Фан-техника | 18:51 / 13.03.2024
44632
5 дақиқада ўқилади

Samsung бир вақтнинг ўзида учта янги смартфонни чиқарди

Samsung компанияси ўртача нарх сегментидаги янги Galaxy A55 5G ва Galaxy A35 5G, шунингдек, M15 5G смартфонларини тақдим этди. 

Фото: Samsung

Жанубий Кореянинг Samsung компанияси ўртача нарха сегментидан жой оладиган учта янги смартфон тақдимотини ўтказди. 

Samsung Galaxy A55 5G 

Ушбу смартфон Samsung Galaxy А линиясининг ўз дизайнида пўлатдан ён рамка олган биринчи вакили бўлди. Олд ва орқа шиша панелли гаджетнинг қалинлиги 8,2 мм, оғирлиги эса 213 грамм. Смартфон IP67 стандартига мос келади, бу эса чангдан тўлиқ ҳимояланиш ва қурилмани сувга 1 метр чуқурликкача 30 дақиқадан кўп бўлмаган муддатга ботириш имкониятини назарда тутади. У 6,6 дюймли AMOLED экранга эга, FHD+, янгиланиш тезлиги 120 Гц, ёрқинлиги 1000 нитс. 

Ягона чипли саккиз ядроли Exynos 1480 процессори унумдорлик учун жавобгар бўлиб, энг талабчан замонавий ўйинларни ҳеч қандай муаммосиз ўйнаш имконини беради. Асосий версияда чип 8 Gb тезкор хотира билан ишлайди, аммо модел 12 Gb тезкор хотирали модификацияга ҳам эга. 128 Gb ва 256 Gb ички хотирага эга версиялар чиқарилади, уларнинг ҳажми microSD туфайли оширилиши мумкин. 

Асосий камера модули учта сенсордан иборат: оптик стабилизация ва автофокусга эга 50 мегапикселли асосий сенсор, 12 мегапикселли ултра кенг объектив ва беш мегапикселли макросенсор. 50 мегапикселли камера видеони 4К форматида ва сониясига 30 кадр тезликда электрон стабилизация билан ёзиб олиш имконини беради. 

Тизим 25 Вт тез зарядлашни қўллаб-қувватлайдиган 5000 мА•соат батарея билан ишлайди. Иккита SIM-карта, eSIM, шунингдек, NFC, Bluetooth 5.3, Wi-Fi 6 ва стереодинамиклар учун уялар мавжуд. 

Европада 8 Gb + 128 Gb конфигурациядаги янги Samsung Galaxy A55 5G 479 евро (жорий курс бўйича 6,6 млн сўм), 8 Gb + 256 Gb версияси эса 529 евро (7,3 млн сўм) туради. 12 Gb оператив хотирага эга версиянинг нархи кейинроқ маълум қилинади. 

Samsung Galaxy A35 5G 

Samsung Galaxy A35 5G Galaxy A55 5G смартфонининг бироз соддалаштирилган версиясидир. У металл рамканинг йўқлиги, шунингдек, «тугма ороли» деб номланувчи қувват ва овоз баландлиги тугмачалари соҳасида ён томонда махсус баландлик билан ажралиб туради. 

Гаджет ҳам 6,6 дюймли AMOLED дисплейга эга бўлди, FHD+, 120 Гц янгиланиш тезлиги, 1000 нитс энг юқори ёрқинлиги ва дисплейдаги бармоқ изи сканери билан жиҳозланган. Қурилмани намлик ва чангдан ҳимоя қилиш даражаси IP67 стандартига мос келади. 

Асосий камера оптик стабилизацияга эга 50 мегапикселли сенсор бўлиб, у 8 мегапикселли ултра кенг бурчакли сенсор ва беш мегапикселли макрокамера билан биргаликда ишлайди. Селфи ва видеоқўнғироқлар учун 13 MP олд сенсор мавжуд. 

Ускуна Galaxy А54 моделига ўрнатилган Exynos 1380 чипсети билан таъминланган. 6 ва 8 Gb оператив хотирага эга версиялар мавжуд, ички хотира ҳажми эса 128 дан 256 Gb гача ўзгариб туради. Қувват 25 Вт қувватга эга 5000 мА•соат батарея билан таъминланади. Европада 6 Gb + 128 Gb версияси 379 евро (5,2 млн сўм), 8 Gb + 256 Gb модификацияси эса 449 евро (6,2 млн сўм) туради. 

Samsung Galaxy M15 5G 

Бундан ташқари, Samsung компанияси нисбатан арзон қийматли Galaxy M15 5G смартфонини тақдим этди, унинг асосий бозори Яқин Шарқ бўлади. Гаджет 6,5 дюймли Super AMOLED дисплейга эга бўлди, FHD+, кадрлар частотаси 90 Гц ва максимал ёрқинлиги 800 нитс. 

Процессор ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ. 4 Gb тезкор ва 128 Gb ички хотирага эга битта версия чиқарилади, унинг ҳажмини microSD слоти ёрдамида 1 ТБ га ошириш мумкин. 

Асосий камера 50 MP бўлиб, у 5 мегапикселли ултра кенг бурчакли объектив ва макросуратга олиш учун 2 MP камера билан ишлайди. Олд томонда 13 MP сенсор ўрнатилган. 

Смартфон 25 Вт тезкор зарядлаш тизимини қўллаб-қувватлайдиган юқори сиғимли (6000 мА•соат) аккумулятор билан таъминланган. Ён томонга ўрнатилган бармоқ излари сканери, шунингдек, симли эшитиш воситасини улаш учун 3,5 мм уя мавжуд. Янги Samsung Galaxy M15 5G нархи ҳали эълон қилинмади.

Мавзуга оид