Белгородда Ил-76 ҳалокати. Ҳозиргача нималар маълум?
Россия мудофаа вазирлиги бортда 65 нафар украин ҳарбий асирлари бўлганини айтган. Украина қуролли кучлари бош штаби ва разведканинг изоҳлари самолёт украинлар томонидан уриб туширилганини тасдиқлашдек янграмоқда.
Россия мудофаа вазирлиги чоршанба куни Белгород областида украиналик ҳарбий асирларни алмашув учун олиб кетаётган Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти уриб туширилганини маълум қилди. Баёнотга кўра, зарба Харкив областидан туриб берилган.
Москвадагилар нималар дейишмоқда?
Қулаган Ил-76 бортида Украина қуролли кучларининг Белгород областига алмашув жараёни учун олиб келинган асирликдаги 65 ҳарбийси, самолёт экипажининг олти аъзоси ҳамда уч нафар қўриқчи бўлган, деб хабар берган Россия мудофаа вазирлиги. Яъни 74 киши. Уларнинг барчаси самолёт ҳалокати оқибатида ҳалок бўлган.
Россия ҳарбий идорасига кўра, Украина қуролли кучлари Харкив областининг Липци қишлоғи ҳудудида жойлаштирилган зенит-ракета комплексидан иккита ракета учирилган. Мудофаа вазирлиги бу учиришлар Россия радиолокацион воситалари орқали қайд этилганини маълум қилган.
РФ мудофаа вазирлигига кўра, Ил-76 самолёти Москва областидаги Чкаловский аэродромидан Белгородга учган. ТАСС агентлиги маҳаллий руҳонийга таяниб ёзишича, у Яблоново қишлоғидан беш-олти километр масофада қулаган, ерда вайронгарчиликлар қайд этилмаган.
Бунгача маҳаллий телеграм-каналлар ва ҳарбий соҳага ихтисослашган блогерлар Ил-76 Белгород областининг Корочанский районига қулаганини айтиб, самолёт қулаши ва портлаши акс этган видеони тарқатганди.
Россия мудофаа вазирлиги ҳалокатни теракт деб атаган ва бунда «Киев режими»ни айблаган.
Вазирлик версиясига кўра, Украина ҳукумати «мавжуд амалиёт бўйича бугун украиналик ҳарбий хизматчилар Белгород аэродромига ҳарбий-транспорт самолётлари орқали етказилиши керак бўлгани»дан бохабар бўлган. Хабарда айтилишича, асирлар алмашинуви 24 январ куни куннинг иккинчи ярмида Колотиловка назорат-ўтказиш пунктида амалга оширилиши керак эди.
Вазирликдагиларнинг ҳисоблашича, «Киев режими бу қадамни Россияни украин ҳарбийларини йўқ қилишда айблаш мақсадида ташлаган».
The Insider нашрининг асирлар алмашинуви жараёнидан хабардор манбаси асирлар бунгача ҳам бир неча марта «самолётларда олиб келингани»ни тасдиқлаган. Аммо Россия бугун бу ҳақда огоҳлантириш юбормаган.
Кремл самолёт ҳалокати бўйича изоҳ беришдан бош тортди. «Бу янги хабар. Энди бу маълумот ўрганилади. Ҳозирча ҳеч нарса айта олмайман», — деган журналистларга РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Владимир Путиннинг ўзи ҳозирча бу борада ҳеч нарса демаган.
Кун охирига келиб Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот бериб, Ил-76 самолёти ҳалокатини теракт деб баҳлоди ва унда Украина ҳукуматини айблади. Россиянинг бу идораси ҳам РФ мудофаа вазирлигининг самолётга Харкив областидан зенит ракеталар билан зарба берилгани ҳақидаги маълумотини такрорлаган .
«Киевдагилар асирлар алмашинувига тайёргарлик ҳақида жуда яхши билишган. Ҳарбий асирлар қандай ва қайси йўналиш бўйлаб етказилишидан ҳам хабардор бўлишган. Самолётга ҳужум қасддан ва онгли равишда қилинган акция эди. Содир этилган теракт Киев режимининг музокара олиб боришга қодир эмаслигини яққол намойиш этади», — дейилган Россия ТИВ хабарида.
Вазирлик халқаро тузилмалар, миллий ҳукуматлар ва жаҳон ҳамжамиятини бу ҳодисани «қоралаш»га чақирган.
Киевдагилар нима демоқда?
Украина президенти Володимир Зеленский кун давомида вазият юзасидан муносабат билдирмади, унинг офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк эса Reuters агентлиги сўровига шундай жавоб қайтарган: «Изоҳ бироз кейинроқ бўлади. Барча маълумотларга аниқлик киритиш учун вақт керак».
Украинадаги нашрлар аввалига Украина қуролли кучларидаги манбага асосланиб, Белгород областидаги Ил-76 ҳалокати — «уларнинг иши» экани ҳақида хабар тарқатди. Бундай иқтибос «Украинская правда» ва «РБК-Украина» нашрлари томонидан келтирилган. Манба версиясига кўра, қулаган Ил-76 ҳарбийларни эмас, балки С-300 зенит-ракета комплекси учун ракеталар ташиётган бўлган.
