Ўзбекистон | 12:41 / 20.03.2024
13481
2 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» раисига икки ўринбосар тайинланди

Даврон Ҳидоятов бошқарув раисининг инновация ва инвестициялар бўйича ўринбосари, Александр Сахапов сотувни ривожлантириш ва маркетинг бўйича ўринбосари лавозимини эгаллади.

15 март куни «Ўзавтосаноат» компаниясида бошқарув раисининг икки янги ўринбосари тайинланди.

Александр Александрович Сахапов – «Ўзавтосаноат» АЖ Бошқарув раисининг сотувни ривожлантириш ва маркетинг бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Александр Сахапов

У бу лавозимда 2020 йил январидан буён ишлаб келган Сардор Тожиевнинг ўрнини эгаллаган.

Александр Сахапов 1982 йилда туғилган, Тошкент автомобил йўллари институтини битирган. 2003 йилдан буён «Ўзавтосаноат» ва UzAuto Motors компанияларида турли лавозимларда ишлаган. Тайинловга қадар UzAuto Motors компаниясининг савдо ва автосервис бўйича бошқарувчи директори эди.

Бундан ташқари, олти йил давомида у бош эксперт сифатида автомобилсозлик саноати масалалари билан шуғулланган, кейинроқ Вазирлар Маҳкамасининг Машинасозликни, электротехника ва авиацияни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти машинасозлик сектори мудири лавозимида фаолият кўрсатган.

Даврон Абдулпаттаҳович Ҳидоятов – «Ўзавтосаноат» АЖ Бошқарув раисининг инновация ва инвестициялар бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлаган.

Даврон Ҳидоятов

Даврон Ҳидоятов 1976 йилда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистон банк-молия академиясини тамомлаган.

Турли йилларда банк соҳасидаги турли лавозимларда ишлаган, 2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan ҚК бош директори лавозимларида фаолият кўрсатган.

Кейинроқ қўмита раиси, Чилонзор туман ҳокими, Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари, Тошкент вилоят ҳокими лавозимларида ишлаган, 2021 йил ноябридан буён Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокими эди.

Мавзуга оид