Жаҳон | 22:41 / 27.01.2024
27054
4 дақиқада ўқилади

Ҳусийлар нефт танкерига зарба беришди

Ҳодиса нефт танкерига қилинган энг йирик ҳужум деб аталмоқда. Буюк Британия ва АҚШ зарбага жавоб қайтаришини маълум қилди.

Фото: INDIAN NAVY

Яман ҳусийлари томонидан отилган ракета билан урилган Marlin Luanda танкеридаги ёнғин бир неча соат давом этди ва ўчирилди. Ҳодиса Адан кўрфазида содир бўлди. Экипаж эвакуация қилинди, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Айни дамда кема энг яқин портга йўл олмоқда, деди танкернинг Британия оператори Trafigura, бироқ қайси порт эканига аниқлик киритмади.

Танкерга ҳужум шанбага ўтар кечаси Қизил денгиздан чиқиш жойида содир бўлди. Ёнғин кеманинг юк бўлимларидан бирида бошланди ва уни ўчириш учун ёнғин ўчириш техникаси қўлланди. Маълум қилинишича, ёнғинни ўчиришда Франция, Ҳиндистон ва Америка ҳарбий-денгиз кучларининг яқин атрофдаги кемалари ёрдам берган.

Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлари ҳужумни Британия-Америка агрессиясига жавоб деб айтишди.

Аввалроқ АҚШ ва Буюк Британиянинг бирлашган кучлари Ямандаги ҳусийларнинг позицияларига қатор зарбалар берган эди.

Ҳусийларнинг Адан кўрфазидаги ҳаракатлари минтақадаги халқаро юк ташишни амалда фалажлаб қўйди ва глобал савдога жиддий зарар етказди.

Британия расмийлари шанба куни савдо кемаларига ҳужумлар қабул қилинмаслигини ва Лондон билан унинг иттифоқчилари жавоб қайтариш ҳуқуқини сақлаб қолишини айтди.

Тахминан 8 соат ўтгач, АҚШ ҳарбийлари Қизил денгизга қаратилган ва учиришга тайёр бўлган ҳусийларнинг кемага қарши ракетасини йўқ қилди.

Bloomberg сўнгги воқеани нефт танкерига қилинган энг йирик ҳужум деб атамоқда. Trafigura маълумотларига кўра, у Россияда ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотларини ташиган. Бу юк, санкцияларга мувофиқ, Ғарб давлатлари томонидан деярли бир йил аввал ўрнатилган нарх чегарасидан паст қийматда сотиб олинган, деб ишонтирди оператор вакили.

Marlin Luanda танкери Маршалл ороллари байроғи остида сузади. АҚШ расмийларининг таъкидлашича, унга кемага қарши баллистик ракета билан зарба берилган.

Минтақада Британия ҳарбий-денгиз кучлари ва савдо кемалари ўртасида маълумот алмашишни ташкил қилувчи UKMTO хизмати ҳодиса Адандан 60 денгиз мили жануби-шарқда содир бўлганига аниқлик киритди. UKMTO бошқа кемаларни эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш ва ҳар қандай шубҳали ҳолатлар ҳақида хабар беришга чақирди.

Trafigura кема шикастланганини ва ҳарбий кемалар ёрдам бериш учун унга қараб кетаётганини тасдиқлади.

Ҳусийлар ҳарбий вакили Яҳё Сариа танкерга бир нечта ракета билан зарба берилганини ва улар нишонга аниқ текканини айтди. Ҳусийларнинг айтишича, уларнинг ҳаракатларидан мақсад Исроил катта ҳарбий кампания олиб бораётган Ғазодаги ҲАМАС ҳаракатини қўллаб-қувватлашдир.

Яман ҳусийлари аввалига Исроил билан қандайдир алоқаси бўлган кемаларга ҳужум қилишини айтишган эди, гарчи бундай ҳолат ҳар доим кузатилмаган бўлса-да.

11 январ куни АҚШ ва Буюк Британия ҳусий нишонларига зарба берди, шундан сўнг улар бундан буён ушбу давлатлар билан боғлиқ кемаларга ҳам ҳужум қилишини айтишган эди.

Яманга берилган зарбаларга қарамай, денгиздаги отишмалар амалда тўхтамади. Шундан сўнг, Европа ва Осиё ўртасида ҳаракатланаётган кўплаб кемалар ҳудудни айланиб ўтиб, Африка бўйлаб узоқроқ йўналишдан ҳаракатлана бошлади, бу эса юк ташиш харажатларининг ошишига олиб келди.

Мавзуга оид