Жаҳон | 12:24 / 25.01.2024
10406
8 дақиқада ўқилади

Ҳусийлар Қизил денгиз билан чекланмоқчи эмас: эскалация эҳтимоли қанчалик?

Яман ҳусийлари “Ал-Ақсо учбурчаги” номли режани кўриб чиқмоқда: уларнинг баёнотларига кўра, бу режа Яқин Шарқдаги учта асосий сув йўли – Боб ал-Мандаб, Ҳўрмуз бўғози ва Сувайш каналини ёпишни назарда тутади. Ҳаракат шунга қодирми? Бу режага Миср, Эрон ва Форс кўрфази араб давлатларининг реакцияси қанақа бўлади?

“Геосиёсат” шу каби саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримовга юзланди.

— Ҳўрмуз бўғозининг стратегик аҳамияти ва бўғознинг ёпилиши ҳусийларнинг иттифоқчиси бўлмиш Эрон учун ҳам иқтисодий ютқазиш бўлмайдими?

Фарҳод Каримов: — Ҳормуз бўғози халқаро савдо учун муҳим объект. Энергия ресурслари учун маршрутнинг асосий қисми ҳам шу бўғоздан ўтади. Умуман, минтақа учун ҳам, дунё давлатлари учун ҳам катта аҳамиятга эга. БАА, Қатар катта бозор сифатида очилиб боряпти, Хитой ва бошқа ердан келувчи товарлар Ҳормуздан ўтади. Шунинг учун ҳам бу ерни ҳимоя қилиш учун катта миқдордаги молиявий ресурслар сарфланади. Қатар, БААда АҚШ, Британия, Туркия ҳарбий базалари ҳам жойлашган, шу ҳам бу ҳуқуқнинг нақадар муҳим эканини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан бу бўғоз Қизил денгиз даражасида муҳим ҳисобланади.

“Ал-Ақсо учбурчаги” масаласи ўтган йили ноябр ойида ҳам кўтарилган эди, ўшанда ушбу учбурчакдан ўтадиган Ғарб ва Исроил кемаларини ўтказмаймиз, деган эди. Декабр ойида Исроилга ҳужум қилиш ҳақида ҳам гапирганди ҳусийлар. Аммо бунинг техник жиҳатдан имкони йўқ, Саудия устидан ўтиб амалга оширолмайди, Саудия бунга йўл қўймаслигини билдирган ҳам. Ҳозир яна шу масалани кўтаряпти. Форс кўрфази давлатлари манфаатлари бўлган бу ҳудудларга ҳусийлар ҳужум қилиб, назорат этиши қийин масала. Фақатгина Боб ал-Мандаб бўғозида ҳозиргидек назорат олиб бориши мумкин.

Камолиддин Раббимов: — Ҳусийлар баёнотларда Хитой, Россия ва Эрон кемаларига тегинмасликларини билдиришди. Трамп ҳусийларни террористик ташкилот сифатида АҚШ қора рўйхатига киритган эди, Байден ҳокимиятга келгач, Ямандаги ҳуманитар ҳолат издан чиқяпти деб ҳусийларни бу рўйхатдан чиқарган эди. Аммо яқинда Байден ҳусийларни қора рўйхатга қайта киритди. Ҳусийлар бу ишдан ташвишга тушгани йўқ, аммо бундан ўз мақсадларида важ сифатида фойдаланмоқчи. АҚШ экспертлари ҳам бу иш ҳусийларни чўчитмайди, балки яманликларни қийнайди, савдо-иқтисодий алоқалар узилиб, ҳуманитар ёрдамлар тўхтаб қолади, дейишди.

Эрон ҳусийларга таъсир қилади, лекин ҳусийлар Эроннинг қўл остида эмас. Ҳусийлар Эроннинг гапини эшитади, лекин ўз билганини қилади, деган қарашлар ҳам кучли. Саудия ҳусийлар билан келишувга эришган. Саудия келажакдаги потенциал урушларни инобатга олиб, шарқий ҳудудларидаги нефтни Қизил денгизга олиб чиқиш логистикасини йўлга қўйган. Вазият чигаллашяпти. Ҳусийлар АҚШ, Исроил ва уларнинг иттифоқчиларига қўлидаги воситалар билан зарба бермоқчи, лекин уларнинг қурол-яроғ захираси у қадар катта эмас, дейилади.

— Бу Қатар, БАА ва Саудия Арабистонидан Исроилга нефт ва газ етказиб беришни тўхтатишга олиб келади. Бу вазиятда юқоридаги давлатлар қандай йўл тутади?

Фарҳод Каримов: — Форс кўрфази араб давлатлари асосий нефт-газ экспортини Исроилга қилмайди, унинг асосий ҳамкори Озарбойжон бу борада. Шунинг учун ҳам нефт-газ танкерлари кўп муаммоларга дуч келмайди. Бу бўғоз орқали ўтувчи нефт-газнинг асосий импортёри Хитой ҳисобланади, Хитой эса босим қилиб бўлса ҳам, ҳусийларга таъсир ўтказиб, хавфсизлигини таъминлайди, чунки Хитой саноати энергия ресурсларига боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу борада Форс кўрфази араб давлатлари ташвишга тушмаяпти. Яна бир томони борки, уларда қуруқлик йўли лойиҳалари бор сув йўлларига алтернатив сифатида, агар босим бўлса ҳам, ўша йўлларни ишга тушириши мумкин. Умуман, экспорт-импортни чеклаб қўядиган жиддий хавф йўқ ҳали.

