Жамият | 15:58 / 06.03.2024
15159
7 дақиқада ўқилади

Инфратузилмаси ҳам, таълими ҳам сифатсиз мактаблар – МҲТИ таҳлилларини эълон қилди

Ўзбекистондаги мактабларда битта ўринга 1,2 нафар ўқувчи тўғри келади. Мактабларнинг деярли 16 фоизи капитал таъмирлашга муҳтож, 4,6 фоизи эса умуман яроқсиз ҳолатда. 70 фоизи канализация тизимига, 28,4 фоизи эса интернет тармоғига уланмаган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Таълим тизимидаги сифат самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари ўқув дарсликларининг сифати, ўқитувчилар билан таъминланганлик даражаси, уларнинг малакаси, мактаблар инфратузилмаси ва ота-оналарнинг фарзанди таълимидаги иштироки билан боғлиқ. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ёзмоқда. Институт омиллар кесимида ўз таҳлилларини эълон қилди.

Мактаблар инфратузилмаси

2022-2023 ўқув йилига келиб Ўзбекистондаги мактаблар сони 10 522 тага етган. Уларнинг 62,5 фоизи, яъни 6 571 таси қишлоқларда жойлашган. Ҳозирга келиб ўқувчилар сони 6 461 741 нафарни ташкил этади, уларнинг 0,71 фоизи хусусий мактабларда.

Маълумотларга кўра, ҳозирги мактаблар 5 283 916 нафар ўқувчи учун мўлжалланган, яъни битта ўринга 1,2 нафар ўқувчи тўғри келади. Бунинг оқибатида республикадаги умумтаълим мактабларининг 0,1 фоизи (13 та) учта сменада ва 73,1 фоизи (7 521 та) иккита сменада ишлайди. Иккинчи ва учинчи сменада ўқийдиган ўқувчилар сони 2,1 миллиондан ошиқ бўлиб, жами ўқувчиларнинг 33 фоизини ташкил этади.

Умумтаълим мактабларининг 35,8 фоизида ошхона ёки буфет, 5 фоизида кутубхона, 21 фоизида спорт зали йўқ. Мактабларнинг бор-йўғи 30 фоизи канализацияга эга, қолганида мавжуд эмас. Республикадаги 15,9 фоиз, 1 658 та таълим муассасаси капитал таъмирга муҳтож, уларнинг 63 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган.

Ўрганишларга кўра, Бухоро вилоятидан ташқари барча ҳудудларда таъмирлашга муҳтож мактаблар мавжуд. Бу мактабларнинг катта қисми Тошкент (219 та), Сурхондарё (209 та) ва Қашқадарё (204 та) вилоятларида жойлашган.

Мактабларнинг 4,3 фоизи, 451 таси авария ҳолатида, уларнинг ҳам катта қисми, яъни 60,7 фоизи қишлоқ жойларига тўғри келади. Компютерларнинг 71,6 фоизи интернет тармоғига уланган, 28,4 фоизи эса уланмаган, қишлоқ жойларда эса 69,4 фоизи уланган, 30,6 фоизида йўқ.    

Ўқитувчилар билан таъминланиш даражаси

МҲТИнинг ёзишича, 2022-2023 ўқув йилида ўқитувчилар сони ўриндошларсиз 521 минг нафардан ошган, ўқувчилар сони эса деярли 6,5 миллион нафарни ташкил этган. Институтга кўра, бундан келиб чиқилса, ҳар бир ўқитувчига 12,4 нафар ўқувчи тўғри келади.    

2018-2022 йиллар оралиғида давр бошига нисбатан республикада синфлар сони 10,5 фоизга ва ўқитувчилар сони 15,1 фоизга ўсган. Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда ўқитувчилар сонининг ўсиши синфлар сонидаги ўсишдан юқори бўлган. Бу эса ўз навбатида Тошкент шаҳридаги ўқитувчиларга юкламанинг ошишига олиб келади.

Қолаверса, таҳлилда педагог ходимларнинг бир ставкадаги иш юкламасидан келиб чиқиб, фанлар кесимида қандай ўқитувчилар етишмаётгани аниқланган. Унга кўра Ўзбекистонда чет тили, информатика ва ахборот технологиялари ҳамда технология фанлари ўқитувчиларининг дефицити бор.

Педагоглар малакаси

Статистикага кўра, бугунги кунда тизимдаги ўқитувчиларнинг 90,1 фоизи олий маълумотга эга. Уларнинг 89,2 фоизи олий педагогик маълумотли. Педагог ходимларнинг бор-йўғи 53,7 фоизи тоифага эга. Уларнинг орасида 19 фоизи олий, 36,1 фоизи биринчи, 44,9 фоизи иккинчи тоифали. 

PISA натижаларига кўра, Ўзбекистонда ўқувчиларнинг 25 фоизи дарсларда ўқитувчини тингламаганини билдирган. Бу ИҲТТ (OECD) давлатлари орасидаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 5 фоиз пунктига паст бўлишига қарамай, ўқитувчилар ўқувчиларни қизиқтира олмаётганидан далолат беради. Шунингдек, 2022 йилда 294,1 минг нафар ўқитувчини аттестациядан ўтказиш жараёнида уларнинг 7 фоизи, 20 300 нафари ўқитувчилик лавозимига лойиқ эмаслиги аниқланган.

