Жаҳон | 11:17 / 26.01.2024
7421
3 дақиқада ўқилади

Жанг қилаётган россиялик маҳбуслар энди афв этилмаяпти

Украинада жанг қилаётган россиялик маҳбуслар энди президентнинг афв этиши ўрнига шартли равишда озод қилинмоқда. Улар уруш охиригача хизмат қилиши керак, деб  аниқлади ВВС журналистлари.

Фото: ТАСС

Украинага қарши жанг қилишга рози бўлган россиялик маҳбуслар президентнинг афв этиши ўрнига шартли равишда озод қилинмоқда, улар уруш охиригача хизмат қилиши керак, дейилади Британиянинг ВВС медиа-компанияси рус хизмати томонидан ўтказилган суриштирувда. У пайшанба, 25 январ куни эълон қилинди. Қариндошларнинг хабарларини таҳлил қилиб, Украинадаги урушдан қайтган маҳбусларнинг ўзи билан суҳбатлашгандан сўнг, журналистлар колонияда ёлланганлар энди Россия мудофаа вазирлиги билан олти ой эмас, балки бир йил муддатга шартнома тузаётганини аниқлади. Шартнома автоматик равишда янгиланади.

Шартли равишда озод қилинганлар

Маҳкумлар энди Россия президенти Владимир Путиндан афв олмаяпти, шартли равишда озод қилинган маҳбуслар сифатида жанг қиляпти. Шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги низом қонунда яқинда пайдо бўлди. Бу суд қарорини талаб қиладиган шартли озодлик эмас. Шартли равишда озод қилиш учун колония ёки маҳкумлар шартнома тузадиган ҳарбий комиссарликнинг қарори кифоя қилади. Бу ҳолатда Россия Федерацияси президентининг иштироки талаб қилинмайди.

Урушда бўлган маҳкумларни тўлиқ озод қилиш ва судланганлик ҳолатини олиб ташлаш, агар улар давлат мукофотига сазовор бўлса ёки уруш тугагани, соғлиғини йўқотгани ёки ёш чегарасига етгани сабабли хизматдан бўшатилган тақдирдагина амалга ошиши мумкин.

Колонияларда маҳкумларни ёллаш

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин 2022 йилнинг ёзида Россия колонияларида маҳбусларни ёллашни бошлади. 2023 йил феврал ойидан бошлаб Россия мудофаа вазирлиги маҳбусларни фронтга жўнатяпти. Дастлаб, ёлланган маҳбусларга олти ой жанговар ҳаракатларда қатнашганидан кейин пул ва афв ваъда қилинган.

Ўтган йилнинг ўрталарида Путин Украинадаги урушдан қайтган маҳбусларни афв этганини тасдиқлаган эди. Улар орасида қотиллик ва бошқа оғир жиноятлар учун судланганлар ҳам бор эди.

ВВС журналистлари «Шторм Z» маҳбуслар махсус ротаси жангчиларининг қариндошлари хабарларини чатларда ўрганиб чиқиб, 2023 йил августида ёллаш тўхтатилган деган хулосага келди. Сентябр ойидан бери маҳбуслар «Шторм V» бўлинмаларида рўйхатга олинган. 23 январ ҳолатига кўра, Украинадаги урушда аллақачон 8000 дан ортиқ маҳкум ҳалок бўлди. Улардан 1000 дан ортиғи «Шторм Z» ёки «Шторм V» отрядларида жанг қилган, деб аниқлади суриштирувчилар.

Мавзуга оид