1991 йилдан кейин постсовет давлатларидаги демографик вазият қандай ўзгарди?
Иқтисодий ва ҳарбий қудрати бўйича дунёда иккинчи ўринда бўлгани иддао қилинадиган СССР парчаланганига ҳам 32 йилдан ошди. Унинг ўрнида 15 та мустақил давлат шаклланди. 1989 йилда собиқ иттифоқ 289 миллионлик аҳолиси билан бу борада Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи давлат бўлган.
Хўш, постсовет маконидаги аҳоли сони ўтган даврда қандай ўзгарди? Kun.uz очиқ статистик маълумотларга мурожаат қилди.
Марказий Осиё мамлакатлари
Қозоғистон. Қозоғистон аҳолиси 1991 йилда 16,8 млн кишини ташкил этган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида бу кўрсаткич деярли ўзгармади ва 1994 йилдан то 2002 йилгача аҳоли сони сезиларли даражада қисқариб борди ва 2001 йил якунлари бўйича 14,8 млн нафарга тушиб қолди. Бу асосан мамлакатдан кўп сонли руслар, немислар, чеченлар ва бошқа миллатлар кўчиб кетгани билан ҳам изоҳланади. Шундан сўнг мамлакат аҳолиси кичик фарқ билан бўлса-да ўса бошлади ва 2023 йилнинг якунига келиб 20 млндан ошди.
Тожикистон. Тожикистон постсовет республикалари орасида аҳоли сони ўсиши бўйича 1-ўринда туради. Хусусан, 1991 йилда Тожикистон аҳолиси 5,3 млн бўлган бўлса, 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, 10 миллиондан ошди.
Туркманистон ва Қирғизистон. 1991 йил СССР тарқаб кетиши арафасида Қирғизистон аҳолиси 4,4 млнни, Туркманистон аҳолиси эса 3,7 млн кишини ташкил қилган. Марказий Осиёнинг бошқа республикалари каби Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам аҳоли сони кўпайган ва мос равишда ҳар иккала мамлакатда 7 млн ва 6,3 млндан ошган.
P.S: Туркманистон аҳоли сони бўйича расмий маълумотлар очиқланмайди, кўп манбаларда мамлакатда аҳоли сони 6,3 млн нафардан ошгани келтирилади.
1960-2023 йилларда Марказий Осиё мамлакатларида аҳоли сонининг ўзгариши (млн киши ҳисобида)
Шарқий Европа мамлакатлари
СССР парчаланган пайтда Россияда 148,3 млн, Украинада 51,6 млн, Беларусда 10,2 млн, Молдовада 4,4 млн аҳоли бўлган. Аммо кейинги йилларда ушбу мамлакатларнинг барчасида аҳоли сони сезиларли даражада қисқариб борди. Хусусан, Россияда 1996 йилдан 2009 йилгача (148,4 млндан 141,9 млн нафаргача), Беларусда 1993 йилдан 2013 йилгача (10,1 млндан 9,4 млн нафаргача) аҳоли доимий равишда камайиб борган. Кейинги йилларда эса бу кўрсаткич турли йиллар кесимида ўзгариб борди.
Украинада 1994 йилдан то ҳозирги кунгача (51,7 млндан 41 млн нафаргача), Молдовада эса 1992 йилдан ҳозирга қадар (4,4 млндан 2,5 млнгача) аҳоли сонининг қисқариши давом этмоқда.
Юқорида номи келтирилган мамлакатларда 1960-2023 йилларда аҳоли сонининг ўзгариши (млн киши ҳисобида)
Жанубий Кавказ мамлакатлари
Жанубий Кавказ минтақаси Арманистон, Озарбойжон ва Грузияни ўз ичига олади. Мустақилликдан кейин ушбу мамлакатларда аҳолининг ўсиш ва камайиш динамикаси турли омиллар таъсирида ҳар хил шаклланди.
Арманистон. Мустақилликка эришгунга қадар, Арманистон аҳолисининг ўсиши барқарор бўлган. 1990 йиллардаги иқтисодий қийинчиликлар ва 1988 йилги Спитак зилзиласи оқибатларини бартараф этиш учун кўплаб арманлар чет элга кўчиб кетишга мажбур бўлган, бу эса аҳоли сонининг пасайишига олиб келди. Мамлакатда 1991 йилда 3,6 млн аҳоли бўлган бўлса, бу 2023 йилга келиб 2,97 млнгача қисқарди.