— Сувайш канали манфаати учун Миср қандай чора кўради?

Камолиддин Раббимов: — Бугун дунё давлатларида шундай тафаккур бор: партизанлик ёки гуруҳлар билан уруш қилиш катта харажат талаб қилади, геосиёсий, сиёсий талафотларга сабаб бўлади. Ҳусийларни ёқтирмайдиган араб давлатлари кўп. Масалан, Саудия 7 йил ҳусийлар билан урушди, аммо келишишга мажбур бўлди.

Ҳусийларнинг бу ҳаракатлари Мисрнинг шундоқ ҳам танг иқтисодиётига зарба беради. Боб ал-Мандаб бўғозининг ёпилиши Сувайш каналига келаётган кемалар салмоғига ҳам катта таъсир қилади. Миср ҳафтасига юз миллионлаб пул йўқотяпти. Аммо ҳусийларга нисбатан ҳарбий ҳаракатлар бўлмайди.

Саудия ҳам ҳусийларнинг 7 октябрдан кейинги ҳаракатларини хавотир билан кузатяпти. Эрон ҳам, Саудия ҳам минтақада яна бир уруш бўлишини истамайди. Чунки босқичма-босқич бу давлатларни ҳам тортиб кетиши мумкин. Ҳар бир давлатнинг ижтимоий, сиёсий муаммолари бор. Саудия ва Эронда легитимлик пастлиги муаммоси бор. Шу фонда қандайдир беқарорлик пайдо бўлса, кейинги оқибатлар қандай бўлишини ҳеч ким моделлаштира олмайди. Саудиянинг аниқ позицияси – уруш бўлмаслигига йўл қўймаслик.

— Воқеалар шундай шаклланиб борса, ҳусийлар бошига ҲАМАСнинг куни келиши мумкинми?

Фарҳод Каримов: — Қизил денгизда коалиция тузилганда Европадан Италия ва Испания чиқиб кетганди. Аммо бугун бу нарса яна кун тартибига қўйиляпти, чунки асосий юк ташувчи компаниялар Европаники ҳисобланади ва ҳозирги вазиятдан зарар кўришяпти. Европада фуқаролик институтларидан ташқари молиявий институтларнинг ҳам таъсири катта, юк ташувчи компаниялар ҳам бу таъсирдан фойдаланади. Шу нуқтаи назардан Европа ўша ердаги юк ташувчи кемалар хавфсизлигини таъминлаш масаласини қўйяпти, лекин бу ҳусийларга уруш очиш эмас. Европа ҳам яна бир фронт очилишини истамайди, фақат хавфсизлик муаммоси қўйиляпти.

Афсуски, Ғазо муаммоси қайсидир сиёсий кучлар учун ўз мақсадини амалга оширишга баҳона бўлиб қолди. Масалан, ҳусийлар ҳам тўлиқ Яманни назорат қилмайди, шу маънода ички легитимлигини ошириш учун Ғазога ёрдам берамиз, деяпти. Ғазо сиёсий воситага айланиб қоляпти, ҳеч ким тинчлик учун ҳаракат қилмаяпти. Ваҳоланки, ҳусийларнинг таъсири юқори бўлмаяпти фаластинликларга.

Камолиддин Раббимов: — “ҲАМАСнинг куни” деган тушунчага тўхталиш керак биринчи. ҲАМАС узоқ муддат урушга тайёрланган, аҳоли ўртасида яшириниб, партизанлик уруши олиб боряпти. Унинг йўқ қилингани ёки катта талафот кўргани ҳақида аниқ маълумотлар ҳам йўқ, раҳбарларининг ўрни тўляпти, Ғазо аҳолиси орқали ўзини тўлдиради. Ҳусийларнинг ҳам ижтимоий базаси бор, Яман аҳолисининг ярмидан кўпи уларни қўллайди.

Юқорида Фарҳод Каримов айтгандек, Европа ҳусийларга қарши янги уруш компанияси бошлаш эҳтимоли кам. Дунёда янги геосиёсий тафаккур шаклланди: АҚШ ўз ички муаммолари билан банд, сайловлар йили, изоляционизмга мойиллик ошяпти, коллектив Ғарб ташқи дунёдаги ишлардан чарчаган, шундай вазиятда уларни чарчатсак, АҚШ ўз уйига қайтади, деган тафаккур бор.

“Толибон” мисолида кўрдикки, 20 йиллик урушда йўқолмади улар. 1996-2001-йилларда мамлакатнинг учдан бир қисмини назорат қилган “Толибон” бугун бутун давлатни назоратига олди. Ҳусийлар билан кураш натижаси ҳам шундай бўлишини билади АҚШ. АҚШ уруш бошлаш кайфиятида ҳам эмас, агар шундай бўлганда у ахборот орқали жамоатчилик фикрини шакллантириб бошларди. Ҳозир бундай ҳаракат йўқ. Масалан, Ироқдаги уруш олдида АҚШ 2 йил шундай қилган эди. Афғонистонга кириш тезроқ бўлди, чунки 11 сентябр воқеаларидан кейин нимадир қилиш керак эди. Бугун кундаги ҳусийларни террористик рўйхатга қайтариш, ҳарбий операция ўтказиш ҳам шунчаки “нимадир қилиш” учун бўляпти, деяпти экспертлар.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид