Жаҳон | 08:00 / 04.03.2024
10352
3 дақиқада ўқилади

Швейцария фуқаролари «ўн учинчи пенсия» учун овоз берди

Швейцарияликлар пенсионерларга қўшимча тўловлар учун овоз берди ва пенсия ёшини оширишни рад этди.

Фото: AFP

Швейцарияда 3 март, якшанба куни бўлиб ўтган умумхалқ референдуми натижаларига кўра, фуқароларнинг 58,2 фоизи пенсионерларга қўшимча тўлов – «ўн учинчи пенсия»ни қўллаб-қувватлаган. Овоз беришнинг расмий натижалари AFP томонидан эълон қилинди. 

Маҳаллий касаба уюшмалари ва сўл партиялар Швейцария ҳамда бошқа кўплаб Европа мамлакатларида ишчилар оладиган «ўн учинчи иш ҳақи»га ўхшаш қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Мамлакат бўйлаб овоз беришда иштирок этганлар 58 фоизни ташкил қилди. 

Швейцариядаги референдумларда овоз бериш ўзгаришларни нафақат бутун мамлакат бўйлаб кўпчилик овози, балки мамлакатдаги 26 кантоннинг кўпчилик овози билан қўллаб-қувватлашни талаб қилади, дейилади ОАВ хабарида. «Ўн учинчи пенсия» 26 кантондан 16 тасида қўллаб-қувватланди - Швейцарияда биринчи марта касаба уюшмалари тўғридан тўғри демократия орқали давлат харажатларини оширишни назарда тутувчи таклифни амалга оширишга муваффақ бўлди.

Республикада ўртача ойлик пенсия ҳозирда ёлғиз кишилар учун 2450 швейцар франки (тахминан 2470 евро), эр-хотинлар учун 3675 франк (тахминан 3854 евро)ни ташкил қилади. Шу билан бирга, Швейцария дунёдаги энг қиммат мамлакатлардан бири ҳисобланади. 

Швейцарияликлар пенсия ёшини оширишни қўллаб-қувватламади

Швейцария ҳукумати янги тўловларга қарши чиқди. Расмийларнинг фикрича, бу йилига 4 миллиард швейцар франкидан ортиқ қўшимча бюджет харажатларини талаб қилади ва ижтимоий тизим барқарорлигига таҳдид солиши мумкин. Ислоҳот тарафдорлари норозилик электоратини тўплашга муваффақ бўлди, дейди экспертлар. 

«Ўн учинчи пенсия» масаласи билан бир вақтда, Швейцарияда пенсия ёшини ошириш таклифи референдумга киритилди. Эркин демократик партия (FDP) ёшлар бўлими пенсия ёшини бир ёшга, яъни 65 дан 66 га кўтариш, сўнг уни умр кўриш давомийлиги билан боғлашни таклиф қилди. Фуқароларнинг 74,7 фоизи бу фикрга қарши овоз берди. 

Шуниси эътиборга лойиқки, Швейцарияда пенсия ёши бўйича аввалги референдум атиги бир ярим йил олдин бўлиб ўтган - 2022 йилнинг сентябрида мамлакат аёллар пенсия ёшини бир ёшга, яъни 64 дан 65 га оширишга овоз берган эди. Швейцариядаги эркаклар ҳам 65 ёшида нафақага чиқади. Таққослаш учун, Германияда пенсия ёши 2012 йилдан бошлаб босқичма-босқич ўсиб бормоқда ва 2031 йилга бориб 67 ёшга етади. 

Умуман олганда, Швейцарияда пенсия таъминоти ижтимоий тизимида ислоҳотлар кам амалга оширилади - «ўн учинчи пенсия» сўнгги ўн йилликлардаги биринчи бундай ислоҳот бўлди. Аммо бошқа иқтисодий соҳаларда швейцарияликлар ҳар доим ҳам «сўл» ғояларни қўллаб-қувватламайди - масалан, 2016 йилда фуқаролар асосий базавий даромадни жорий этиш ғоясидан воз кечди.

Мавзуга оид