Ўзбекистон | 14:59 / 13.03.2024
11242
2 дақиқада ўқилади

Икки ҳудудда ер майдонларини сотмоқчи бўлган шахслар ушланди 

Ер майдонларини сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, фуқаро Г.Я. фуқаро А.Х.нинг ишончига кириб, гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Янгийўл туманидаги S. ва A.O. ширкати аъзоларига тегишли бўлган 112 сотих ер майдонини 227 400 АҚШ доллари эвазига унинг номига расмийлаштириб олиб беришини ваъда қилиб, ушбу пуллар ҳисобидан 30 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, Асака туманида фаолият юритувчи “О.Ё.” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ф.А. ва “С.П.” фермер хўжалиги раҳбари И.С. ўзаро тил бириктириб, “О.Ё.” фермер хўжалигига узоқ муддатга сотиш ҳуқуқисиз ажратилган 30 сотих ер майдонини фуқаролар О.В. ва Х.Т.га фирибгарлик йўли билан сотишга келишиб, гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари ёрдамида ер майдони ҳужжатларини расмийлаштириб беришларини айтиб, 30 000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Паркент туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, фуқаро М.М. қўшниси Б.У.нинг ишончига кириб, унга “Марказий” МФЙ ҳудудидаги 12 сотих ер майдонини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида расмийлаштириб олиб беришини ваъда қилиб, эвазига 31 млн сўм ва 3 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган. Текширув давомида М.М. томонидан 10 млн сўмнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид