Ўзбекистон | 10:43 / 29.01.2024
23528
3 дақиқада ўқилади

Транспорт вазири ва қатор масъулларга ҳайфсан берилди

Президент ўтказаётган йиғилишда Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликлар туфайли транспорт вазири, унинг биринчи ўринбосари, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раисига ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилмоқда.

Таъкидланишича, ушбу тизимда 3 та вазирлик ва идора, 3 та инспекция, 5 та компания, ҳудудларда қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳаларига масъул ҳоким ўринбосарлари борлиги, пойтахт ва Тошкент вилояти ҳокимларига қурилиш ва коммунал соҳага алоҳида ўринбосар берилганига қарамай, бу комплекс халқ энг кўп норози бўлиб мурожаат қиладиган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда.

Давлат раҳбари қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиб, қурилиш нормаларини янгилаш, ичимлик суви таннархи ва тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, маҳаллий авиарейсларни кўпайтириш, Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни бирма-бир санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканлигини қайд этди.

Шу муносабат билан транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси Анвар Жўраевга ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилди.

Илҳом Маҳкамов 2019 йилда транспорт вазири биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлаган, 2021 йил февралидан буён транспорт вазири лавозимида ишлаб келмоқда, у 2024 йил 18 январда ҳам маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказишда ишончли логистика занжирларини ташкил қилиш бўйича ўз ечимини кутаётган масалаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда огоҳлантирилганди.

Ўшанда вазир юк ташиш учун қўшимча йиғимлар, ҳайдовчилар учун виза режими мураккаблиги ва бошқа масалалар билан лозим даражада шуғулланмаётгани учун огоҳлантирилган.

Маманбий Омаров муқаддам Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири бўлган, 2023 йил сентябрида транспорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтганди.

Маманбий Омаров. Фото: Транспорт вазирлиги

Олим Саидов 2019 йил ноябридан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи бўлган, 2022 йил январида унинг лавозими ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига ўзгартирилганди

Олим Саидов. Фото: Kun.uz

Анвар Жўраев 2017-2018 йилларда «Тошшаҳартрансхизмат» раиси бўлган, 2019 йилда яна шу лавозимга қайтарилганди.

Анвар Жўраев. Фото: Kun.uz

Мавзуга оид