Жаҳон | 22:05 / 27.02.2024
11822
2 дақиқада ўқилади

Америкалик аёл тиббиёт коллежига 1 миллиард доллар хайрия қилди 

Бу маблағлар камида 5 минг талабанинг таълим харажатларини қоплаб беради. 

Америкалик 93 ёшли Рут Готтесман Ню-Йоркнинг Бронкс ҳудудидаги «Алберт Эйнштейн тиббиёт коллежи»га 1 миллиард доллар хайрия қилди. Маблағлар барча бўлажак талабаларнинг ўқиш харажатларини қоплаш учун сарфланади. Бу ҳақда The New York Times хабар берди. 

Таъкидланишича, бу АҚШ тарихидаги таълим муассасасига ва тиббиёт мактабига берилган энг катта хайрия маблағларидан биридир. 

Рут Готтесман ушбу коллежнинг собиқ профессор-ўқитувчиси ҳисобланади. У бойлигини марҳум эри Дэвиддан мерос сифатида олган. Унинг эри таниқли инвестор Уоррен Баффетнинг ҳамкори ва Berkshire Hathaway корпорациясининг дастлабки инвестори эди.  

Готтесман хайр-эҳсонининг диққатга сазовор қиладиган томони унинг миқдорида эмас, балки Ню-Йоркнинг энг қашшоқ тумани Бронксдаги тиббий муассасага берилишидир. Бронкс шаҳарнинг эрта ўлим даражаси юқори ва энг носоғлом тумани ҳисобланади. 

Готтесман сўзларига кўра, унинг хайр-эҳсони янги шифокорларга кўпинча 200 минг доллардан ошиб кетадиган қарзларсиз ўз фаолиятини бошлаш имконини беради. У, шунингдек, потенциал талабалар сафи тиббий мактабда ўқишга молиявий томондан қодир бўлмаган одамларни ҳам қамраб олишига умид қилмоқда. 

Мавзуга оид