Қайд этилишича, аттестациядан муваффақиятли ўтган ўқитувчилар сони кўп бўлиши тест натижаларига ижобий таъсир қилади, яъни сертификатларга эга бўлган ва аттестациядан муваффақиятли ўтган ўқитувчиларнинг ўқувчилари билим даражаси юқори бўлади. 2018-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистонда математика фанидан аттестациядан ўтган ўқитувчилар сони ўзгаришсиз қолган. PISAʼда иштирок этган ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг бор-йўғи 24,6 фоизи халқаро ва унга тенглаштирилган маҳаллий сертификатга эга. Ўзбекистон PISAʼда иштирок этган давлатлар орасида бу кўрсаткич бўйича охиргидан битта олдинги ўринни эгалламоқда. Бу эса ўз навбатида тест натижаларига салбий таъсир кўрсатган. 

Институтнинг юқоридаги солиштирувларини ҳисобга олсак, таҳлилнинг бу қисмида ўқитувчилар ҳар қанча олий маълумотли ёки малака тоифаларга эга бўлишмасин, уларнинг педагогик малакаси етарли даражада эмас.

Ота-оналарнинг фарзанд таълимидаги иштироки

PISA тадқиқотида иштирок этган ўзбекистонлик ота-оналарнинг 72 фоизи ҳар куни фарзандидан мактабда нималар қилганини сўраши маълум бўлган, қолган 28 фоизи эса аксини билдирган.

МҲТИ томонидан 2023 йилнинг апрел ойида ота-оналар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, ота-оналарнинг 21 фоизи фарзандининг ўқитувчиси билан ҳафтада бир маротаба суҳбатлашади, 16,1 фоизи умуман алоқа қилмайди. Уларнинг 7 фоизи фарзандининг таълими ва келажакдаги касби бўйича унга ёрдам кўрсатмаслигини ёки қандай ёрдам беришни билмаслигини, 0,5 фоиз ота-оналар фарзандининг таълим олиши билан умуман қизиқмаслигини билдирган.

Умумий хулоса

Олиб борилган таҳлил натижаларига кўра, умумтаълим тизимидаги сифатнинг пастлиги қуйидаги сабаблар билан асосланади:

  • умумтаълим тизимига сарфланаётган давлат бюджети харажатлари номутаносиб тақсимланган;
  • мактабларнинг деярли 16 фоизи капитал таъмирлашга муҳтож, 4,6 фоизи эса умуман яроқсиз ҳолатда;
  • мактаблардаги компютер синфларида компютерлар сони кам;
  • мактабларнинг 70 фоизи канализация тизимига уланмаган. Бу эса ўз навбатида санитария талабларига жавоб бермаслигини англатади, шунингдек, атмосферага чиқувчи зарарли моддалар ҳажмини ошириб, болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади;
  • мактабларнинг 28,4 фоизи интернет тармоғига уланмаган;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўқитувчилар юкламаси юқори;
  • республика мактабларида чет тили ўқитувчилари етишмаслиги кузатилмоқда;
  • технология ва информацион технологиялар фанларидан ҳам ўқитувчилар етишмайди;
  • ўқитувчилар орасида аттестациядан ўта олмаслик кўрсаткичлари юқори;
  • фанлар бўйича халқаро сертификатга эга ўқитувчилар сони кам;
  • ота-оналарнинг фарзандлар таълимидаги иштироки нисбатан суст.

Аниқланган муаммолардан келиб чиқиб, умумтаълим тизимидаги сифатни яхшилаш учун ҳар томонлама ёндашиш таклиф этилади. Биринчи навбатда мактабларни таъмирлаш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва ота-оналарни ўқув жараёнига жалб этишни қўллаб-қувватлаш зарур.

МҲТИ юқоридаги муаммолар юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини ҳам бериб ўтган. Унга кўра, таълим жараёни сифатига ижобий таъсир этувчи иккита таълим ислоҳоти кўриб чиқилган:

  1. Ўқувчиларнинг ўрганиш даражасига қараб ўқитиш тизими. Ушбу механизм ўқув дастурларини ўзлаштиришда қийналаётган ўқувчиларнинг тенгдошларига етиб олиши учун қўлланган.
  2. Технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларнинг билим даражасига қараб ўқитиш. Бунинг учун eMaktab сайтида ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолаб, унга мос равишда видеоматериалларни таклиф этадиган платформа яратиш кераклиги, видеодарсликларни яратишга республикадаги юқори малакали ўқитувчиларни жалб этиш лозимлиги айтилади.

Қўшимча қилинишича, бу материаллар Kundalik.uz сайтига юкланади. Бунда ўқувчилар дарснинг сўнгги 10 дақиқасида ўтилган мавзу бўйича машқларни планшет ёрдамида юқорида келтирилган платформа ёрдамида амалга оширади. Институтга кўра, бу машғулотлар PISA ва PIRLS имтиҳонлари учун зарур бўлган фанларга (ўқиш, математика, табиий фанлар) мўлжалланган.

Мавзуга оид