Жамият | 21:31 / 20.02.2024
23351
4 дақиқада ўқилади

Фирибгарларнинг янги тузоғи: 3 кунда “права” тайёрлаб бериш схемаси

Интернетда фирибгарларнинг навбатдаги алдов хабари айланиб юрибди. Улар ҳайдовчилик гувоҳномаси 3-7 кун ичида тайёр бўлиши ва ҳамма ишлар “хамирдан қил суғургандай” осон бўлишига одамларни ишонтиряпти. Айримлар бу ёлғонга алданиб, пулларидан айрилган.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари авж олмоқда. Ушбу фирибгарлар турли усуллар ёрдамида одамларнинг ишончига кириб, улардан пул маблағларини ўмаришга ҳам улгуришган.

Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаролардан бирининг маълум қилишича, у январ ойининг охирида Facebook'да тезлаштирилган тарзда “права” олиб беришни ваъда қилган реклама эълонини кўриб қолади. Улар билан боғланади ва махсус каналга қўшилади. Кўзда тутилган тўловларни амалга оширганидан кейин эса канал админи у билан ёзишмаларни тўхтатади ва ғойиб бўлади.

“Бошида ўзим ҳам шубҳаландим. Аммо каналга жойлаштирилган видеоларни кўриб, ҳақиқатан ҳам 3 кун ичида гувоҳнома олиш мумкинлигига ишондим. Мендан расм, паспорт маълумотлари ва оқ қоғозга қўйилган имзоимни сўрашди. Улар гувоҳнома чиққанидан кейин тўлов қилишимни айтишди. Бир неча кундан кейин мен билан боғланишиб, “права” тайёр бўлганини айтишди ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг планшетида маълумотларим акс этган гувоҳноманинг видеосини юборишди. Агар 2-3 соат ичида тўлов қилмасам, гувоҳнома базадан ўчиб кетиши ва қайта олмоқчи бўлсам, муаммоларга дуч келишим мумкинлиги айтиб, қўрқитишди. Нима қилишни билмай, улар сўраган 4 млн сўмни юборилган пластик картага ўтказдим. Шундан сўнг, уй манзилимни сўрашди. Юбордим. Аммо кейин мен билан қайта боғланишмади ва саволларимга жавоб беришмади”, дейди мурожаатчи.

Унинг қўшимча қилишича, пулни Бекзод Ражаболиев номидаги Humo картага ўтказишни сўрашган. Asia Alliance Bank'дан очилган бу карта айни пайтда ҳам ишлаяпти.

Kun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “HAYDOVCHILIK GUVOHNOMASI” дея номланган ёпиқ каналга қўшилиб, жойланган маълумотларни ўрганиб чиқди. Канал ўтган йилнинг ноябр ойида яратилган ва айни пайтда 8 мингдан ортиқ обуначига эга.

Фирибгарлар жойлаштирган эълонда гувоҳнома 3-7 кун ичида тайёр бўлиши айтилади. Бунга улар ЙҲХББдаги алоқалари орқали эришиши мумкинлигини иддао қилган.

Улар потенциал “ўлжа”ларидан қуйидаги ҳужжатларни тўплаб, юборишларини сўрашади.

·       керакли тоифа;

·       паспорт ёки ID-картанинг олд ва орқа томонлари фотосурати;

·       оқ фондаги расм ва имзо;

·       доимий яшаш жойи ҳақида маълумот;

·       етказиб бериш тафсилотлари (телефон рақами, шаҳар, уй манзили).

Одамларни ишонтириш ва манипуляция қилиш мақсадида каналга бир неча “мижоз”ларнинг гувоҳнома олганини акс эттирувчи қатор видеолар ва расм ҳам жойланган.

Гувоҳнома ҳақиқий экани ва унинг базага киритилганига, паспорт учун топширилган бармоқ изидан нусха олиниб, унга қўшилишига алоҳида урғу берилган.

Канал админининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, янги ҳайдовчилик гувоҳномасининг нархи 4 млн сўмдан бошланади. Қўшимча тоифа қўшиш баҳоси 3,5 млн сўмдан бошланади.

Юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли ишлар амалга оширилиши ва айбдорлар топилиб, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига умид қиламиз.

Мавзуга оид