоли даромадлари ҳам кўпаяди. Фуқароларнинг молиявий ҳолати биринчи ўринда меҳнат тушумлари, иккинчи ўринда хорижда ишлайдиган шахсларнинг юборадиган пул ўтказмалари, шунингдек, кўчмас мулкдан келадиган маблағлар ҳисобига юқорилаши мумкин. Демографик кўрсаткичларимиз 2016-2018 йилдан эътиборан кескин кўтарилди, 2016 йилда ҳар бир аёлга мамлакат ҳисобида 2,1 нафар фарзанд тўғри келган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 3,1 нафарга етди. Туғилиш ўсяпти, ўлим коэффициенти камайяпти. Мазкур жараён натижасида ҳар йили давлат аҳолиси 730-750 мингга кўпайяпти. Мамлакатда одамлар сонининг тез ўсиши ҳукуматдан келгуси йиллар учун стратегик тайёргарлик ишларини кўриш, янги туғилаётган аҳолидан демографик дивиденд олиш учун уларга тўғри сармоя киритишни талаб этяпти. Юқорида таъкидланган сумма демографиянинг асосини ташкил этувчи туғилишни соғлом тарзда яратишга асос бўла оладими-йўқми, деган саволга аниқ жавоб бера олмайман. Бу аҳолининг ҳолати, шахсий талаб ҳамда харажатларига боғлиқ.
— Сенатда 2023 йил 9 ноябрда бўлиб ўтган “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги семинарда “Ўзбекистон учун ички хавфлар, асосан, аҳолининг сезиларли даражада юқори ўсиш суръатларидан келиб чиқади”, деган фикрлар ҳам билдирилган эди. Бутун дунёда демографиянинг ўсиши энг қиммат капитал сифатида баҳоланаётган бир вақтда бизнинг сиёсатчилар орасида бу жараён “ички хавф” дея изоҳланаётгани қай даражада мантиққа тўғри келади?
— Аминманки, бу ҳукуматнинг қараши эмас, бирор сенаторнинг шахсий фикри бўлиши мумкин. Туғилиш бўйича бизда ҳеч қандай тўсиқлар қўйилмаган ва бундай қилиниши тўғри ҳам эмас. Биргина Хитойни мисол келтирсак: ушбу давлатда неча йиллардан буён 2 болалилик сиёсат олиб борилган, яъни бир оилада икки нафардан кўп фарзанд бўлиши мумкин эмас эди. Натижада ҳозир Хитойда туғилиш камайиб кетган, аёллар фарзанд дунёга келтиришни истамай қўйган. Ёки Европа давлатларига қарайлик, у ерда ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас. Ҳукумат туғишни чекламаган, бироқ шунга қарамасдан Европа мамлакатларида ҳам қариш тенденцияси кузатиляпти. У ерда ҳукуматлар меҳнат бозорида ишчи кучи етмаётганидан қўрқувда. Япония, Кореяда қариялар сони кескин ошган. Россияда ҳам айни шу ҳолат рўй беряпти, бу давлатда “она капитали” деган ижтимоий пакетлар бўлишига қарамасдан, ҳукумат туғилиш кўрсаткичларини ўстира олмаяпти. Дунёда бўлаётган демографик инқирозлардан хулоса чиқарган ҳолда биз туғилишни қисқартиришимиз эмас, инсон капиталига тўғри сармоя киритиш орқали демографик дивиденддан фойда олиш йўлларини пухта ишлаб чиқишимиз керак.
— Хитойда 1,4 млрд аҳоли яшайди ва йилига 8 млн одам туғиляпти. Уларда сўнгги йилда аҳоли 2 млн кишига камайган. Ҳиндистонда 1,4 млрд аҳолига 13 млн одам дунёга келяпти. Ўзбекистоннинг қарийб 37 млн аҳолисига йилига 1 млн.га яқин одам қўшиляпти. Айтиш жоизки, мамлакатда туғилиш кўрсаткичлари баланд. Ўзи аҳоли ўсиш суръатларини шакллантиришнинг асослари нималардан иборат? Ўзбекистонда ҳозирги демографик ўсиш тезлигининг сабаблари нима?
— Аҳолининг ўсиш суръатларини туғилиш ва ўлим ўртасидаги коэффициентлар шакллантиради. Бугунги кунда туғилиш биринчи ёки иккинчи боланинг ҳисобига эмас, учинчи ва тўртинчи фарзандлар ҳисобига кўпайиб кетяпти. Яъни аҳоли орасида кўп болалилик модели ривожланяпти. 2022 йилда институтимиз томонидан уч ва ундан кўп фарзандли оналар ўртасида ўтказилган сўровномада аниқланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда туғилиш кўпайишининг асосий сабаблари қуйидагилар:
- аҳолининг кўп болалилик моделига ўтиши;
- аҳоли даромадининг ошиши;
- аёллар ўртасида тиббий саводхонликнинг етишмаслиги;
- диний қарашларнинг кучайиши.
