Жаҳон | 15:52 / 19.02.2024
6458
3 дақиқада ўқилади

Сенатор: Трамп иттифоқчиларини ўз ҳолига ташлаб қўймайди

Доналд Трамп яқинда Россиядан мудофаа учун кам сарфлайдиган НАТО иттифоқчиларини ҳимоя қилмаслигини айтди. Республикачи сенатор Вэнс иттифоқчиларни Қўшма Штатлар уларни ёлғиз ташлаб қўймаслигига ишонтирди.

Фото: Matthias Schrader/AP/picture alliance

Америкалик республикачи сенатор Жеймс Дэвид Вэнс НАТО иттифоқчиларига, агар Доналд Трамп АҚШ президенти этиб сайланса, улар ташқи агрессиядан ҳимояланишда АҚШга ишониши мумкинлигини билдирди. «Албатта, биз НАТОдаги иттифоқчиларимизни яхши кўрамиз. НАТОни қадрлаймиз ва бу бутун сиёсий спектрга тааллуқлидир, аммо Европа хавфсизлик масалаларида мустақилроқ бўлиши керак, бу Трампнинг мессежи эди», деди у Мюнхен хавфсизлик конференциясида журналистларга. 

Вэнс айниқса Германияни армияга кўпроқ сармоя киритишга чақирди. «Агар Германия ялпи ички маҳсулоти бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллаган бўлса-ю, Россия ҳатто биринчи ўнталикка кирмаган бўлса, Германия ишончли тийиб туришга қодир бўлиши керак эмасми?» — деди у. 

«Германия хавфсизлик масалаларида мустақил бўлиши керак» 

Аммо сенатор шундай қўшимча қилди: «Бу Германияни ёлғиз ташлаб қўйиш учун далил эмас. Бу бизнинг немис дўстларимиз учун бироз каттароқ рол ўйнаш учун рағбатдир, чунки Қўшма Штатлар кейинги ярим асрда бошқа нарсаларга эътибор қаратиши керак».

Dpa агентлигининг таъкидлашича, Жеймс Дэвид Вэнс Трампга айниқса яқин бўлган республикачи конгрессменлар қаторига киради. Доналд Трамп ўтган ҳафта мудофаага етарлича сармоя киритмаётган НАТО иттифоқчиларининг ҳимоясини шубҳа остига қўйди. Бу сўзлар Германия ва Европада ўзини қандай қилиб мустақил равишда ҳимоя қилиш, жумладан, ўзининг Европа ядро соябонини яратиш имконияти ҳақида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. 

Украина учун янги ёрдам пакети блокадаси

Вэнс - Мюнхен конференциясида қатнашаётган 30 дан ортиқ АҚШ конгрессменларидан бири. Форум иштирокчиларининг диққати ҳам уларга қаратилган, чунки Украинага 60 миллиард долларлик янги ёрдам пакети ҳозирда Конгрессда республикачилар томонидан блокланган. Демократлар кўпчиликка эга бўлган Сенат бу пакетни аллақачон маъқуллади, аммо республикачилар кўпчиликка эга бўлган Вакиллар палатасининг розилиги сўроқ остида. 

Вэнс пакетнинг Вакиллар палатасидан ўтиш имкониятини 50 га 50 деб баҳолади. У республикачилар сайловолди курашнинг бир қисми сифатида тактик сабабларга кўра Украинага ёрдам пакетини тўсиб қўйгани ҳақидаги айбловларни рад этди. «Республикачилар Украина пакетини Трампнинг сайловолди кампанияси туфайли тўсиб қўймаяпти. Республикачилар бу пакетга шубҳа билан қарайди, чунки бу мамлакатимиз манфаатларига тўғри келмайди, деб ҳисоблайди», деди сенатор. 

Мавзуга оид