Бойсунда эркак аёлини ўлдириб, сойликка кўмиб юборди
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ўқитувчи эркак ўзининг 34 ёшли хотинини ўлдириб, сойликка кўмиб юборган. Қотилликда гумонланаётган шахс вилоят ҳокими ўринбосарининг укаси экани айтилмоқда.
Бойсун туманида 34 ёшли фуқаро Феруза Тошпўлатованинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.
Аёлнинг отаси Шапоат Раҳмоновнинг билдиришича, 1990 йилда туғилган қизи Феруза Тошпўлатова 2009 йилда Бойсун тумани Даштиғоз маҳалласида яшовчи Амиров Қаҳрамон Хуррамовичга турмушга чиққан. Эр-хотин 2024 йил январ ойигача бирга яшашган. Уларнинг 3 фарзанди бўлган.
2024 йил 6 феврал куни ўз отасининг уйида бўлган Феруза Тошпўлатовага турмуш ўртоғи Қаҳрамон Амиров қўнғироқ қилиб, у билан учрашмоқчи эканини айтган. Аёл уйдан чиқиб, турмуш ўртоғининг машинасига миниб кетган. Сўнгра унинг дараги бўлавермагач, 10 кунлар ўтиб, яқинлари ИИБга хабар берган. Аммо аёл ҳеч қаердан топилмаган.
1 март куни Феруза Тошпўлатованинг жасади ҳудуддаги жарликдан топилган.
“Қизимни жарликка ташлаб, устидан 2 машина тупроқ билан бостиришибди. Қизимнинг турмуш ўртоғи Амиров Қаҳрамон Хуррамовичнинг акаси Амиров Алишер Хуррамович Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлайди. Шу сабабдан гувоҳлар воқеа қандай бўлганини айтишга қўрқишмоқда”, деган Шапоат Раҳмонов.
Аёлнинг отаси марҳуманинг қайнотаси у билан қасдлашгани, бир неча марта унга ўлдириш билан таҳдид қилгани, қизининг ўлими бутун бошли оила томонидан уюштирилганини иддао қилган.
Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, эр-хотин ўртасида олдиндан оилавий низо бўлган, шу сабабли аёл маълум муддат Бандихон туманидаги Обикор маҳалласида акасининг уйида яшаб келган.
Бандихон туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ва тезкор қидирув тарбирлари давомида аниқланишича, Қаҳрамон Амиров Феруза Тошпўлатова билан ўзаро муносабатларни тиклаш мақсадида уни Бойсун тумани, Даштиғоз маҳалласидаги яшаш хонадонига олиб кетаётганда машина ичида тортишиб қолган, жанжал давомида ўзлари ҳаракатланиб кетишаётган Nexia машинасидаги отвёрка билан аёлининг кўкрак қафасига бир неча маротаба санчиб олган, сўнгра мурдани сойликка ташлаб, кўмиб юборган.
Туман прокуратураси ҳолат юзасидан 1 март куни Қаҳрамон Амировга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари ўринбосари лавозимида 2023 йилнинг октябр ойидан буён Амиров Алишер Хуррамович ишлаб келмоқда. У Амиров Қаҳрамон Хуррамович томонидан жиноят содир этилган туман – Бойсунда туғилган.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
16:51 / 16.12.2024