— Ўзбекистон аҳолиси жуда ёш, яъни 30,1 фоиз фуқаро 14 ёшдан кичик. Айтайлик, 5 йилдан кейин уларнинг катта қисми меҳнатга лаёқатли ёшлар сафига қўшилади. Аниқ рақамларда 30,1 фоиз — 10 668 672 кишини ташкил этади. Бу янги иш ўринлари яратиш зарурати дегани. Хўш, иқтисодий салоҳиятимиз шунча иш ўринларини яратишга етадими? Унинг учун қандай стратегик чораларни кўриш керак? Ёшларни тилга, ҳунарга ўқитиш масалалари қандай аҳволда?
— 2030 йилгача аҳолининг ўсиш суръатларини таҳлил этиб, бунинг натижасида таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларига сифат ва сон жиҳатдан тушадиган юкларни ҳисоб-китоб қилганмиз. Изланишларимизга кўра, 2016 йилда 650-700 минг бола мактабларга 1-синфга қабул қилинган бўлса, яқин келажакда мазкур кўрсаткич 850-900 минг нафарга етади. Бу эса ўз ўрнида, мактаблар қувватини оширишни талаб этади. Ҳозирда республикада уч сменада фаолият юритадиган мактаблар қувватини кўпайтириш, ўқитувчиларга бўлган босимни камайтириш мақсадида энг асосий урғу хусусий мактаблар, хусусий мактабгача таълим муассасалари ва оилавий боғчаларни очишга қаратиляпти. 2030 йилга қадар мактабгача таълимга болаларни 90 фоиз, умумтаълимга эса 100 фоиз миқдорда қамраб олиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳар бир ўқитувчига 12 нафар бола тўғри келяпти. АҚШда бу кўрсаткич 14, Хитойда эса 17 нафарни ташкил этади. Таълим жараёнида ўқитувчиларга тўғри келадиган бола сони нормадан ошиб кетгани йўқ. Бироқ сифат жиҳатдан масалалар бор, педагогларимизнинг таълим бериш қобилияти устида кўпроқ ишлашимиз керак. Умумтаълимда инглиз, рус тиллари, IТ ва технология соҳалари бўйича ўқитувчилар етишмайди. Умуман олганда, мактабларда ўқувчиларни ўқитувчилар билан таъминлаш, юқори малакали шифокорлар ва ўрта бўғин шифокорлари билан аҳолини қамраб олиш бўйича Ўзбекистондаги натижалар ривожланган давлатлар кўрсаткичлари қаторига киритилган.
— Жаҳон банки таҳлилий кўрсаткичларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сувга бўлган талаб 59 куб км.дан 62-63 куб км.гача ошади ва мавжуд сув ресурслари 57 куб км.дан 52-53 куб км.гача камаяди. Бу эса жорий сув танқислигини (2 куб км.дан 11-12 куб км.гача) беш баробарга оширади. Ичимлик суви таъминотидан фойдаланишда асосий хавфлар чучук сувнинг ўткир тақчиллиги, фойдаланиш учун рақобат, ифлосланиш, қурғоқчилик кабилардан иборат экани айтилган. Сув ресурсларининг камайиши ва ундан келиб чиқадиган экологик муаммолар демографик ўсиш cуръатларига таъсир қиладими? Бу нималарда кўринади?
— Аҳолининг ўсиши табиий ресурсларга бўлган талабни кенгайтиради. Ҳақиқатдан, 2030 йилда Ўзбекистонда сув ресурслари танқислиги кузатилиши мумкин, деган тахминлар мавжуд. Қишлоқ хўжалигида сувнинг тежамкорлик механизмларидан фойдаланмаган ҳолда ишлатилиши сувнинг камайишига сабаб бўляпти. Афғонистон томонидан Қўштепа каналининг қурилиши ҳам сув захираларимиз камаяётганига ҳисса қўшяпти. Қурғоқчилик, биринчи навбатда, демографик ўсиш суръатлари сони эмас, сифатига таъсир кўрсатиши, яъни экологик муаммолар юзага келиб, саломатликка салбий таъсир этувчи омиллар кўпайиши мумкин.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди
Оператор: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
10:54 / 09.12.2024
Токиода туғилиш даражасини ошириш ва ишлайдиган оналарни қўллаб-қувватлаш учун 4 кунлик иш ҳафтаси жорий этилади
18:08 / 07.12.2024
Европа Иттифоқида туғилиш даражаси рекорд даражада пасайди
16:43 / 07.12.2024
Марказий Осиё аҳолиси сони 80 миллиондан ошди
20:54 / 19.11.2024