Кейинроқ икки нашр ҳам ўз хабарини таҳрирлаб, украин ҳарбийларининг «иши» ҳақидаги сўзларни ўчириб юборди. «Суспілне» нашри эса Украина ҳукумати ҳозирча самолёт қуролли кучлари томонидан ўққа тутилгани ҳақидаги хабарни тасдиқлай олмаслиги, «вазиятга ойдинлик киритилаётгани» ҳақида ёзди.
Украина ҚК бош штаби украин ҳарбийлари Россия ракеталарини учириш нуқталарини кузатишда давом этаётгани ва «уларни етказиб бериш воситаларини йўқ қилиш чораларини кўраётгани» ҳақида баёнот берди. Ил-76 ҳалокатидан бир неча соат ўтиб берилган бу баёнотда тўғридан тўғри ҳалокатнинг ўзи ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Украиналик ҳарбийлар Харкив области ракеталардан ўққа тутилиши интенсивлиги ва шу билан боғлиқ равишда Белгородга учаётган ҳарбий-транспорт самолётлари сони ортаётганини қайд этган. «Шуни инобатга олган ҳолда, Украина қуролли кучлари террорчилик таҳдидини бартараф этиш учун, шу жумладан Белгород-Харкив йўналишида етказиб бериш воситаларини йўқ қилиш ва ҳаво ҳудудини назорат қилиш чораларини кўришда давом этади», — дейилган Бош штаб баёнотида.
Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси 24 январ куни Россия ва Украина асирларни алмаштиришга ҳозирлик кўрганини тасдиқлади, аммо асирлар самолётда бўлган-бўлмагани аниқ эмас. Шу билан бирга, бошқарма Украина «муайян вақт давомида Белгород шаҳри атрофида ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш зарурати тўғрисида хабардор қилинмагани»ни таъкидлаган. Идоранинг қайд этишича, Киевга транспорт воситалари сони, йўналиш ва асирларни етказиш шакллари ҳақида ҳам маълумот берилмаган.
Разведкадагилар Украина асирларни алмашишга тайёргарлик кўриш бўйича барча келишувларни бажаргани ва россиялик ҳарбий асирлар «алмашиш учун келишилган нуқтага етказилгани»ни маълум қилган.
«Бу Россиянинг асирлар ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид яратишга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатларидан далолат бериши мумкин, — деган разведка бошқармаси. — Шундан келиб чиқиб, гап Россиянинг Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш ва давлатимизни халқаро майдонда қўллаб-қувватлаш даражасини заифлаштириш мақсадида режалаштирилган ва қасддан амалга оширилган ҳаракатлар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин».
NV нашрининг Украина ҳаво кучларидаги манбаси қулаган Ил-76 самолётида украин ҳарбий асирлари бўлмаганига ишончи комил эканини айтган. «Бу Ил-76 самолётлари билан кунига бир неча бор фронтга ўқ-дори етказиб берилади. Бу уларнинг тасдиқланган маршрути, бу йўналиш бўйича улар кунига камида уч марта нафақат ўқ-дорилар, балки С-300 тизимларини ҳам етказиб беришади. Ишончимиз комилки, у ерда асирлар бўлмаган», — деган журналистлар суҳбатдоши.
Асирлар рўйхати
Россиялик пропагандачи Маргарита Симонян гўёки қулаган Ил-76 бортида бўлган украин ҳарбий асирлари рўйхатини эълон қилди. Унда 65 кишининг исми, шарифи, фамилияси ва туғилган саналари келтирилади. Бу рўйхат ҳақиқийлиги тасдиқланмаган. Симоняннинг рўйхатидаги одамлар асирлар алмашувида иштирок этиши ва самолёт бортида бўлиши керак бўлгани ҳақида ҳам ҳеч қандай тасдиқ йўқ.
Симоняннинг рўйхатида асирлар ҳақидаги маълумотларни йиғувчи Wartears лойиҳаси сайтида тилга олинган бир неча украин ҳарбий асирларини кўриш мумкин. Рўйхатдаги камида 11 кишининг маълумотлари 2023 йил декабр ойи охирида украинларнинг «Поиск пленных и пропавших без вести украинцев» телеграм-каналида эълон қилинган маълумотларга тўғри келади. BBC рус хизмати рўйхатдаги 20 кишини текшириб кўрган — уларнинг барчаси ижтимоий тармоқларда ва махсус сайтларда украин ҳарбий асирлари сифатида келтирилган. Шу билан бирга, рўйхатдаги камида бир киши — Коноваленко Максим Анатолевич — Wartears маълумотига кўра 2024 йил 3 январида алмаштирилган.
Baza манбаси тасдиқлашича, рўйхатдаги украин ҳарбий асирларининг айримлари Мариуполда, айримлари — кенг кўламли босқиннинг илк ҳафталарида, 2022 йил мартида асир тушганди.
Мавзуга оид
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024