Ўзбекистон | 17:01 / 05.02.2024
22982
3 дақиқада ўқилади

Блогер Отабек Сатторий озодликка чиқарилди

Унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган қисми ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади фойдасига ундирилиши белгиланди.

Фото: Timur Ahmedov / YouTube

Блогер Отабек Сатторийга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо енгилроғига алмаштирилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти суди матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2024 йил 5 феврал куни жиноят ишлари бўйича Қарши туман судида Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган Отабек Сатторийнинг судга киритган илтимосномаси кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган.

Суднинг ажрими билан Отабек Сатторийнинг 2024 йил 5 февралгача ўталмай қолган 2 йил 11 ой 25 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 74-моддаси (жазони енгилроғи билан алмаштириш) 3-қисми «в» бандига асосан ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади фойдасига ундирилиши белгиланган. 

  • Маълумот учун, 2021 йил 29 январ куни тезкор тадбирда қўлга олинган Отабек Сатторий жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра туҳмат ва товламачиликда айбланиб, 6 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
  • Унинг апелляция шикояти, адвокатининг Сурхондарё вилоятидан бошқа ҳудудга ўтказиш бўйича илтимосномасига асосан, Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилган. Апелляция суди Сатторийга Термизда сотиб олган икки хонадонини қайтариб бериш бўйича ҳукм чиқарган, лекин берилган қамоқ муддати ўзгаришсиз қолдирилганди.
  • Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 2 феврал кунидаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 май кунидаги ҳукми, Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 15 июлдаги ажрими ва Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2022 йил 5 апрелдаги ажрими ўзгартирилиб, Отабек Сатторийга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йилга келтирилган.  

Мавзуга оид