Президент Яккасарой туманидаги маҳалла аҳолиси билан гаплашди
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Дилбулоқ маҳалласига бу йилги Наврўз янада кўтаринкилик билан келди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий маҳалла идораси қурилди. Кўп қаватли уйлар йўлаги ва ички кўчалар, ертўлалар таъмирланди. Анҳор бўйи тартибга келтирилиб, обод сайилгоҳга айлантирилди. Ишкомлар, ниҳоллар, пиёдалар йўлаклари маҳаллага кўрк бағишлади.
Ўтган йили кузда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 4 минг туп дарахт ва бута кўчати ўтқазилган эди. Шу кунларда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларга райҳон, намозшомгул каби гуллар экилди.
Дилбулоқ маҳалласида 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уч юзга яқин савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда. Мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, ихтисослаштирилган спорт мактаби, педагогика институти филиали фаолият юритмоқда.
“Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудга 360 та видеокузатув мосламалари ўрнатилган, улар маҳалла профилактика инспектори хизмат хонасига уланган.
Ўтган йили 112 киши ишга жойлаштирилиб, 181 нафари ўзини-ўзи банд қилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 23 та лойиҳага кредит ва ўнга яқин фуқарога субсидия ажратилган. Хусусан, бу ерда тикувчилик цехи, гўзаллик салони, полиграфия ва компьютер хизматлари, кутубхона, озиқ-овқат ва қандолат дўконлари ташкил этилган.
Давлат раҳбари ушбу мажмуаларни кўздан кечирди, маҳалла аҳли билан самимий суҳбатлашди.
- Аввало, сизларни улуғ айём кунлари билан, келаётган Наврўз билан табриклайман. Маҳаллангиздаги ободликни, иш жойларини, байрам нафасини кўриб, хурсанд бўлдим. Нима учун ҳудудларда кўп юраман? Чунки мен одамларга ишонаман. Ҳамма маҳаллаларни шундай ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз керак. Мамлакатимизда 9 минг 450 та, Тошкентда 585 та маҳалла бор. Ҳозир уларга иқтисодий комплекс ташкилотларини бириктирадиган тизим қиляпмиз. Мақсадимиз - ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсонга етиб бориш. Халқнинг розилиги, дуоларига муносиб бўлиш ҳаммамизга насиб этсин, - деди президент.
Шу борадаги манзилли чора-тадбирлар “маҳалла еттилиги” ва мутасаддилар билан мулоқотда муҳокама қилинди.
- Хабарингиз бор, иқтисодий комплекс ташкилотларини маҳаллаларга бириктиряпмиз. Бунда банкларнинг ҳам ўрни бор. Улар орқали туманлардаги корхоналарга қўшимча шароит яратиб, енгил кредитлар бериб, яна иш ўринлари очишини қўллаб-қувватлаш керак. Энди маҳаллалар ҳам замонга муносиб, ҳаракатчан бўлиши лозим. Умуман, ишлайман деган одамга шароит яратиб беришимиз шарт, - деди давлат раҳбари.
Мутасаддилар иқтисодий комплекс фаолиятини маҳаллаларда ташкил этиш, шаҳар шароитида одамларни иш билан таъминлаш вазифалари тўғрисида ахборот берди.
Мавзуга оид
16:39 / 18.12.2024
«Яшаш ва севги санъатини ўрганса бўлади» — ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова уйидан фоторепортаж
12:30 / 15.10.2024
Яккасарой туманидаги айрим кўчаларда транспорт ҳаракати қисман чекланади
16:51 / 02.10.2024
Тошкентда хонадонида гиёҳванд моддалар ва кучли таъсир қилувчи дорилар сақлаб келаётган шахс ушланди
00:03 / 15.09.2024