Шаҳбоз Шариф Покистоннинг янги бош вазири этиб сайланди
Янги чақириқдаги парламент қуйи палатасининг 336 депутатидан 201 нафари унга овоз берган. Янги ҳукумат раҳбарининг қасамёди 4 март куни бўлиб ўтади.
Покистон мусулмон лигаси партияси раиси Шаҳбоз Шариф Покистоннинг янги бош вазири этиб сайланди. Миллий мажлисда (парламентнинг қуйи палатаси) ўтказилган овоз бериш жараёни PTV News телеканалида трансляция қилинди.
Шариф учун парламент қуйи палатаси янги чақириғидаги 336 нафар депутатдан 201 нафари овоз берган. Унинг ҳукумат раҳбарлиги учун курашдаги рақиби, «Адолат учун ҳаракат» партияси бош котиби, Миллий мажлиснинг янги чақириғига мустақил номзод сифатида кирган Умар Аюб Хон 92 овоз олди. Шариф энди 4 март куни қасамёд қилади.
Миллий мажлис йиғилиши Покистон мусулмон лигаси партияси вакили бўлган Сардор Аёз Содиқ спикерлигида ўтказилди, йиғилиш «Суннийлар ягона кенгаши» (Sunni Ittehad Council, SIC) депутатлари уюштирган норозилик акцияси туфайли бир соат кеч бошланди.
Шариф Покистан ҳукуматига 2022 йил апрелида 2023 йил августига қадар раҳбарлик қилганди. Ундан аввалги бош вазир, ўша вақтда «Адолат учун ҳаракат» партияси раҳбари бўлган Имрон Хон ишончсизлик вотуми билдирилиши натижасида лавозимдан кетказилганди.
Айни вақтда 72 ёшда бўлган Шариф аввалроқ Покистоннинг аҳолиси энг зич жойлашган Панжоб вилоятида вазир бўлиб ишлаган ва 2023 йил узоқ музокаралардан сўнг Халқаро валюта жамғармаси билан келишувга эришиб, молиявий инқирознинг олдини олишда муҳим рол ўйнаганди.
Мавзуга оид
17:10
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
00:15 / 22.12.2024
Покистонда Имрон Хоннинг 25 нафар тарафдорига ҳукм ўқилди
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
13:48 / 18.12.2024