Ўзбекистон | 16:47 / 03.02.2024
16413
2 дақиқада ўқилади

«Боқий Бухоро» тарихий-этнографик парки лойиҳаси эълон қилинди – фотолар

Бухоро шаҳри марказида жойлашган 32,6 гектар майдонда этнографик туризм маркази барпо этилади.

Бухоро шаҳрида «Боқий Бухоро» тарихий-этнографик парки барпо этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Парк ҳудудидан этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар тамаддихоналари, анъанавий дренаж тизимлари - ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари ўрин олади.

Мажмуа марказида, шунингдек, мусиқали фаввора ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Этнографик парк барпо этилишида халқаро экспертлар гуруҳи ва маҳаллий мутахассислар жалб этилади. Бу ҳудуддаги барча ишлар ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан 1972 йил 16 ноябрда қабул қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий меросининг муҳофазаси бўйича конвенция талаблари асосида амалга оширилади.

 

«Ўз ўрнида қайд этиш керакки, бу лойиҳа асосида мўлжалланган ҳудуднинг учдан икки қисмида Бухоро аҳолиси ва меҳмонлар сайр қилиши учун муҳташам сайлгоҳ (яшил боғ) бунёдга келиши мўлжалланган. Бунда лойиҳа ҳудудида «Яшил Бухоро» дастурига мувофиқ илгари ташкил этилган майдондаги дарахтлар ва яшиллик қиёфаси тўлиқ сақлаб қолинади ҳамда янги боғ манзараси сифатида янада бойитилади», дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

 

Мавзуга оид