Грузия. Грузияда ҳам 1990 йилларда иқтисодий танглик ва сиёсий ноаниқлик аҳоли сонининг камайишига сабаб бўлган. Шундай бўлса-да, 2000 йилларнинг ўрта ва охирларига келиб мамлакат иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан барқарорлаша бошлади. Жумладан, 1991 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда аҳоли сони 5,4 млндан 3,7 млн нафаргача камайган.
Озарбойжон. СССР қулагач, Кавказ мамлакатлари ичида фақат Озарбойжонда демографик ўсиш кузатилган. Бу қисман юқори туғилиш даражаси ва иқтисодий барқарорлик билан боғлиқ. Шунингдек, нефть ва газ соҳаларига киритилаётган инвестициялар туфайли кўчиб келувчилар сонининг кўпайиши кузатилмоқда. Мамлакат аҳолиси 1991-2023 йиллар оралиғида 7,2 млндан 10,1 млнгача ошди.
Жанубий Кавказ мамлакатларида 1960-2023 йилларда аҳоли сонининг ўзгариши (млн киши ҳисобида)
Болтиқбўйи мамлакатлари
Бир неча йиллардан бери Болтиқбўйи мамлакатлари аҳоли сонининг қисқариши ва ёши катта бўлган аҳоли улушининг ортиши каби демографик ўзгаришлар билан курашиб келмоқда. Жумладан, 1991-2023 йиллар оралиғида Эстония аҳолиси 1,56 млндан 1,36 млнгача, Литва аҳолиси 3,7 млндан 2,6 млнгача, Латвия аҳолиси 2,65 млндан 1,88 млнгача камайган.
Болтиқбўйи мамлакатларида 1960-2023 йилларда аҳоли сонининг ўзгариши (млн киши ҳисобида)
Ўзбекистон
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакат ҳисобланади. Ҳозирги пайтда республика аҳолиси 36,8 млн нафарни ташкил этмоқда.
1989 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган ва унда республика аҳолисининг сони 19,7 миллион кишини ташкил этган.
1990 йилда Ўзбекистон аҳолиси 20,2 млн нафар бўлган. 2000 йилда 24,5 млн, 2010 йилда 28 млн, 2020 йилда 33,9 млн нафарга етган.
Статистика агентлигининг сўнгги маълумотларига кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, республика аҳолиси 36,8 кишини ташкил этган.
СССР қулашидан кейин собиқ иттифоқ давлатларида аҳоли сонининг ўзгариши
Собиқ СССРнинг бир қатор республикаларида аҳоли сонининг қисқариши мисли кўрилмаган суръатларда тезлашган. Хусусан, 1991-2023 йиллар оралиғида аҳоли сонининг камайиши Молдовада – 42,4 фоизни, Грузияда – 31,3 фоизни, Литвада – 29,4 фоизни ташкил этган. 15 та республика ичида фақат 6 тасида – Тожикистон (88 фоиз), Ўзбекистон (76,5 фоиз), Туркманистон (69,5 фоиз), Қирғизистон (59,1 фоиз), Озарбойжон (40,1 фоиз) ва Қозоғистонда (16,5 фоиз) аҳоли сони сезиларли даражада ўсган. Айни пайтда постсовет мамлакатларининг бутун Ер юзидаги аҳоли сони бўйича улуши 3,7 фоизни ташкил этади.
P.S: Жадвални шакллантиришда 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига оид статистик маълумотлардан фойдаланилган. Фақатгина Украина аҳолисини кўрсатишда урушдан олдинги давр, 2022 йилнинг 1 январь ҳолати инобатга олинган.
Ўтган давр мобайнида Грузия, Украина ва Молдова каби мамлакатлардаги ҳудудий бўлинишлар ва урушлар ҳам ушбу мамлакатларда аҳоли сонининг қисқаришига таъсир кўрсатган.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид
19:55 / 23.12.2024
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
11:08 / 10.12.2024
2015 йилдан бери Сурияда 540 нафардан ортиқ Россия ҳарбийси ҳалок бўлди
21:19 / 09.12.2024