Ҳаитидаги жиноий гуруҳлар ҳукуматга уруш очди
Қамоқхоналардан бири штурм қилинган ва 4000 га яқин маҳбус чиқариб юборилган.
Кариб денгизидаги Ҳаити орол давлати пойтахтидаги қамоқхоналардан бири жиноий гуруҳлар томонидан штурм қилинган ва қарийб 4000 нафар маҳбус озодликка чиқарилган.
Миллий қамоқхона шанбага ўтар кечаси штурм қилинган, бу мамлакат бош вазири Ҳаитига бандитизмга қарши курашишга халқаро контингент жойлаштириш бўйича келишувга эришиш мақсадида Кенияга учиб кетиши ортидан рўй берди, жиноий тўдалардан бирининг Барбекю лақабли етакчиси бош вазирга уруш эълон қилган.
Якшанба куни, қамоқхона штурм қилингани маълум бўлгач, у ерга халқаро агентликларнинг маҳаллий мухбирлари етиб боришган. AFP агентлиги мухбири қамоқхона дарвозаси очиқ тургани ва унинг атрофида ўндан ортиқ жасадлар ётганига гувоҳ бўлган. Reuters агентлиги ичкари ҳовлида ҳам уч маҳбус жасади ётгани ҳақида ёзган.
Ҳаити ҳукумати полициячилар худди шу вақтда Круа-де-Букедаги бошқа бир қамоқхонага қилинган ҳужумни ҳам қайтаришга ҳаракат қилгани ҳақида хабар берган. Иккинчи қамоқхонадан қанча одам қочиб кетгани хабар қилинмаган, биринчисида эса рўйхат бўйича 3800 киши сақланган ва Reuters маълумотига кўра, камераларда жами 99 нафар маҳбус қолган. Агентликнинг қамоқхона назоратчилари орасидаги манбаси хабар беришича, улар ўққа учмаслик учун хоналардан чиқмасликка қарор қилишган.
Ичкарида қолганлар орасида — 2021 йил июлида Ҳаитининг ўша вақтдаги президенти Жовенел Моизни ўлдиришда иштирок этишда айбланиб қамалган колумбиялик собиқ аскарлар ҳам бор.
Ўша қотилликдан кейин шусиз ҳам Америка қитъасининг энг қашшоқ мамлакати бўлган Ҳаитини анархия ва бандитизм тўлқинини қамраб олди. Жиноий гуруҳлар пойтахт Порт-о-Пренснинг 80 фоиз ҳудудини назорат қилади, 11 миллион киши яшайдиган ушбу мамлакатда ўтган йили қарийб 8,5 минг киши қотиллик қурбонига айланган.
Ўтган йили Кения ихтиёрий равишда маҳаллий жиноий тўдаларни бостириш учун халқаро қуролли контингентга раҳбарлик қилиб, бу ерга минг нафар полициячи юборганди. Яқинда Африканинг бошқа бир давлати Бенин ҳам икки минг аскар юборишни ваъда қилганди, АҚШ эса бу амалиётни молиялаштиришга тайёр.
Кения олий суди ижро ҳокимиятининг Ҳаити бўйича қарорини тўхтатиб қўйди ва ҳаитиликлар бош вазири Ариэл Анри ўтган ҳафтанинг пайшанба куни ушбу келишувни сақлаб қолиш мақсадида Найробига учганди.
Худди ўша куни жиноий гуруҳлардан бирининг раҳбари, собиқ полициячи, Барбекю лақабли Жимми Шеризе пойтахтдаги ва провинциялардаги барча гуруҳлар Анрини ҳокимиятдан ағдариш учун бирлашишини эълон қилганди.
«Мамлакатни ҳеч ким бошқармаяпти, етакчи йўқ, аҳоли эса оч қолмоқда, одамлар кўчага чиқишга қўрқади. Халқ чарчади ва бошқа тоқат қила олмайди», — деган Барбекю.
У қамоқхоналардан озод этилган маҳбуслар полиция бошлиқлари ва бош вазирни мамлакатга қайтиши биланоқ қўлга олишга аҳд қилишганини қўшимча қилган.
Шундан буён қамоқхоналар штурмига қадар бир неча отишмалар бўлиб ўтди, бу отишмаларда тўрт полициячи ҳалок бўлиб, беш нафари жароҳатланган, бандитлар аэропортга ҳам ҳужум қилишган, натижада кўплаб рейслар бекор қилинган, бир неча талаба қисқа муддатга гаровга олинган, улардан бири яраланган.
Мавзуга оид
16:14 / 16.12.2024
Коррупционерларнинг 80 фоизи қамалмаган, Андижон антирейтингда биринчи ўринда — миллий маъруза
09:29 / 09.12.2024
Ҳаитида қирғин: камида 110 киши ўлдирилди
16:48 / 17.11.2024
Италиялик тадбиркор ўғирлаб кетилишини уюштирган ўзбекистонлик қўлга олинди
22:22 / 16.11.2024