Ўзбекистон | 09:24 / 17.02.2024
20837
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙПХ ходими тутқаноғи тутиб қолган беморга ёрдам берди

ЙПХ ходими ёрдам бермагунча кўчада йиқилиб ётган одамга на атрофдагилар, на ҳайдовчилар эътибор беришмаган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида тутқаноғи тутиб катта кўча ёқасида йиқилиб ётган фуқарога ЙПХ ходими ёрдам берган. ИИВ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 13 феврал куни содир бўлган ва ҳолат атрофдаги кузатув камераларига тушиб қолган.

Фуқаролардан бири Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси бўйлаб кетаётганда бирдан тутқаноғи тутиб қолган ва йиқилиб тушган.

У кўчада ётар экан, ўша атрофда бўлган одам ва кўчадан машинада ўтаётган ҳайдовчилардан ҳеч ким унга ёрдам бермаган.

Шу пайт ЙПХ ходимлари ётган одамни кўриб қолиб тўхташган ва ходимлардан бири унга ёрдам берган.

Кейинчалик маълум бўлишича, ходим кичик сержант Жавоҳирбек Товашаров бўлган. У беморга дастлабки ёрдамни кўрсатгач, уни шифохонага олиб бормоқчи бўлган.

Бироқ ўзига келган бемор дориси тугаб қолгани учун тутқаноғи тутиб қолганини айтгач, унга керакли дориларни олиб бериб, манзилига етказиб қўйган.

Мавзуга оид